Тадбирлар самара беряптими?
Тошкент шаҳридаги 319-умумтаълим мактабида “Умумий ўрта таълим мактабларида маънавий-маърифий тадбирларни ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш омиллари” мавзусида республика ўқув-семинари ташкил этилди.
Семинарда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари, ҳудудий халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирларининг маънавий-ахлоқий тарбия ишлари бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Семинарда сўзга чиққан Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев таълим муассасаларида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш, ўқувчининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.
Таълим муассасалари ижтимоий-маънавий муҳитига нималар салбий таъсир кўрсатмоқда? Уларнинг олдини олишга йўналтирилган қандай тадбирларни амалга ошириш керак? Бу жараёнда қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ?
Семинар иштирокчилари ана шу саволларга жавоб излаб, ўз фаолиятини янгилайдиган билим ва малакага эга бўлдилар. Жиззах вилояти Янгиобод туман халқ таълими бўлими услубчиси Элёр Мухторов ўз ҳудудида маънавий-маърифий ишларнинг қай тарз¬да йўлга қўйилгани хусусида шундай дейди:
— Туманимизда 17 та умумтаълим мактаби мавжуд. Таълим муассасалари билан маънавий-маърифий ишларни намунали йўлга қўйишда ўзига хос қийинчиликлар учрайди. Шунинг учун ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, ота-оналар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Кейинги пайтларда ички ишлар идораларида рўйхатга олинган ҳуқуқбузар ўсмирлар учрамаётганлигининг бош омили шунда бўлса керак. Семинарда ота-она назоратисиз қолган ўсмирлар билан ишлаш механизмларидан бохабар бўлдик. Агар буни амалиётда қўлласак, шубҳасиз, вояга етмаганлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар сони кескин камаяди.
Семинар қатнашчиларига иш жараёнида асқотадиган зарур ўқув кўргазмали воситалар тарқатилди.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири