«Энди оилам бюджетига ҳисса қўша оламан»
Умида Қаюмова 20 йилдан буён Сергели туманидаги 104-мактаб психологи сифатида фаолият юритиб келмоқда. Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори унинг ҳам ҳаёти ва касбий фаолиятига ижобий ўзгаришлар олиб кирди. Қарорга кўра, мактаб психологларининг базавий тариф ставкаси 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилиши белгиланди. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошди.
— Ўтган йилларда ўқувчи сони қанча бўлишидан қатъи назар, мактабда битта психолог фаолият юритарди, — дейди Умида Қаюмова. — 2500 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мактабимизда психолог ишини бир ўзим бажарардим. Иш кўплиги, ортиқча қоғозбозликлар туфайли зиммамдаги юк оғир эди. Маош эса оз. Бир штат бирлиги учун 580 минг сўм олардим. Президентимизнинг халқ таълими ходимларини қўллаб-қувватлаш, таълим тизимини ислоҳ этишга қаратилган қарори зиммамиздаги юкни енгиллаштирди. Хусусан, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса 3 штат бирлиги этиб белгиланди. Натижада бу ўқув йилидан яна бир штат бирлигида психолог мутахассис ишга олинди. Илгари ҳар бир бола билан алоҳида шуғулланишга, ўз устимда ишлашга вақт тополмай қийналардим. Ҳозир эса икки мутахассис ишларни тақсимлаб олганмиз.
Ўз ишини севган, болаларга меҳр қўйган бу аёлнинг оилавий ҳаёти билан ҳам яқиндан танишдик. Турмуш ўртоғи ҳам ёш авлод таълим-тарбияси билан машғул бўлиб, Тошкент кимё-технология институтида сабоқ беради. Уч нафар фарзанди бор.
— Икки фарзандим олий ўқув юртида контракт тўлови асосида таҳсил олади, — дейди Умида опа. — Катта ўғлим Тошкент кимё-технология институтининг 3-курс талабаси. Қизим бу йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирди. Маошим озлиги учун оилавий харажатларнинг катта қисми турмуш ўртоғимнинг зиммасига тушарди. Болаларимизнинг ўқишга, илм олишга иштиёқи баланд. Қизимиз ҳам талаба бўлганида жуда севиндик, лекин контракт пулини тўлашга қийналиб қолмасмиканмиз, деган ҳадик бор эди. Маошимиз кўтарилгани бизга анча ёрдам бўлди. Энди оилам, фарзандларим эҳтиёжларини таъминлашга мен ҳам имкон қадар ҳисса қўша оламан.
Инсон меҳнатига яраша ҳақ олар экан, унда ўзига ишонч, жамиятга дахлдорлик ҳисси ҳам ортиб бораверади. Педагог бундай иштиёқни ўз устида ишлаб, келажак авлод камолоти йўлида сарфлашга йўналтирди. Умида Қаюмованинг кейинги режалари сўзимиз исботидир. У 1997 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг аспирантурасини тугатган, лекин оилавий шароити туфайли илмий ишини якунига етказолмаганидан доим кемтиклик сезарди. Маошнинг ошгани, мактаб психологининг иши тартибга солингани қаҳрамонимизнинг қалбида яқин йилларда охирига етмаган илмий ишини давом эттириш истагини уйғотди.
Зилола МАДАТОВА