Беҳбудий армони
Маҳмудхўжа Беҳбудийни билмаган педагог бўлмаса керак. Агар шундайлар топилса, уни БУЮК МУАЛЛИМ деган бир жумла билан таништирган бўлардик! Негаки, у жадид маърифатпарварларига карвонбоши мавқеида тарихни ўрганиб, дунё тараққиётидан бехабарлик, лоқайдлигу бефарқлик Амир Темур қурган улуғ салтанатни барбод этганини авомга овоза қилган, қулга айлантирилган Туркистон аҳлини уйқудан уйғотишга, озодлик учун курашга чорлаган алломадир. Аввало, ўзи ибрат бўлиб, уйидаги меҳмонхонасида мактаб ташкил этди, дарсликлар ёзди. Чоп этган газета ва журналлари орқали дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан халқни огоҳ этиш билан бирга дарсликларига сиғдиролмаган фикрларини тарқатишга уринди.
Бироқ... 1913 йилда ташкил этилган “Самарқанд” газетаси бир йил ҳам “яшай олмади", “Ойна” журнали эса икки йилга етмасдан тўхтатилди. Буни тушунса бўлар деймиз-да, муаллимлар озчилик, халқнинг катта қисми саводсиз эканлигини рўкач қиламиз. Устига-устак мустамлакачининг сиёсатини қўллаган чаламуллалар жадид матбуотини ўқиганни кофирга чиқаришарди. Бойларнинг аксари эса ўқиб-ўрганишга беписанд эди. Дунё тамаддунини таҳлил қилган Беҳбудий халққа ибрат бўлсин, маърифатпарварлик нон каби ҳаётий эҳтиёжга айлансин, дея газетасида қуйидаги мазмундаги маълумотларни мунтазам эълон қилиб турди:
"70 милийунли Америка халқи 22882 жарида ва мажалла ўқишади... Энг кам ўқилатурғон газетанинг муштарийси 100 минг кишидур. Биз Туркистон нуфуси онлардан 8 даъфа оз бўлсак-да, илм борасида 3000 даъфа оздурмиз. Бу дунё аҳлидан биз туркистонлилар беилм ва ваҳший(ёввойи)дурмиз".
Бу фикрларнинг айтилганига 105 йил бўлди. Бугун-чи? Статистикага мурожаат қилсак, қарийб юз фоиз аҳолимиз саводли. Аммо китобхонлигу газетхонлигимиз ҳамон оқсамоқда...
* * *
— Таҳририятнинг янаги йил режасини тузиш учун фикрларингизни билгани келдик. Нашримизда нималарни ўқишни хоҳлардингиз, — дея сўраймиз ўқитувчилар хонасида ўтирган бир гуруҳ муаллимларга юзланиб.
— Обуна бекор қилинди-ку, — деган тайёр гап элликка яқинлашган муаллиманинг ичидан отилиб чиқди гўё.
— Тўғри, мажбурий обуна бекор бўлди, лекин савол бошқача эди, шекилли... — кўзларига тикиламиз унинг. Қалқиб тушгандай бўлади.
— Билмадим, “обуна бўлинглар”, деб ҳеч ким келмади-ку! — дейди кўзлари жовдираганча аввалги гапини юмшатмоқчи бўлиб.
— Кўнглингиз хотиржам бўлсин, ҳеч ким сизни мажбурламайди энди... Саволимизни конкретлаштирамиз: охирги марта қайси газета ёки журналда ўз касбингизга доир долзарб мавзуда мақола, методик материал ўқидингиз?
— Газеталар директоримиз хонасида сақланади.
— Кейинги йилдан нашрларни мактаб директори хонасидан ҳам топа олмайсиз. Шу боис, саволни яна ўзгартирамиз: соҳангиз янгиликларини қайси сайтдан ўқиб боряпсиз?
— Мактабда интернет ишламайди. Ўғлимни уйлантириб олай, сайтларга кирадиган телефон оламан...
Жавобдан маълумки, шу пайтгача унинг маошидан обуна учун чегириб қолишган, нашрларни кўрмаган, қолаверса, ўқиб-ўрганишга бефарқлиги сўзларидан аён. Менинг маблағимга қайси нашрга обуна бўлдингиз, дея суриштирмаган ҳам. Ўғлини уйлантиргач, талефоннинг энг зўридан олган тақдирда ҳам интернет тармоғидан касбига керакли маълумотлар олиш ўрнига фисқу фужурларни томоша қилишдан нарига ўтмаса керак. Негаки... яқинда ўтказилган аттестацияда муаллимларнинг ўз фанларига оид оддий маълумотларни билмаслиги аён бўлганини мутахассислар афсус ва надоматлар билан маълум қилишди. Демак, уларнинг аксари ўқимайди, ўз устида ишламайди.
Германия сафарида Берлиндаги мактабларнинг бирида бўлиб, таълим жараёни билан танишдик. Ўқитувчининг малака ошириши учун бир йилда атиги 2 соат вақт (давлат ҳисобидан маблағ) ажратиларкан. Бундан ажабланиб, саволга тутдик:
— Муаллимлар янги билимларни, киритилаётган замонавий технологияларни қачон, қаерда ўрганишади?
— Узлуксиз билим олишнинг турли манбалари бор, улар орасида энг ҳозиржавоби оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Ўз устида мунтазам ишламайдиган ўқитувчиларни сақлаб туриш соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатади, — деди мактаб менежери олмонча қатъийлик билан.
Дарвоқе, юртимиз ривожининг бугунги талаблари инобатга олиниб, Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти томонидан мактаб директорларини менежер даражасига кўтариш масаласи кун тартибига қўйилди. Демак, таълим муассасасини ҳар тарафлама сифатли бошқариш бўйича мактаб менежерларининг зиммасига янги юкламалар белгиланади. Ўйлаймизки, улар орасида муаллимлар малакаси, дунёқараши замон талабига жавоб беришини таъминлаш бўйича ҳам вазифалар бўлади.
Ўзбекистон тараққиётида бошқа соҳалар билан ҳамжиҳатликда ўз фанининг ўрни, бугунги аҳволи ва келажакдаги ишлар кўламини билмаган муаллим халққа қандай таълим беради? Халқ таълими дегани муайян фанни болаларга ўқитишгина эмас, балки жамият тараққиёти жараёнларини халққа тушунтириш ҳамдир. Буларнинг бари ўқиб-ўрганиш, янгиликлардан мунтазам воқиф бўлиш, қиёсий таҳлил этиш билан амалга ошади. Шунда аттестациядан ўтаётган муаллим унга тушган саволдан норизо бўлиб “имзоланаётган фармон ва қарорларнинг фанимга нима алоқаси бор", дея нолимайди.
Европа илм-фани ривожида Шарқнинг, жумладан, боболаримизнинг таъсири катта бўлганига тарих шоҳид. Мунтазам ўқиб, изланиб юқори мавқега эришган бугунги ишбилармон ватандошларимиз Американи ривожлантиришда иштирок этмоқдалар. Президентимиз бун¬дай юртдошларни Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшишга чорламоқда. Ўзимиздаги бундай салоҳиятли инсонлар ҳам ишга киришган, албатта. Бироқ узлуксиз ўқимасдан, ўрганмасдан Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқа оламизми? Замондан ортда қолмасликнинг ягона йўли эса барча жабҳадаги янгиликлардан ўз вақтида огоҳ бўлишдир. Яна ўтмишга қайтамиз. “Ойна” журнали 1915 йил 16-сонидан кейин “муҳаррир хасталиги” сабаб тўхтайди. Беҳбудий мустамлакачи зулми остида қийинчилик билан очган қадрдон журналини авомнинг ўқишга, фикрлашга, қисқаси кўзгуга қарашга хоҳиши йўқлиги сабаб ёпаётганини айтишдан ор қи¬лади. Касалман, дейди армон билан. “Топганини тўй-маъракага сарфлаётган авом бефарқлигидан, нафсига осилган чаламуллалар нодонлигидан, кайфу сафога берилган бойлар ло¬қайд¬лигидан хастаман", дея олмайди! Унинг армони — жисман касаллиги эмас, балки миллатини маърифатли кўролмагани эди! Шу боис, у ўтинч билан барчага мурожаат қилади: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур” ёки яна бир мақоласида “...бизнинг ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб, яна бошқаларга бизни асирлик даражасига туширур ва юз йиллар ила кейин кетармиз".
Филҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Туркистон халқининг яна 76 йил давомида бошқалар оёғи остида эзилгани тарих саҳифаларида муҳрланди. Уни уқиб ўқимаганлар қолмади дейсизми? Шундай муаллимларга яна Беҳбудий қалб нидосини эслатамиз: “Тарих истиқболнинг тарозусидур, ҳар ким ўлчасун-да, билсун".
Энди бугунга қайтамиз. Газеталарда, жумладан, “Ma’rifat”да таҳлилий мақолалар, танқидий чиқишлар, билдирилаётган таклифлар, янгиликлар, таълим-тарбияга ихтисослашган журналларда методик материаллар етарлича чоп этилмоқда. Хўш, унда нега ўқишга, шу билан бирга обуна бўлишга эҳтиёжмандлар жуда озчилик?
Фикримизча, илғор ўқитувчилар тажрибасини ёритиш, эъзозлаш қаторида танқидий, таҳлилий мақолалар энди ярим миллион муаллимнинг ҳар бирига етиб борадиган тизим яратиш, баъзи ўз устида ишлашни истамайдиган “устоз”ларнинг билимсизлиги, уларнинг сифатсиз таълими натижасида маънан мажруҳ бўлиб қолаётган ёшлар тақдирига масъулиятсизлигини аниқ мисоллар асосида очиб ташлаш, керак бўлса олмонлар каби таълимдан четлатиш вақти келди. Шундагина у ўз устида ишлашга, ўқиб-ўрганишга мажбур бўлади.
Бугун баъзи ҳамкасбларимизнинг “тарғибу ташвиқлари” сабаб босма даврий нашрларга обуначиларнинг шижоати сусайди. Интернетчи ва газетчи журналистлар ўртасида кечаётган гап-сўзлар ҳақида икки оғиз сўз. Инсоният тарихида шундай вақтлар бўлдики, газета-журнал ўйлаб топилганда “энди китоб музейларда сақланади", дейилди. Радио кашф этилганда “энди газета йўқолади” дейишганди ўтган асрнинг аввалида. Фурсат ўтиб телевидениега асос солинди — яна ўша гап. Лекин радионинг ҳам, газетанинг ҳам фаолияти давом этди. Китобхонлик эса давлатимиз раҳбари эътиборидаги, назоратидаги масала эканлигини ҳамма билади. Ҳозир “энди интернет даври келди, газеталар ўлади", дея бонг урилмоқда.
“Таълим нашрлари илғор, ижодкор, ҳақиқий зиё тарқатадиган кўплаб муаллимларнинг ҳамроҳи, ҳамкоридир", дейди илғор ўқитувчиларимиздан бири. “Унда нега обуна бўлмаяпсиз", сўраймиз ундан. Унинг баҳонаси эса биринчи синф ўқувчисиники каби жуда жўн: “Биров келиб, “обуна бўлинглар", демаяпти”. Демайди ҳам. Негаки, шу пайтгача обуна учун мажбуран пул йиғилар, маълум қисми талон-торож қилинар, қолгани мактаб директори кўрсатмасига кўра, керак-нокерак нашрлар (момоқалдироқдан кейин потраб чиқадиган қўзиқорин каби кўпайиб кетган хусусий матбуот тарқатувчилар орқали) обунасига сарфланар, матбуот тарқатувчилар эса биринчи ярим йиллигини зўрға етказиб берар ва бу ҳол устозлар ҳафсаласини пир қилганди.
Таълим тизимидаги қуйи бўғин раҳбарлари эса “Юқоридан обуна тўғрисида оғзаки бўлса-да, айтишсин", дейишмоқда. Айтишмайди. Негаки юқорида таъкидланганидек, яна коррупцияга шароит яратилади. Обуна бўлиш ихтиёрий. Лекин ўтган йиллар “тажрибаси” ўқитувчида обуна маданияти деган тушунчани барбод этиб бўлган экан...
"Матбуот кунлари” муносабати билан Наманганда ўтказилган учрашувда вилоят Халқ таълими тизимида раҳбарларнинг фикри журналистларда умид уйғотди.
— Вилоятимиз халқ таълими соҳасидаги раҳбар ходимларга! Келинглар, аввало, ўзимиз яхши кўрган, ишимизга кўмак берадиган биттадан нашрга ихтиёрий обунани расмийлаштириб, ўқитувчиларимизга ибрат намунасини кўрсатайлик!
Беҳбудий орзу қилган ҳақиқий зиёлилар фикри!
Аммо ўзи ишлайдиган таҳририятни афзал биладиган азиз ҳамкасбларга айтаримиз шулки, асосий масала ОАВ турида эмас, балки ёзилган, эшиттирилган, кўрсатилган янгиликларни, таҳлилу танқидларни муштарийларнинг уқиб ўқиши, кузатиб фикрлаши, алалоқибат, дунёқарашининг кенгайишига, амалда қўллашига эришишимиздадир.
Ҳалим САЙИД, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори