Дилдан чиққан фикрлар
“Қўлимда фарзандларим совға қилган замонавий русумдаги мобиль телефон, ундан фойдаланишни анча ўрганиб олдим. Аммо кун хабарлари ёки шов-шувли воқеаларни ўқиш учун телефонимга 10—15 дақиқа термилсам, кўзим тиниб кетади. Шундай кезларда хонамга кираман-да, стол лампаси ёруғида мутолаага бериламан. Газеталарни варақлаганда ўқиган маълумотларимни хотирам саҳифаларига жойлагандек ҳузурланаман. Ўқитувчи бўлганим учунми, матбуотга кўз югуртирмасам ўзимни тараққиётдан узилиб қолгандек ҳис этаман. Шунинг учун “Ma’rifat”, “Жамият” ва “Оила даврасида” газеталари, “Тил ва адабиёт таълими” журналини мунтазам кузатиб бораман. Муҳими, мақолалардаги ҳақиқатлардан ўзим учун ҳаётий, илмий ва фалсафий хулосалар чиқараман”.
Яккабоғ туманидаги олис қишлоқ мактаби — 14-умумтаълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Раъно Хўжамқулованинг қалбидан чиққан бу сўзлар эътиборимизни тортди.
Таълимга ихтисослаштирилган матбуот нашрлари муаллим ва мураббийларнинг яқин ҳамкори ва кўмакчисидир. Шу боис, Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Матбуот кунларини ўказиш тўғрисида”ги 289-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида 3-4 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятида “Матбуот кунлари” доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги мактабда бўлиб ўтган учрашувда Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари, вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази ўқитувчи ва тўгарак раҳбарлари, Қарши шаҳри, Қарши, Касби, Миришкор, Косон, Муборак тумани халқ таълими бўлими методистлари, мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, илғор фан ўқитувчилари ҳамда муштарийлар иштирок этди. Йиғилишда таълим нашрларининг ўқитувчиларимизга яқиндан ҳаммаслак, ҳамфикр бўлаётгани хусусида гап борди. Педагоглар келажакда газета саҳифаларида қандай мақолаларни ўқишни исташи хусусидаги фикр-мулоҳаза, таклифларини билдирди. — Ўқитувчи ўқитиш учун ўқимишли бўлмоғи керак, — дейди Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг маънавий-ахлоқий тарбия ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ишлари бўйича ўринбосари Баҳром Узоқов. — Бугун интернет жуда тез ривожланиб бормоқда. Лекин, ўқитишда газета ва журналнинг ўрни беқиёсдир. Нега деганда, ўқитувчи газета ва журнал саҳифасида ёритилган методик тавсиялардан фойдаланиб дарс ўтиши мумкин. Мен буни тажрибали педагог сифатида айтяпман. Ижтимоий тармоқ қанчалик ривожланмасин, газета ва журнал биз педагоглар учун ҳамиша керак.
Мутахассислиги она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлган Косон туманидаги 94-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ҳалима Сатторованинг фикрича, педагог ўз излаганини севимли нашридан топиб ўқийди. У газета саҳифаларида қомусий олимларимиз ҳаёти ва меросини ўргатиш бўйича методик тавсиялар бериб боришни таклиф қилди.
Деҳқонобод туманидаги 70-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбир ҳам қизғин мунозараларга бой бўлди.
— Мен доимий равишда даврий матбуот билан танишиб бораман, — дейди Деҳқонобод туманидаги 77-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2018” республика кўрик-танлови ғолиби Фарҳод Ашуров. — “Ma’rifat” — бизнинг доимий ҳамроҳимиз. Ундаги “Синаб кўринг” рукни остида берилаётган дарс ишланмалари ва тавсиялардан кенг фойдаланамиз.
Андижон вилоят халқ таълими бошқармасида бўлиб ўтган “Матбуот кунлари” тадбирида “Ma’rifat”—“Учитель Узбекистана”, “Тонг юлдузи” газеталари ва “Халқ таълими”, “Тил ва адабиёт таълими”, “Гулхан” журналлари вакиллари йиғилганларга нашрларнинг 2019 йилга режалари, янгиликлар, ўқувчилари учун уюштирилаётган танловлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
— Яқинда бир ҳамкасбим анча илгари газетада чоп этилган мақоласини излаётганига дуч келдим, — дейди тадбир иштирокчиси, Избоскан туманидаги 35-умумтаълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мушаррафхон Юнусова. — “Опа, сизда “Ma’rifat”нинг барча тахламлари бўларди, бир нуфузли танловга қатнашиш учун шу мақоламни топишга кўмаклашсангиз” деганида эътироз билдирдим. Наҳотки, педагог ўз мақоласи чоп этилган газета сонини олиб, сақлаб қўймаган бўлса?! У мақолани электрон вариантда сақлагани, кейин техник носозлик сабаб йўқотиб қўйганини айтди. Мана шундай кезларда ҳам, сиёсий янгиликларни ҳужжат сифатида қўлимизда ушлаб туриш учун газета ва журналларга эҳтиёж бор. Ўзим 20 йилдан зиёд вақтдан бери “Ma’rifat” газетасига обуна бўлиб келаман. Газетанинг ҳар бир сонини жамоамиз интиқлик билан кутади. Чунки ҳар бир сонда ўқитувчи учун зарур маълумот чоп этилади. Қисқача айтганда, “Ma’rifat” бизнинг бош услубчимиз, яқин маслаҳатгўйимиздир.
Наманганда ҳам “Ma’rifat”—“Учитель Узбекистана” газеталарининг муштарийлари кўп. Педагог-муштарийларнинг нафақат илмий-методик, балки маънавий-маърифий билимларга бўлган эҳтиёжини ҳам қондиришда жуда катта амалий кўмак бериб келаётган бу нашрлар кириб бормаган таълим муассасаси, педагоглар оиласи бўлмаса керак. Таълим ходимлари учун қадрдон бўлиб қолган “Ma’rifat” муштарийлари давраси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу ҳақда вилоятда уюштирилган “Матбуот кунлари”да ҳам гапириб ўтилди.
Наманган шаҳар халқ таълими бўлими фаоллар залида муштарийлар билан бўлиб ўтган учрашувда “Ma’rifat”—“Учитель Узбекистана” газеталари ижодкорлари билан бирга «Халқ таълими», «Тил ва адабиёт таълими» ва «Бошланғич таълим» журналлари ижодий жамоалари вакиллари иштирок этди. Самимий ва қизғин мулоқотда таҳририятлар ходимлари якунланаётган йил сарҳисоби билан бирга янги — 2019 йилга мўлжалланган ижодий режалар билан ўртоқлашдилар. Учрашувда асосий эътибор ўқитувчи-педагогларни қизиқтираётган мавзулар, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини тинглашга қаратилди.
— Мен 14 йилдан буён “Ma’rifat”ни завқ билан ўқийман, — дейди Уйчи туманидаги 39-мактаб ўқитувчиси Феруза Абдураҳимова. — Андижон давлат университетида инглиз тили йўналиши бўйича таҳсил олаётган давримдаёқ уни мутолаа қила бошлаганман. Ўқитувчи бўлиб шаклланишим, педагоглик маҳоратим ва тажрибам ошишида газета устозлик мактабини ўтаган десам, муболаға эмас. Илғор тажрибалар ва замонавий педагогик технологиялар билан боғлайдиган кўприк вазифасини ўтаётган газетада “Синаб кўринг”, “Ўқидингизми, сизга қандай ёрдам берди?” каби рукнлар остида муштарийларни методик изланишга, ўрганишга ундайдиган мақолалар берилаётгани айни муддао.
Учрашувда босма нашрларнинг зиёлилар ҳаётида тутган ўрни, жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги етакчилик роли алоҳида эътироф этилди. “Ma’rifat” саҳифаларида муштарийлар фикр-мулоҳазаларига кўпроқ ўрин ажратиш, баҳс-мунозарали мавзуларда оддий ўқитувчи-педагогларнинг чиқишларини уюштириш таклифи берилди. Тўрақўрғон туман халқ таълими бўлими методисти Мунира Акбарова газета саҳифаларида ҳар ким ўзи истаган мавзудаги мақолани ўқиш билан бирга шу мавзуга оид фикрларини баён эта олиш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Фарғона шаҳридаги 9-мактабда ўтган мулоқотда шаҳар мактабларида меҳнат қилаётган кутубхоначилар, мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ўқитувчилар қатнашди.
— Ҳар бир фан ўқитувчиси, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари газета-журналлардан ўзига керакли барча маълумотни олади, — дейди мактаб директори Зумрад Охунова. — Чунки таълим нашрлари биз, таълим ходимларининг катта ёрдамчисидир. Айниқса, “Ma’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталарида чоп этилаётган мақолалар, дарс ишланмалари, “Тавсия”, “Таклиф”, “Тажриба”, “Инновация” каби рукнлардаги материаллардан ўқитувчилар ўз иш фаолиятида фойдаланмоқда. Ҳозирги кунда кўпчилик интернет энг фойдали ва тезкор маълумотларни етказиб беради, деб айт¬моқда. Интернетнинг тезкорлигини инкор этмаймиз. Аммо маълумотларни ўзида сақламайди, очган заҳотингиз керакли манбани топа олмайсиз. Газета ва журналда эса қайси мақола қайси саҳифада жойлашганини биласиз. Керак пайти фойдалана оласиз.
Бағдод туманидаги 35-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси Гулбаҳор Имомова дарсларда “Ma’rifat” газетаси ва “Бошланғич таълим” журналида чоп этилган мақолалардан фойдаланишини таъкидлади. Ҳамкасбларининг иш тажрибаси, замонавий таълимга бўлган муносабати педагог учун қизиқарли, албатта. Шунинг учун у ҳеч иккиланмай ва оғринмай ҳар йили “Ma’rifat” газетаси ва “Бошланғич таълим” журналига обуна бўлишини айтди. Турли мавзулардаги мақолалардан илҳомланиб, ўзи ёзган бир соатлик дарс ишланмалари чоп этилганини эътироф этди. Ҳатто Гулбаҳор Имомова “Бошланғич таълим” журналидаги ижодий танловнинг “Энг яхши кўргазмали қурол” номинацияси ҳамда “Ma’rifat” газетасининг “Энг “Ma’rifat”парвар муштарий” танлови ғолиби бўлган.
— “Ma’rifat” катта даргоҳ, ҳар сонини маза қилиб ўқиб, мақоласи чиққан ўқитувчиларга ҳавас қилардим, — дейди Олтиариқ туманидаги 19-мактаб ўқитувчиси Одинахон Мўминова. — Бир куни газета мухбирининг ўзи мени излаб топди. Вилоят методика марказига дарс ишланмаларим, илғор тажрибаларим ҳақида буклет қилиб бергандим. Мухбир “Опа, жуда яхши тажрибангиз бор экан, шу ишларингизни “Ma’rifat”га жўнатинг”, деди. Тўғриси ўша пайтда мендан бахтли одам йўқ эди. Шундан бери газетанинг фаол муаллифига айландим.
Мухбирларимиз