«Ma’rifat»нинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутаман»
Биз педагоглар учун «Ma’rifat» газетасининг ўрни алоҳида. Ундан ҳар бир муаллим ўзига керакли тавсия, методик ёрдам олади. Ўқитувчи изланмаса, ҳамкасби билан ўзаро тажриба алмашмаса, мақсадига етиши қийин. Шу боис унинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутаман. Газета — энг яқин маслакдошим, тўғри йўналиш берувчи ҳамкорим. Мен ҳам газета тахламини узоқ йиллардан буён йиғиб келаман. Бу одат, айниқса, юртимизнинг чекка ҳудудларида фаолият юритадиган ўқитувчилар учун жуда керак ва фойдали, деб ўйлайман.
Ушбу газетада ҳар чоракда эълон қилиб бориладиган «Фаслнинг энг яхши ижодкори» ҳамда «Энг «Ma’rifat»парвар муштарий» танловида таълимга доир долзарб мақолаларим билан ғолиб бўлиб, таҳририят томонидан фахрий ёрлиқ ва пул мукофоти билан тақдирланганман. Шунингдек, «Энг «Ma’rifat»парвар муштарий" танлови ғолибларининг (ҳар чоракда беш нафар ўқитувчи) нашрга бир йиллик бепул обуна қилиниши ажойиб имкониятдир.
Маълумот ўрнида келтириш жоизки, таҳририятнинг «Фаслнинг энг яхши ижодкори» танловида 15 номинация бўйича ғолиблар аниқланади. Шундан «Оригинал бир соатлик дарс», «Педагог-муаллифнинг долзарб материали», «Таълим-тарбияга оид амалий таклиф», «Самарали методик материал» сингари номинациялар айнан ўқитувчиларга йўналтирилган, уларни соғлом рақобатга чорлайди. «Энг «Ma’rifat»парвар муштарий» танлови шартлари ҳам у қадар мушкул эмас. Унда қатнашиш учун «Ma’rifat» газетасини мунтазам ўқиб бориш ҳамда газетада «Ўқидингизми? Сизнинг фикрингиз қандай?», «Ўқидингизми? Сизга қандай ёрдам берди», «Синаб кўрдингизми? Натижаси қандай?», «Ўқидингизми? Сизда ҳам таклиф борми?» каби саволлар қўйилган материалларга ҳозиржавоблик билан муносабат билдириш кифоя. Газетхонлар томонидан йўлланган жўяли фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар нашрнинг «Gazeta va gazetxon» рукнида ёритиб борилади.
Ғайратжон ҚОРАБЕКОВ, Булунғур туманидаги 11-мактабнинг технология фани ўқитувчиси