Устоз «Ма’rifat»ни ўқимай қўйса...
Халқимиз ўқитувчи ва мураббийларни эъзозлаб, устоз, дейди. Дарҳақиқат, устозлар шундай ҳурматга муносиб. Чунки бизга ҳарф танитган, ўқиш ва ёзишни ўргатган, билим пиллапояларидан кўтарилишимизга ёрдам берган шу муҳтарам устозларимиздир.
Барча даврларда устозлар энг газетхон, энг журналхон, энг китобхон бўлгани учун халқимиз ҳурматини қозонган. Бундай ибратли анъана ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Термиз шаҳридаги 11-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Дилбар Нормуродованинг ёзишича, у ҳар йили “Ма’rifat”, “Тил ва адабиёт таълими”, “Китоб дунёси” каби нашрларга мунтазам обуна бўлар экан. Ўз билимини “Ма’rifat” газетаси ва бошқа нашрларни мунтазам ўқиб бориш орқали ошираётган ўқитувчиларимиз кўп.
Ўқитувчиларнинг ўзи ихтиёрий равишда истаган нашрига обуна бўлаётганидан кейин уларни обунага мажбурлашга эҳтиёж қолмади. Шу маънода, Президентимизнинг 2018 йил 14 августда қабул қилган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўқитувчиларни босма нашрларга мажбуран обуна қилиш тақиқлангани айни муддао бўлди. Бу ўқитувчиларнинг ўзлари истаган нашрларга истаганча обуна бўлишига имконият яратди. Чунки илгари мактабга 25 та “Ма’rifat”га, 4 та “Тил ва адабиёт таълими”га... обуна бўлиш юкланарди. Мактаб жамоаси шунча обуна билан чекланарди. Энди ўқитувчилар ўзининг севимли нашрларига ундан ҳам кўп обуна бўлиши мумкин. Ахир, юртимизда 10 мингга яқин мактаб, 400 минг нафардан зиёд ўқитувчи, 10 мингдан ортиқ таълим муассасаси бор. Яна, етакчи газета, журнал ва нашриёт жамоаларининг “Ма’rifat”га ихтиёрий равишда обуна бўлишларини ҳисобга олсак, газетанинг келгуси йилдаги адади бу йилгидан ошиши керак.
Ахир, “Ма’rifat” газетаси таълим тизимининг бош нашри ҳисобланади. Унда таълим тизимидаги янгиликлар, илғор тажрибалар, ўқитувчиларнинг ибратли ишлари, хуллас, таълим-тарбияга оид барча соҳалар кенг ёритилади. Газета жамоаси газетхонлар билан доимий мулоқотда. Шу йил газетанинг битта сони 31 март тўлалигича газетхонларнинг савол-жавобига бағишлангани фикримиз исботидир. Бундай мулоқот газетачилигимиз тарихида бўлмаганди. Муҳими, таҳририят бу ибратли ишини давом эттириш ниятида. Демак, газетхонлар талаб-истакларига эътибор қаратаётган газетани фақат ўқиб бориш керак. Бунинг энг ишончли йўли: 2019 йил учун “Ма’rifat”га обуна бўлиш. Негаки, обуна бўлсангиз, сиз газетани эмас, газета сизни излаб топиб боради.
Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг шундай ҳикмати бор: “Китоб ўқиш ёзувчи учун иш билан баравар”. “Ма’rifat” газетасининг таълим-тарбия тизимидаги ўрнини билган ҳолда таниқли шоирнинг ҳикматини қуйидагича ўзгартирсак айни ҳақиқат бўлади: “Ма’rifat”ни ўқиш устоз учун иш билан баравар”. Холисанлилло айтайлик, устоз ўзининг газетаси бўлган “Ма’rifat”ни ўқимаса, бошқа газета, журнал, китобларни ўқийдими? Ўзининг билим-малакасини ошириб бормаган устоз вазифасини тўлақонли бажара оладими? Дарсликдан бошқа нарсани ўқимайдиган ўқитувчи ўқувчиларни билим эгаллашга қизиқтириш мақсадида “Беруний бобомизнинг қўли қаламдан, кўзи (китобга) қарашдан, кўнгли фикрлашдан бўшамаган. Шунинг учун улуғ аллома даражасига эришган”, деб айтишига ишонасизми?
Мен бу сатрларни нега куйинчаклик билан ёзяпман? “Ма’rifat” газетасига 2019 йил учун шу кунгача бўлган обуначилар сони камлигини эшитиб ташвишга тушдим. Ҳатто муҳтарам устозларимиз ўзларининг газетасини келгуси йилда ўқимоқчи эмасларми деган хаёлга бордим. Беихтиёр атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг маш¬ҳур шеърини бироз ўзгартирган ҳолда ўқиб юбордим:
Устоз “Ма’rifat”ни ўқимай қўйса,
Дод демакка палла бўлгани шудир.
“Ма’rifat”дан айру ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир.
“Ма’rifat” газетаси — таълим тизимимизнинг ёрқин ойнаси. Шунинг учун унга, аввало, таълим тизими ходимлари обуна бўлишда фаоллик кўрсатишлари керак эмасми? Ёки юқоридан буйруқ келишига ва уни бажаришга ўрганиб қолган таълим тизими ходимлари ўз ихтиёрлари билан обуна бўлиш кераклигини билишмайдими? Яна бир карра эслатамиз: “Ма’rifat” газетасига ўз ихтиёрингиз билан истаганча обуна бўлишингиз мумкин. Ихтиёрий равишда обуна бўлишни ҳеч ким тақиқламаган ва тақиқламайди ҳам. Ишончим комил, буни таълим тизими мутасаддиларидан оддий ўқитувчиларгача яхши билишади ва ўзимизнинг “Ма’rifat”га обуна бўлишда фаоллик кўрсатишади.
Қомусий олим Абу Райҳон Беруний ҳаёт тарзини ибрат тариқасида келтирганим учун унинг бир ҳикматини ҳам эслатишни истайман: “Менинг фикру ёдим, бутун қалбим илм-фанни тарғиб этишга қаратилган. Мен билим орттиришдек лаззатдан баҳраманд бўлдим. Буни мен улкан бахт деб ҳисоблайман”. Алломамиз ёзганларидек, мен “Ма’rifat” газетасини мунтазам ўқиб, билим орттиришдек лаззатдан баҳраманд бўляпман, сизни ҳам бундай лаззатдан баҳраманд бўлишга даъват этяпман. Бу чиндан ҳам улкан бахт, бундай бахт барчангизга насиб этсин.
Асрор МЎМИН, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист