Қишлоқда ҳам спорт зали қурилса...
Ғаллаорол туманидаги Коризқудуқ қишлоғи ҳудудидаги 11-мактабнинг янги биноси 2013 йили қурилган. Шу йили табиий офат — сел тошқинидан зарар кўрган мактабнинг эски биноси фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолди. Сўнгра "Янги юрт" маҳалласида 180 ўринли замонавий таълим маскани бунёд этилди. Ҳозир ўқув масканида 293 нафар ўқувчи таҳсил оляпти. Уларга 26 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда.
Бу масканда касбига меҳр қўйган, фидойи ва жонкуяр муаллимлар кўп. Хусусан, улардан бири 35 йилдан буён бошланғич синфларга дарс бериб келаётган 1-тоифали ўқитувчи Гулчеҳра Қодировадир. У таълим соҳасидаги ҳалол хизматлари учун "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланган. Устоз айни кунда 1-синф ўқувчиларига алифбодан сабоқ бермоқда. У ўқитган синф ўқувчилари саводхонлиги ва чиройли ёзиши билан ажралиб туради.
— Мактабимизда ўқувчилар талаб даражасида билим олиши учун шароит бор, — дейди Гулчеҳра Қодирова. — Айниқса, сўнгги бир-икки йилда мактабимизда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Янги раҳбаримиз мактабни тумандаги энг яхши таълим масканларидан бирига айлантириш ташвишида елиб-югуриб юрибди. Мактаб ҳовлиси ободонлаштирилиб, мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Йўлаклар таъмирланди. Фанлар бўйича ўтиладиган дарсларга зарур жиҳозлар келтириляпти. Бунга жавобан жамоамиз бирикиб, таълим-тарбия самарадорлигига ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпмиз.
Ҳа, ўқитувчидек бағрикенг, меҳридарё инсонлар камдан-кам топилади. Аммо биз мактабни кузата туриб, ҳали бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар, муаммолар борлигини сездик. Жумладан, 11-мактабда ҳамон спорт зали йўқ. Демак, қиш-қировли, ёмғирли кунларда жисмоний тарбия фани дарслари ўтилмайди.
Маълум бўлишича, янги мактаб қурилганда, номаълум сабабларга кўра, спорт зали лойиҳага киритилмаган. Бу эса куз, қиш ва баҳор фаслларида спорт машғулотлари ва жисмоний тарбия дарси рисоладагидек ўтилишига тўсқинлик қилади.
Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Мамашариф Худойбердиевнинг айтишича, айни пайтда дарс¬лар асосан спорт майдончасида ўтказилмоқда. Шунга қарамай, бир қанча спорт турларидан мусобақалар ташкил этилиб, болаларнинг қизиқиши ва интилиши рағбатлантириляпти. Аммо қишнинг ниши тобора "ўткирлашгани" сари дарслар ҳам қайси синфхона бўш бўлса, ўша жойда назарий тарзда ўтилмоқда.
— Биз ҳам иссиқ ва ёпиқ спорт залида жисмоний тарбия билан шуғулланишни хоҳлаймиз, — дейди 7-синфнинг аълочи ўқувчиларидан бири Севинч Абилова. — Масалан, мен енгил атлетика ва қўл тўпи билан шуғуллансам дейман. Афсуски, кузнинг ёмғирли ва қишнинг қорли кунлари жисмоний тарбия дарслари деярли тўхтаб қолади. Чунки бунга имкон йўқ. Бугун бир мен эмас, ўнлаб тенгдошларим қишлоғимизда замонавий спорт зали эртароқ қурилишини сабрсизлик билан кутмоқда.
Ушбу масала юзасидан Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат этиб, мутахассислардан мазкур муаммо ечимини суриштирдик.
— Тумандаги 11-мактаб спорт зали қурилиши манзилли рўйхатга киритилган, — деди халқ таълими бошқармасининг бино ва иншоотлардан фойдаланишни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўлими раҳбари Аҳмад Жайнақов. — Ишчи гуруҳ бу масалани ўрганяпти. Улар хулоса бергач, спорт зали қачон қурилишига аниқлик киритамиз.
Мактаб директори вазифасини бажарувчи Мурод Иномов раҳбарликка тайинланганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, ўқитувчиларнинг айтишича, у бир қанча ишларни амалга оширишга улгурибди. Биз ҳам мактаб синфхоналарида куз-қиш мавсумига умумий тайёргарлик қониқарли эканига гувоҳ бўлдик. Бугун М.Иномов мактаб атрофини темир панжара билан ўраш, қудуқ қазиб сув чиқариш ҳаракатида юрган экан. Энг муҳими, унинг 2019 йилда 12х24 метр ҳажмли спорт зали қуриш бўйича берган таклифи маъқуллангани ва дастурга киритилганини эшитиб қувондик. Тўрт-беш йилдан буён кутаётган ўқувчилар яна бир йил сабр қилса, спорт зали ҳам барпо этиладиган бўляпти. Вақт бир зумда ўтади. Асосийси, режаларнинг амалга ошиши, ваъдалар бажарилиши. Қишлоқда спорт зали қурилса, бу ёшларнинг интилишига, соғлом турмуш тарзига риоя этишига туртки берган бўларди.
Абдусаттор СОДИҚОВ