Маънавий озуқа — тирикчилик ташвишидан устун
Бу йил халқ таълими тизими учун кутилган ва кутилмаган янгиликларга бой бўляпти. Президентимизнинг яқин уч-тўрт ой ичида соҳани тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришга оид бир фармон, икки қарорининг қабул қилиниши биз, педагогларни кўпдан буён ўйлантираётган муаммоларнинг ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этяпти. Жумладан, текширувларнинг тартибга солингани, турли-туман жамоат ишларига жалб этиш ҳолатларининг тобора камаяётгани, беҳуда тадбирбозликлар, кераксиз нашрларга мажбурий обуна... Бу муаммолар шу қадар чигал томир отиб кетган эдики, баъзан ўқитувчи бўлганига пушаймон бўларди киши. Бироқ умид билан қараб турган қоракўзлар ҳаққи-ҳурмати, тишни тишга босиб чидамоққа мажбур эдик.
Дарвоқе, обуна...
Халқ таълими вазирлиги томонидан бу масалага жиддий эътибор қаратилгани, мажбурий обуна ташаббускорларига қатъий чоралар кўрилаётгани бежиз эмас. Илгари ўқитувчилардан обуна учун йиғилган маблағнинг катта қисми ҳар хил енгил-елпи, мазмунан саёз газета-журналлар ёки ҳокимлик ва бошқа идораларнинг тармоқ нашрларига йўналтирилгани ҳақида кўп эшитардик. Педагог учун зарур бўлган таълим нашрлари эса дарёдан томчи бўлиб, бир мактабга зўрға битта-иккитадан тўғри келар, марра кутубхонадан биринчи олганники эди. Ўқитувчи бир томондан, пулига ичи куйса, иккинчи томондан, пули кетганига яраша педагогик фаолиятида асқотадиган таълим нашрига обуна қилинмаганидан қаттиқ ранжирди.
Ҳар йили синовли ўтадиган обуна мавсуми шиддати бу йил деярли сезилмаяпти. “Обуна учун ойлигимиздан фалон сўм ушлаб қолинди, сизларда-чи?” дея қўнғироқ қилиб ҳол сўрайдиганларнинг ҳам ёдидан чиқиб кетдик. Ҳатто айрим ҳамкасбларимиз “Ҳеч ким келиб сўрамаса, текширмаса, обуна нима керак?!” дейиш даражасида эркин бўлди. Яқинда қайсидир туман халқ таълими бўлими мудирининг мажбурий обуна туфайли ишдан олиниши енг ичида билдирмай обуна қилиш мумкин деганларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилди. Бир сўз билан айтганда, ўқитувчилар ўзи истамаган нашрга ҳам вақтини, ҳам нақдини йўқотишдан қутулди. Ўқитувчи ўз ҳамёнига ўзи хўжайинлик қиляпти. Бироқ масаланинг маънавий томони ҳам борки, унутмасак, фойдадан холи бўлмайди.
Ҳар йили ўзим истаган тўртта нашрга обуна бўламан. Булар: “Ma’rifat”, “Oila davrasida”, “Kitob dunyosi” газеталари, “Til va adabiyot ta’limi” журнали. Ҳар гал бир даста газета-журнал билан келаётганимни кўрган ҳамкасбларим “Бунча газетани нима қиласиз? Унинг пулига уйингизга бозор-ўчар қилсангиз бўлмайдими?” деб сўрайди. “Тўғри, — дейман, — бозорлик қилсам ҳам бўлади. Оила аъзоларимнинг қорни тўяди. Лекин ўзимнинг, фарзандларимнинг маънавий эҳтиёжи-чи? Унинг ўрнини нима билан тўлдираман?!”. Табиийки, сукутдан бошқа жавоб бўлмайди.
Хўш, мен бу нашрлардан нима оламан?
Бу нашрларни оилавий ўқиб чиқамиз. Ҳамма ўзига тегишли саҳифаларни бир варақлаб чиқади. Долзарброқ мавзу учраса, оилавий ўтириб муҳокама қиламиз. Шукрки, газетхон касбдошларим етарли. Ўқитувчилар хонасида кечадиган вақтимиз кўпинча ўқувчи тарбияси хусусидаги бирор мақола муҳокамаси билан ўтади. Таълим нашрларида ўқиб-ўрганганларимдан ижодий фойдаланиб, дарсларни ноанъанавий ва болаларга қизиқарли қилиб ўтаман. Газетада ёритилган мақолалардан илҳомланиб, ўзимни ўйлантирган, таълим-тарбия соҳасига оид долзарб масалалар хусусида қоғоз қоралайман. Ёзганларим газета саҳифаларида чоп этилади.
Гавжум сайтлардан бирининг мухбири “Интернет сайтлари омма учун керакли ҳамма ахборотни бера оляпти. Энди газета-журналнинг кераги йўқ” қабилида мақола ёзибди. Бу, албатта, унинг шахсий фикри. Бироқ жамоатчиликнинг ҳам ўз фикри бор. Масалан, ўша журналистга қараб шундай деган бўлардим:
“Нима деб ўйлайсиз, ҳамма сайтлар ҳам материалларни газета даражасида саводли узата оляптими? Тўғри, тараққиёт шиддат билан одимлаяпти. Бироқ электр токи кунига икки маҳал икки соатдан узатиладиган қишлоқлар аҳли қайси интернет-кафеда ўтириб, сайтингиз материаллари билан танишади?”.
Шу пайтгача бирор қишлоқда интернет-кафе борлигини эшитмадик. Шундай бўлгач, ҳамма хонадонларда компьютер, ноутбук, планшет каби замонавий ускуналар борлиги ҳам даргумон. Тағинам аҳолининг янгиликка ўч қатлами асосан ўрта ёшли ва ундан катта кишилар бўлиб, интернет ҳақида болалари айтган уч-тўрт оғиз маълумотдан ортиғига эга эмас. Яна бир муаммо бор: интернетдан фойдаланиш маданияти борасида жуда зўрмиз, деб мақтана олмаймиз. Бинобарин, кундалик ахборотни излаган одамнинг турли бўлмағур сайтларга кириб, тўғри йўлдан адашмаслик эҳтимоли кам. Ҳозир интернет фойдаланувчилари орасида “фейк” тушунчаси кенг тарқалган. Бу турли миш-мишларга асосланган, одамларда таҳлика уйғотувчи, нотўғри ахборотни англатади. Бундай ахборотлар интернетда сероб. Улардан қутулиш учун Хитой ҳукумати Piyao (мишмишларни рад этувчи) сервисини ишга туширди. Янги платформанинг вазифаси — мишмиш ва фейк¬ларга қарши курашдир. Газетада эса бундай муаммо йўқ. Барча маълумотлар ҳар томонлама таҳлил этилиб, маънавий, тарбиявий таъсири ўрганилиб, кейин чоп этилади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қишлоқ жойларда ишлайдиган ўқитувчиларни зарур ахборот билан таъминлаш учун мактаб кутубхоналарига 10 тагача номдаги газета-журналлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан етказиб берилади. Бу маблағлар туман халқ таълими бўлимларига ажратилиши муносабати билан Халқ таълими вазирлиги томонидан туман ХТБларига керакли нашрлар рўйхати тавсия этилган. Уларнинг барчаси вазирлик муассислигидаги, педагоглар учун қўлланма даражасидаги керакли нашрлар. Мазкур нашрлар орқали вазирлик таълим соҳасига оид давлат сиёсатини тарғиб этади, қолаверса, газета-журналларни ташкил этиш даврида зиммасига олган муассислик мажбуриятларини бажаради.
Биз ҳам тараққий этган давлатлар аҳолиси сингари ўзимиз севган газета-журналларнинг онлайн нашрини интернет орқали юклаб олиб, хоҳлаган вақтда планшетда мириқиб мутолаа қилиб юришни истаймиз. Қачондир ўша дориломон кунларга ҳам етиб борамиз. Бироқ унгача маърифат ҳиди уфуриб турган газета-журналларни ўқиб турмасак, изланишдан тўхтаймиз. Таълимдаги янгиликлардан, инновациялардан, илғор ҳамкасбларимиз тажрибасидан, илмий тадқиқотлар натижасидан бехабар қолишимиз муқаррар.
Дилбар НОРМУРОДОВА, Термиз шаҳридаги 11-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби