Қоғозбозлик билан таълим сифатини ошириб бўлмайди
Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 24 октябрь куни ўтказилган йиғилишда олий таълим тизимидаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратилди. Олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсадида муҳим ҳужжатлар, хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинганига қарамасдан, олий таълим сифатини кўнгилдагидек дейиш қийин.
Бунинг асосий сабаби, назаримда, расмиятчилик ва ортиқча қоғозбозликдир. Олий таълим бўйича янги ҳужжат қабул қилинса ёки давлат раҳбари томонидан муҳим йиғилиш ўтказилса, олий таълим муассасасидан сўраладиган қоғоз ва жадваллар сони яна биттага кўпаяди. Бу қоғоз ва жадвалларни тўлдириш эса, табиийки, ўқитувчи чекига тушади. Профессор-ўқитувчи бажариши лозим бўлган аудитория юкламаси ҳажми сифатли таълим беришга ўрин қолдирмайдиган даражада кўп. Шундай ўқитувчилар борки, йиллик аудитория юкламаси чиқиши учун семестр давомида 6—8 талаб турли фандан дарс¬га киришга мажбур. Бўзчининг мокисидай бир фандан иккинчисига югуриб, тоғдан кўчган қор уюмидай катталашаётган қоғозларни тўлдиришга вақт ажратиши керак. Профессор-ўқитувчи қачон дарсига тайёрланади? Қачон ўз соҳасида илмий изланиш олиб боради, олий таълим муассасаси нуфузини кўтаришга ҳисса қўшадиган сифатли мақола чоп этади, илм-фан оламидаги сўнгги янгиликларни кузатиб боради? Ва семестр давомида ўқитиладиган ўн икки-ўн бешталаб керак-керакмас фанлардан қайси бири керагу қайсиси керакмаслигини ҳам ажратолмай қолган, ҳаммасига бирдек бефарқ муносабат шакллантиришга улгурган талабаларини ўз фанига қизиқтиришга куч топа оладими?
Профессор-ўқитувчиларнинг машғулотлари сифатини назорат қилишда ҳам асосий эътибор дарсга, талабаларга мавзу бўйича етказилаётган билимларнинг долзарблигига эмас, профессор-ўқитувчининг қўлидаги қоғозларга қаратилади. Пойтахтдаги олий таълим муассасаларидан бирида ишлайдиган ҳамкасбим яқинда бир воқеани айтиб берди. Унинг маърузасига кузатувчилар кирибди. Бир академик соат (пара) маърузани эринмай кузатган назоратчилар ва маърузачи ўртасида дарсдан кейин тахминан қуйи¬даги мазмунда суҳбат бў¬либ ўтибди:
— Ишчи дастурингиз қани?
— Тасдиқлангани кафедрада, электрон варианти планшетимда.
— Бизни электрон вариант қизиқтирмайди, бизга қоғоз вариант керак. Демак, ишчи дастур йўқ...
— Кечирасиз, қайси аср¬да яшаяпмиз?
— Нега маърузангизни планшетдан ўқиб бердингиз?
— Ўқиб бериш бошқача бўлади. Фикримни жамлаш ва кейинги йўналишни белгилаб олиш учун қайдларимга қараб олишим мумкин эмасми?
— Нега педагогик технология ишлатмадингиз?
— Маърузада қандай педагогик технология ишлатишимни кутган эдингиз?
— Келмаган талабалар билан ишламадингиз?
— Келмаганини йўқлама қилиб журналга белгиладим. Яна нима қилишим мумкин?
— Талабаларга дарс давомида саволлар билан мурожаат қилдингиз, уларнинг жавобларига эса муносабат билдирмадингиз?
— Талабалар жавоб берганидан кейин уларнинг фикрини умумлаштириб, ўз хулосаларимни ҳам билдирдим, бу муносабат эмасми? Ёки мактабдагига ўхшаб "ўтир, "икки", "ўтир, "беш" дейишим керакмиди?..
Бу суҳбат қайси олий таълим муассасасида бўл¬ганини айтиб ўтирмаймиз.
Хорижий олий таълим муассасаларида "академик эркинлик" тушунчаси қадрланади. Профессор-ўқитувчи ўзи ўқитаётган фан бўйича (дарслар мазмуни, ўқитиш усуллари, баҳолаш турлари ва уларга ажратилган баллар, фанни ўқитишда ишлатиладиган адабиётлар ва ҳоказо) мус¬тақил қарор қабул қилади. Ўқитувчи дарсига унинг рухсатисиз ҳеч ким (хоҳ ҳамкасби бўлсин, хоҳ раҳбарият вакили) кира олмайди. Бундай эркин шароитда таълим сифати бир қанча воситалар ёрдамида назорат қилинади.
Биринчидан, хориждаги олий таълим муассасаларида илмий даражали профессор-ўқитувчи одатда семестр давомида битта фанни ўқитади. Илмий даражага эга бўлмаган ассистент ўқитувчи эса илмий даражали ўқитувчига ёрдам беради. Профессор-ўқитувчи одатда ўзи илмий тадқиқот олиб борадиган соҳа ёки унга яқин йўналиш бўйича дарс беради. Табиийки, семестр давомида битта фанни ўқитадиган ўқитувчи дарсига пухта тайёрланиш, фан бўйича долзарб маълумот ва илмий янгиликларни кузатиб бориш, талабаларининг назорат ишларини батафсил текшириб, уларга атрофлича шарҳ беришга имкон топади.
Иккинчидан, семестр бошида фаннинг ўқув дастури университетнинг электрон таълим тизимига жойлаштирилади. Шу фанни ўқиётган барча талабаларда ушбу дастурни кўриш имкони мавжуд бўлади. Фақат комиссия ва ҳисоботлар учун тайёрланадиган, ҳар хил шаклга солинадиган ўқув дастурларидан фарқ¬ли ўлароқ, хориждаги университетларнинг фан бўйича ўқув дастурлари ўқитувчи учун ҳам, талаба учун ҳам ҳақиқий дастур бўлиб хизмат қилади. Ўқув дастурида фанни ўқиш якунида талабалардан кутилаётган натижалар, уларнинг ўзлаштириши қандай усуллар ёрдамида ва қандай мезонлар асосида баҳоланиши, фан якунида топшириладиган ёзма иш ёки лойиҳалар мавзулари берилган бўлади. Бундан ташқари, ҳар ҳафта ўтиладиган дарслар мавзуси, уларнинг қисқача тавсифи, адабиётлар рўйхати келтирилади. Бир томондан, талабалар фан ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади. Қолаверса, ўқитувчининг дарсни олдиндан белгиланган дастур асосида ўтишини назорат қилиш имконига эга бўлади.
Учинчидан, семестр давомида талабалар орасидан вакиллар сайланади. Улар курсдошларининг ўқитилаётган фан ва уни ўтаётган педагог ҳақидаги фикрларини ўрганиб, факультет раҳбариятига етказади. Фан ўқитувчилари талабаларнинг вакиллар ор¬қали билдирган фикрларига жиддий эътибор беришади. Улардан айримлари дарс сифатини яхшилашда қўлланилади. Инобатга олинмаганлари ҳа¬қида эса талабаларга маълумот берилиб, сабаблари тушунтирилади.
Тўртинчидан, якунда электрон таълим тизими орқали шу фанни ўқиган талабалар орасида аноним сўров ўтказилади. У орқали тингловчилар фанни ўқитишдаги ижобий ва салбий жиҳатлар ҳақида ўз фикрини билдириш имконига эга бўлади. Сўров натижалари профессор-ўқитувчига кейинги семестрларда фанни ўқитишни яхшилаш учун хизмат қилса, факультет раҳбарияти учун профессор-ўқитувчи рейти¬нгини белгилашда муҳим манбалардан бири вазифасини бажаради. Бундан ташқари, ушбу сўровлар натижаси таълим муассасасини аккредитациядан ўтказувчи ташкилотлар томонидан ҳам ўрганилиб, инобатга олинади.
Бешинчидан, талабаларнинг назорат ишлари ва курс лойиҳаларини иккита мутахассис баҳолайди. Жараёнга дарс ўтган профессор-ўқитувчидан ташқари, бошқа мутахассис ҳам жалб қилинади. Мақсад — талабалар манфаатини ҳимоя қилиш, баҳолаш жараёнида хатолик ва бирёқламаликни камайтириш. Маълум маънода бу жараён орқали ҳам таълим сифати назорат қилинади.
Олтинчидан, аккредитациядан ўтказувчи ташкилотлар таълим муассасаси аттес¬тацияси пайтида талабалар бажарган назорат ва курс ишларини (маълум фоизини) диққат билан ўрганиб, фаннинг ўқув дастурида белгиланган мақсадлар ва баҳолаш мезонлари билан солиштиради. Талабаларнинг дастурда белгиланган мақсадларга қай даражада эришганини баҳолаш орқали фанни ўқитиш сифатига баҳо берилади.
Хориждаги университетларда таълим сифати талабаларнинг фанни ўзлаштириши ва билимдан қониқиш даражаси билан боғлиқ. Олий таълим муассасалари рейтингини белгиловчи халқаро ташкилотлар ҳам талабаларнинг ўқитиш сифатидан қониқиш даражасини таълим муассасаси рейтингини белгиловчи кўрсаткичлардан бири сифатида қайд этади. Дарҳақиқат, талаба сифатли билим олмаса, таълим сифатидан қониқмаса, бу таълим жараёнининг барча иштирокчилари — таълим муассасаси, ўқитувчи, талаба, қолаверса, жамият учун жуда катта йўқотишдир. Унинг ўрнини эса ҳеч қандай қоғозу жадваллар билан тўлдириб бўлмайди. Семестр давомида бир нечта фанни ўқитишга ва беҳисоб қоғозларни тўлдиришга мажбур ўқитувчидан сифатли таълим беришни кутиш амримаҳол. Шу билан бирга, семестр давомида ўнлаб фанларни ўқишга (тўғрироғи, ёпишга!) мажбур, ҳар куни 6 соатлаб дарсда ўтириб мустақил китоб титкилашга вақти ҳам, ҳафсаласи ҳам қолмайдиган талабадан ҳам сифатли таълим олишни кутиш мантиқсизликдир. Умид қиламизки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу оддий ҳақиқатларни тушуниш ва қабул қилишга журъат топа олади. Зеро, касалликни даволаш уни тан олиш ва тўғри ташхис қўйишдан бошланади.
Комил ЖАЛИЛОВ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси