Мўйноқлик ёшларга давлат гранти асосида квота ажратилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида шу йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи юртдошларимиз ҳаётида янги саҳифа очди. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари Мўйноқ туманида ҳам бўлиб, маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди. Фикр-мулоҳаза ва таклифларимизни эътибор билан тинглаб, қўллаб-қувватлади. Бизни ўйлантириб келаётган кўплаб масалалар ечими бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Айтиш жоизки, туманимиз Орол фожиасидан энг кўп жабр кўрган ҳудудлардан. Шу боис, сўнгги икки йил мобайнида туман инфратузилмасини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида Инвестиция, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилди. Биргина тиббиёт йўналишида бажарилган ишлар самараси туфайли илгари сув таъминоти ва канализация тармоғи абгор ҳолатга келган 120 ўринли марказий шифохонамиз таъмири учун 614 миллион сўм маблағ ажратилди.
“Обод маҳалла” дастури доирасида Учсой овул фуқаролар йиғинига қарашли Учсой қишлоқ врачлик пунк¬тида 636 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди. Узлуксиз тиббий хизматни таъминлаш мақсадида қишлоқ врачлик пунк¬ти шифокори учун тураржой биноси қуриб берилди. Мазкур мақсад учун 32-, 33-қишлоқ оилавий поликлиникалари ва Қозоқдарё қишлоқ врачлик пунктига 220 миллион сўмдан маблағ ажратилди. Тез тиббий ёрдам хизматига иккита “Damas”, битта “Hyundai” русумли тез ёрдам машинаси берилди. Соҳани тубдан ислоҳ этишга қаратилган кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши натижасида аҳоли саломатлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг шу йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бош¬қариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши оширилди.
Давлатимиз раҳбари билан учрашув асносида мана шундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдик. Шу билан бирга, туманимизни малакали тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар билан таъминлаш борасида ёрдам сўрадик. Туманимизда ишлаётган тиббиёт ходимларининг тўртдан бир қисми пенсия ёшидагилардан иборат, яна салмоқли қисми бошқа туманлардан қатнаб ишлайди. Шундай бўлса-да, тиббиёт муассасаларида яна 13 иш бирлигига тенг бўш ўрин бор. Ўқитувчилар орасида ҳам худди шундай ҳолат. Сўзимизни тинглагач, давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида Мўйноқ тумани ёшлари учун давлат гранти асосида 25 та тиббиёт, 25 та педагогика йўналиши бўйича квота ажратишга кўрсатма берди. Бу туманимиз ривожланиши учун сув ва ҳаводек зарур бўлган икки муҳим соҳани малакали ёш мутахассислар билан таъминлаш борасидаги муҳим қадам бўлди. Бунинг натижасида келгусида туман аҳли малакали тиббиёт ва таълим хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Кадрлар тақчиллиги сезилмайди. Бошқа туманларда яшовчи шифокор ва ўқитувчиларнинг йўл ташвишидан озор чекишига барҳам берилади.
Президентимизнинг ташрифи доирасида бошқа туманлардан қатнаб ишлайдиган тиббиёт мутахассисларини тураржой билан таъминлаш, марказий шифохона ва сил касалликлари шифохонасига биттадан автоулов ажратиш тўғрисидаги илтимосимиз ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Юртимизда Мўйноқ каби муаммолари ижобий ҳал этилиб, аҳолиси рози бўлаётган, эртанги кунга ва давлатга ишончи кун сайин мустаҳкамланаётган туманлар битта эмас. Энг муҳими, бу ислоҳот ва янгиланишлар униб-ўсаётган фарзандларимиз кўз ўнгида рўй бермоқда ва улар шуурида қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлиш ҳиссини кучайтирмоқда.
Жамила ДАВЛЕТОВА,
Мўйноқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, халқ депутатлари туман кенгаши депутати