Қишлоқдошларим орзуси
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ ДИҚҚАТИГА!!!
Болалигимда қишлоғимизда иккита кутубхона бор эди. Бошланғич синфдаги ўқитувчимиз Жумагул опа Матназарова бизни доим китоб ўқигани олиб бориб, ёшимизга мос китобларни танлаб берарди.
Эсимда, 4-синф пайтим Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сини ўқиб чиққанман. Энди ўзим ўқитувчиман. Ўқувчиларимнинг китобга меҳр қўйишини жуда истайман. Синфимда 32 нафар ўқувчи бор. Ота-оналардан фарзандлари бўш вақтини унумли ўтказиши учун уларга китоб олиб беришини доимо илтимос қиламан. Боиси, китоб ўқиган боланинг дунёқараши, фикрлаш доираси кенгаяди. Афсуски, баъзи ота-оналарнинг китоб олишга қурби етмайди. Улар ҳатто марказий кутубхоналарга ҳам боролмайди. Ана шундай ўқувчилар учун қишлоғимизда кутубхона ташкил этилса ёки эски кутубхоналар қайта тикланса, жуда қувонарли бўларди. Қишлоқдаги кутубхоналар таълим самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. Ёш китобхонлар сафи ортади. Мактубимни мутасадди ходимлар эътиборидан четда қолдирмас, деган умиддаман. Зеро, адибимиз Абдулла Қаҳҳор айтмиш: “Уйда чироқ бўлмаса, қоронғи бўлиши мумкин, уйда китоб бўлмаса, у зимистондир!”.
Аззатжон ДУРДИЕВА, Хонқа туманидаги 8-мактаб ўқитувчиси