Конституция — халқ ҳимоячиси
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”. Мамлакатимиз раҳбарининг бу ҳаётбахш ғояси бугун юртимиздаги ислоҳотларнинг теран маъно-мазмунини, уни ҳаракатлантирувчи амалий механизм асосини ташкил қилади. Аслида ҳам мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, кўзланган юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкинлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бу ғояси конституциявий асосга эга. Бош қомусимизда белгиланганидек, “давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи — халқ”. “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”.
Таъкидлаш жоизки, давлатнинг халққа хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлигини белгиловчи қоидалар мустабид тузум давридаги конституцияларда бўлмаган. Гарчи бу қоида мамлакатимиз Бош қомусига киритилганига чорак асрдан ошган бўлса-да, сўнгги икки йилда чинакамига ишлай бошлади.
Биринчи далил — Президент халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйди. Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари очилди. Одамлар ўз мурожаатларини эмин-эркин ифода қилиш имконига эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари барчага ўрнак кўрсатиб, ҳудудларга сафарлари давомида чекка қишлоқ ва овулларгача кириб бориб, ижтимоий соҳа объектлари, оддий одамлар хонадонларида бўлиб, юзага келган реал вазият, аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишмоқда. Барча бўғиндаги раҳбарлар ҳам жойларга чиқиб, асл ҳолатни ўрганишни, мавжуд хато ва камчиликлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини таҳлилий-танқидий кўриб чиқишни бошлади. Барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг халқ олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди.
Кўп ўтмай, барчамиз гувоҳ бўлдикки, аксарият муаммоларни нисбатан қисқа вақт ичида самарали, энг муҳими, қонун доирасида ҳал қилса бўлар экан. Биргина мисол: жамиятда ҳамиша ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган, оғир ижтимоий вазиятда қолган инсонлар бўлган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан уй-жойи йўқ, эҳтиёжманд, ногирон шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим амалиётга жорий қилингани чин маънода инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин ифодаси бўлди. Бугун барча жойда шундай инсонлар уй-жой билан таъминланаётгани, имтиёзли кредитнинг бошланғич бадалини давлатимиз тўлаб бераётгани, бу уйларнинг ўзида ёки ёнида янги корхоналар ташкил қилинаётгани, янги уй-жойлар атрофида замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари қад ростлаётгани — буларнинг барчасини эзгулик, меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва эътиборнинг юксак намунаси дейишимиз мумкин.
Иккинчи далил — меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда, ислоҳотларни амалга оширишда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келган мурожаатлар таҳлилига асосий эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, қонунлар, фармонлар, қарорлар, дастурларни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг очиқ-ошкора ва шаффоф механизмлари йўлга қўйилди. Яъни, жамият ҳаётига татбиқ қилинадиган ҳар қандай янгилик ва ўзгаришда халқ ҳам ижодкор (муаллиф), ҳам истеъмолчи (қабул қилувчи) сифатида иштирок эта бошлади.
Учинчи далил — Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги қарори билан ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида “маҳалла — туман(шаҳар) — вилоят — республика” тамойилига кўра секторлар тизими йўлга қўйилди. Бунда ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идораси раҳбарининг бир жамоа бўлиб, ўз ҳудудидаги муаммоларни тизимли ва тубдан ўрганишга киришгани, жойида ҳал қилиш имкони бор масалаларга шу жойнинг ўзида ечим топаётгани самарасида ташаббус ва ғоялар энди тепадан эмас, қуйи бўғиндан чиқмоқда, юқоридан топшириқ кутишдан воз кечилмоқда, соҳаларда аниқ тартиб ва қатъий интизом таъминланмоқда, танқидий таҳлил ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарнинг кундалик қоидасига айланмоқда.
Тўртинчи далил — давлатимиз раҳбари топшириғи асосида республика ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳудудларга, энг чекка ва олис қишлоқларга қадар борилиб, одамларнинг дарду ташвишлари, ҳудудлардаги реал вазиятни ичидан ўрганиш тизими йўлга қўйилгани бўлди. Президент Администрацияси, вазирликлар, республика идоралари ва ташкилотларининг масъул ходимлари ҳудудларда кўпроқ бўлмоқда. Республика ишчи гуруҳларининг фаолияти билан жуда кўп муаммоларга, айтиш мумкинки, йиллар бўйи ҳал бўлмаган масалаларга ечим топилмоқда. Мансабдор шахс¬лар ҳеч бир замонда ва тузумда ҳозиргидек халқ орасига чуқур кириб бормаганини таъкидлаш лозим. Бу — одамларнинг ҳам бугунги муаммоларини ҳал қилишда, ҳам эртанги кунга, келажакка, давлатга, қонунларга, адолат ва ҳақиқат кучига ишончини мус¬таҳкамлашда ниҳоятда муҳим омил бўлмоқда. Республика ишчи гуруҳлари ўрганишлари натижасида амалга оширилаётган кўплаб дастурлар натижалари ҳам буни яққол исботлаб турибди.
Бешинчи далил — мамлакатимиз раҳбари мурожаатлар ва республика ишчи гуруҳлари ўрганишларидан сўнг бу йил “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига асос солди. Мазкур дастурлар асосида ҳар бир туман ва шаҳарда иккитадан қишлоқ-маҳаллада кенг қамровли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали бу ҳаётбахш дастурлар натижаларини барчамиз кузатиб боряпмиз.
Айниқса, “Обод қишлоқ” дастурининг илк объекти — Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги Манас қишлоғининг 45 кунда буткул янги қиёфага киргани ҳайратланарли иш бўлди. Мирзачўл маркази — Гагарин шаҳрида олдин таг-туби билан чириган бараклар, ертўласидан томига қадар муаммолар гирдобига ботган икки қаватли уйлар, йўллар орасида сўппайиб турган фазогирнинг ҳайкалидан бош¬қа нима ҳам бор эди? Бугун Гагарин шаҳрига бориб кўринг!
Ёки Ўзбекистоннинг энг шимолий нуқтаси — Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг Қорақалпоғистон посёлкаси, Навоий чўлларидаги овуллар, Самарқанднинг Жом қишлоғи, Андижоннинг Шаҳриобод, Сирдарёнинг Ховос¬обод каби ўнлаб обод қишлоқлари ўз-ўзидан пайдо бўлмади-ку! Бундай обод қишлоқларда электр энергияси, газ ва сув масалалари — одамнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун зарур бўлган бирламчи ҳаё¬тий эҳтиёжлар таъминланмоқда. Уйлар янгиланмоқда, йўллар равон бўлмоқда, ижтимоий ва маданий соҳа объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростламоқда. Бу билан одамларни йиллар бўйи қийнаган муаммоларга комплекс ечим топилмоқда.
Мамлакатимиз раҳбари юртимизнинг ҳар бир жойи¬да қадам-бақадам юриб, бор реал вазиятни ўз кўзи билан кўргани учун ҳам, қишлоқ одамларининг қанчалик оғир ва мураккаб шароитда кун кечиришга мажбур бўлганини ўз юрак приз¬масидан такрор ва такрор ўтказгани учун ҳам “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига асос солди. Бу дастурлар ниҳоятда тўғри ва оқилона йўлдир. Чунки қишлоқ-маҳаллаларда турмуш даражасини кўтармай туриб мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқиш имконсиз.
Конституциямизнинг муҳим ғояларидан бири ҳам айнан инсон (фуқаро) билан давлат ўртасида тўғри муносабатни ўрнатиш ҳисобланади. Унинг муҳим принципларидан бири эса “инсон, унинг ҳуқуқ-эркинликлари ва бошқа дахлсиз ҳу¬қуқ¬лари олий қадрият ҳисобланишидир”.
Яна бир гап: Конституциямизнинг 14-моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” деган қоида белгиланган. Яъни халқ ва давлат муносабати тараққиётга, фаровонликка хизмат қилиши керак. Бунда ижтимоий адолат ва қонунийлик амалда таъминланиши лозим.
Бугун мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо қилишнинг ўзига хос хусусияти айнан адолат ва қонун устуворлигини амалда таъминлашга, уларнинг ўзаро мужассам ва мутаносиб бўлишига эришишга бўлган кучли интилишда намоён бўлмоқда.
Албатта, адолат нисбий тушунча. Ҳамма вақт ҳам адолат ва қонунийликка тўла эришиб бўлмайди. Қолаверса, барча мурожаатчи ҳам доимо ҳақ бўлавермайди. Бироқ бугунги халқ билан мулоқот натижасида амалга оширилаётган ишлар жараёни табиий равишда ноҳақдан ҳақни ажратиб бераётгани, адолатсизлик ва қонунларнинг оёқости бўлишига йўл қўймаслик учун яхлит тизим, кучли ва амалий механизм яратилаётганининг ўзи инсонлар ва жамият муносабатида ҳақиқат қарор топишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда охирги йилларда бўлаётган ўзгаришлар шу йўлдан қатъий бораётганимизни кўрсатади. Президентимиз Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган тантанали маросимда бу ҳақиқатни яна бир бор қатъий таъкидлади: “Бугунги кунда халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қила бошлагани учун ҳам одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгармоқда, эл-юртимиз ўз кучи ва имкониятларига, эртанги кунига ишонч билан қарамоқда. Шунинг учун бир ҳақиқатни таъкидлаб айтмоқчиман: халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш, эл-юртимизни рози қилиш — бу вақтинчалик кампания эмас. Бу халқимизнинг фаровон ҳаётини, юртимиз равнақини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир”.
Конституциямиз қабул қилинган куннинг 26 йиллигини нишонлаш арафасида унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнига назар ташлар эканмиз, кейинги икки йилда Бош қомусимиз нормаларини ҳаётга татбиқ қилиш, унинг ҳаётбахш кучи таъсиридан барча бирдек баҳраманд бўлиши учун катта ва самарали ишлар қилинаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аслида ҳам давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилса, аҳоли ўз ҳаётидан мамнун бўлса, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги мустаҳкамланади, муаммолар камаяди, тараққиётнинг янги уфқлари очилади, фаровонлик юксалади.
Озод ҲУСАНОВ,юридик фанлар доктори, профессор