Имло ва алифбо: миллат келажагига дахлдор масала
Республика таълим маркази томонидан Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Анжуманда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш, таълим тизимининг барча бўғинларида давлат тилини ўқитиш самарадорлигини ошириш ҳамда инновацион ёндашувларни таълим жараёнига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
— Имломизнинг энг катта камчилиги ягона принципнинг йўқлиги. Бусиз ўзбек тилини ўқитиш ва ўргатишдаги мураккабликларни бартараф этиб бўлмайди. Масалан, кирилл алифбосидаги “режиссёр” сўзини лотин имлосига “rejissor” тарзида қабул қилганмиз. Аммо “октябрь” сўзи “oktabr” каби ёзилиши меъёрлаштирилган. Бундай номутаносибликларни бартараф этиш тилшуносларнинг вазифаси. Агар асосий камчиликларимизни бартараф эта олсак ҳам, тилимиз анча тозаланган бўларди, — дейди Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов.
Шунингдек, анжуманда имло ва алифбони ислоҳ қилиш, ўзбек тилини ўқитишда юзага келадиган муаммолар ҳақида ҳам фикрлашилди. Республика таълим маркази директори ўринбосари Меҳринисо Пардаеванинг сўзларига кўра, бу масала зудлик билан ҳал этилмаса, 2021 йилда Ўзбекистон қатнашиши режалаштирилган PISA, TIMSS, PIRLS каби халқаро баҳолаш дастурларида ўқувчиларимиз яхши натижа қайд этолмаслиги мумкин.
— PIRLS дастури юқори бошлан¬ғич синф ўқувчилари орасида матнни ўқиш ва тушуниш сифатини ўрганади, — дейди Меҳринисо Пардаева. — Биз шу йил имло ва алифбога ўзгартиш киритиш ҳақида бир тўхтамга келсак, кейинги йил 1-синф ўқувчилари янги ўзгаришлар асосидаги дарсликларни ўқиши керак. Улар уч йилдан кейин PIRLS дастурида янгиланган имло ва алифбони ўқиб, натижага эриша олишини таъминлаш айни кундаги долзарб масала.
Суҳроб ЗИЁДОВ,
“Ma’rifat” мухбири