Ўқитувчи ишга тикланди
Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор натижасида уларга нисбатан бўлаётган турли ноҳақлик ва адолатсизликларга барҳам берилмоқда.
Зарбдор туманидаги 1-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Фароғат Нишонова 2018 йилнинг август ойида эгаллаб турган лавозимидан ноҳақ бўшатилгани ҳақида Мирзачўл тумани бандликка кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқи инспекциясига шикоят қилган. Ҳолат ўрганилиб, 2018 йил 11 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, муаллима ўз лавозимига тикланди.
Низо қаердан келиб чиқди?
2003 йилдан мазкур мактабда ишлаб келаётган Фароғат Нишонова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишига унинг меҳнат таътилидан бир кун кеч қайтгани сабаб бўлган.
Ҳақиқатан ҳам, у шу йилнинг 1 июнида меҳнат таътилига чиқиб, ишга 26 июнь эмас, 27 июнь куни қайтади. Аммо шу вақтга қадар ходим таътиллар жадвали билан тилхат орқали таништирилмаган — қонун талабига кўра, таътилга чиқиши ҳақида камида ўн беш кун олдин огоҳлантирилмаган.
Ф.Нишонова ўтган ўқув йилида якка тартибда уйда ўқитилаётган Фаррух Муҳаммадиевга сабоқ бериш билан бирга, бошланғич синфларда йўл ҳаракати хавфсизлиги машғулотини олиб борган. 6-"Б" синф ўқувчиси Ф.Муҳаммадиевнинг уйида ўтган дарс ишланмаларини тасдиқлатмагани, 13 апрель куни навбатчиликка келмагани асос қилиб кўрсатилиб, ўқитувчига иш берувчининг 2018 йил 20 апрелдаги 230-сонли буйруғи билан "ҳайфсан" интизомий жазо чораси кўрилган. Ўқув хонасига дарс жадвали илмагани, дарсга кечикиб келиши, дарсни тўлиқ ўтмасганлиги учун унга ойлик маошидан 30 фоиз миқдорида жарима ундириш жазоси белгиланган. Сўнг мактаб директорининг 2018 йил 13 августдаги 252-сонли буйруғига кўра, меҳнат вазифаларини мунтазам бажармагани учун Ф.Нишонова билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига биноан ходим мунтазам меҳнат вазифаларини бажармаган деб топилиши учун у илгари интизомий ёки бошқа таъсир чорасига тортилган бўлиши лозим. Ф.Нишоновага ҳайфсан жазоси берилиши қонуний бўлса-да, бошқа ножўя хатти-ҳаракат қилгани учун чиқарилган буйруқлар ноқонунийлиги учун уни мунтазам меҳнат вазифаларини бажармаган, деб ҳисоблаб бўлмайди.
Касаба уюшмаси қўмитаси бехабар бўлган
Меҳнат кодексининг 101-моддасида башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розилик олмай туриб, бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Мактабнинг 2017—2019 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 20-бандида "меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши фақатгина касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан ёзма розилиги олинган ҳолда амалга оширилади", дейи¬лган. Мактаб директори эса Ф.Нишонова билан меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг 11-моддасига асосан касаба уюшмаси қўмитасига тақдимнома киритмаган ва унинг розилиги олинмаган.
Меҳнат кодексининг 111-моддасида меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки ваколатли бошқа орган томонидан аввалги ишга тикланиши лозим, дейилган.
Зарарни директор қоплайди
— Ушбу меҳнат низоси натижасида таълим тизими раҳбар ходимларининг меҳнат қонунчилигига доир ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги аён бўлди, — дейди фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди раиси Эркин Умрзоқов. — Хусусан, муассасанинг локал ҳужжатлари — ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномасининг мазмун-моҳияти билан мактаб ходимлари таништирилмаган.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг ходимларга интизомий жазо бериш тартиби билан боғлиқ 181-182-моддалари ҳамда иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибини белгиловчи 101-моддаси талабларига риоя этилмаган. Мактаб касаба уюшмаси қўмитаси раиси касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан, иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тартибини тушунмаган.
Ходимнинг ишга тикланиши Конституциямизнинг 37-моддасида белгиланганидек, қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқининг кафолатидир. Меҳнат низоси кўриб чиқилгач, 2018 йил 11 октябрда суднинг иккита хусусий ажрими чиқарилиб, қонунбузарлик юзасидан Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасига, мактабнинг касаба уюшмаси қўмитаси содир қилган қонунбузарлик ҳақида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Зарбдор туман кенгашига хабар қилинди.
Тарафларга суднинг ҳал қилув қарори бўйича тушунтириш берилиб, қонунбузарликнинг ҳуқуқий оқибатлари борлиги, иш берувчи ходимга келтирилган моддий ва маънавий зарарни тўлаши лозимлиги, туман прокурори келтирилган зарарни мактаб директоридан ундириш бўйича регресс тартибида судга даъво киритиши тушунтирилди.
— Ўғлим неврологик нуқсони борлиги учун уйда таълим олади, — дейди Ф.Муҳаммадиевнинг отаси Элмурод Сафаров. — Унинг алоҳида ўқув хонаси махсус доска, парта, стул ва бошқа ўқув анжомлари билан жиҳозланган. Шу йилнинг сентябрь ойидан унга икки нафар устоз бириктирилди. Бундан ташқари, мактаб логопеди қўшимча соғломлаштирувчи машғулотлар олиб боряпти. Тўғри, бировнинг уйига бориб, дарс ўтиш жуда мушкул, нозик вазифа. Шунга қарамай, ўтган йилги ўқитувчиси Фароғат Нишонова дарсларни рисоладагидек намунали олиб борди, деб ҳисоблайман. Мактаб раҳбариятидан ҳам, Фароғатдан ҳам фарзандимга кўрсатган кўмаги учун оилавий миннатдормиз.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири