Таълимга таклифларим
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан буён чорак аср давомида халқ таълими тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Аммо бу ўзгаришлар мамлакатимиз ва дунё тараққиёти талабига тўла жавоб бермаётгани кундан-кунга аён бўлиб бормоқда. Шуларни инобатга олиб, Президентимиз халқ таълими тизимини янада ривожлантириш, тизимга инновацион янгиликларни олиб киришга даъват қилмоқда.
Собиқ иттифоқдан қолган кўникмалар, ходимлар психологиясидаги "аввал ҳамма нарса яхши эди", деган кайфият, амалда ўзини оқламаган тартиб-қоидалар тизимга янгиликларни жорий қилишда жиддий тўсиқ бўлиб турибди.
Собиқ иттифоқ кўплаб тармоқлар сингари халқ таълими тизимида ҳам дунё тараққиётидан анча орқада эди ва бу фожиа уни инқирозга етаклади. Айни шу қолоқлик ва бу кайфиятдан чиқа олмаслик бугунги таълим тизимимизда ҳам жиддий тушов бўлиб келмоқда. Собиқ тизимда ҳар бир масала ва йўналишда яккаҳокимлик кучли бўлганидан ҳатто дарсликлар ҳам фақат ягона вариантда эди. Бугунги кунда ҳам дарсликларнинг муқобил бир неча варианти бўлишига кўпчилик ёмон кўз билан қарайди ва қабул қилолмайди. Шу ўринда муқобил дарслик деганда, Ўзбекистон мактабларига Россиядан келтирилган дарсликларни тушунмаслик керак.
Ҳозиргача юртимизда мактаблар бир хил тарзда фаолият юритаётгани учун бугунги кун талаби бўлмиш ихтисослаштирилган мактаблар ҳақида фикр билдирилган тақдирда ҳам бу фикрга қўшилувчилардан кўра, унга қаршилар кўп бўлди. Замон талаби эса мактабларнинг камида 5- ёки 6-синфлардан юқорисини ихтисослаштирилган ҳолда давом эттиришни талаб этади. Чунки бу даврга келиб бола ўз келажагини аниқлаб олади. Ёки мактаб, ўқитувчилар, педагог ва психолог мутахассислар унинг қай йўналишда яхши натижаларга эришишини яхши билади.
Бир-бирига яқин икки муаммо бор. Биринчиси, дарсларни болаларнинг иқтидорини инобатга олиб табақалаштирган ҳолда ўтиш. Маълумки, ҳамма шахс сифатида бир хил қобилиятга эга эмас. Демак, дарсларни собиқ иттифоқ тузуми талабига асосланганидек, энг паст ўзлаштирувчига эмас, аълочи болалар қобилиятига қаратган ҳолда ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ҳаётий аксиомани инобатга олиш вақти келди: ҳамма бир хил натижа билан олий ўқув юртида ўқиши шарт эмас. Шу нуқтаи назардан тизимда юқори имкониятли, қобилиятли болаларни топиш ва уларнинг иқтидорини юзага чиқариш мамлакатимизда инсон капиталини кучайтиришга хизмат қилади. Иқтидорли, қобилиятли ёшлар фанларни тез ва қисқа муддатда ўзлаштириши учун экстернатларга имкон бериш вақти келди. Бугун нимагадир бундай имконият халқ таълими тизимида мавжуд эмас.
Таълимда катта ислоҳ талаб қиладиган иккинчи жиҳат, ўқувчиларга фан ва йўналишлар таклиф этилиши керак. Яъни, мактаб болаларга билимни таклиф қилади, қанчалик олиш ва нималарни олиш уларнинг иқтидори ва қизиқишига боғлиқ. Айни мана шу ўринда "умумий мажбурий таълим" ва "мажбурий билим бериш" тушунчалари бир-биридан кескин фарқ қилишини англаб етамиз. Ўқитувчи боланинг миясига билимларни қуйиб қўя олмайди ва бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ўқувчи мактабга билим излаб келганини анг¬лаб етиши, буни ота-оналар билиши шарт. Шунда ота-оналарнинг ўқитувчиларга "Боламга сиз билим беришингиз керак", деган талаби барҳам топади. Худди мана шу ҳолатда мактабнинг бола шахсини тарбиялашда қисман қатнашишини кўрамиз. Демак, фарзанд тарбияси асосан оилада кечиши ва бунга ота-оналар жавобгарлиги яққол кўринади.
Бундан икки минг йиллар аввал қадимги юнонлар "Илми толиб кўза эмас, уни устозлар замон илмлари билан тўлдирсалар" деган принципга амал қилган.
Дунё психология фани нуқтаи назари билан қараганда, тизимда болалар учун энг масъулиятли давр бошланғич таълим саналади. Бу даврда болаларни мустақил фикрлашга, изланувчанликка ўргатмасак, улардан келгусида рақобатбардош авлод етишиб чиқмайди. Бошланғич синфда болаларнинг фанлар бўйича билимини баҳолаш тартибидан дунёдаги илғор давлатлар воз кечганини инобатга олиш керак. Мактабга болалар олти ёшдан жалб қилиниши зарур. Миллатимиз, халқимиз менталитетини инобатга олиб, болаларга ота-онасининг касб-кори, топиш-тутишига қараб муносабатда бўлишга барҳам бериш ҳамда буни тақиқлаш лозим. Бу орқали қонун доирасида ҳамма тенг деган тушунча болаларга сингдирилади.
Ҳозирги кунда мажбурий таълимни икки қисмга бўлиш, биринчисини 6-синф билан чеклаш ва иккинчи қисмини 7—11-синфлар билан белгилаш яхши натижа беради. Бу ўринда 6-синфгача бўлган таълим тўлиқ, юқори синфларда эса қисман давлат томонидан молиялаштирилади. Шунда ихтисослаштирилган мактаблар юқори натижа билан фаолият кўрсата бошлайди. Ихтисослаштирилган мактаблардаги харажатнинг катта қисмини тегишли соҳа ўз бўйнига олади. Шунда енгил саноат тизими учун тайёрланаётган кадрларга йўналтириладиган сарф-харажатга фақат халқ таълими тизими эмас, тегишли соҳа ҳам ҳисса қўшаётгани аниқланади.
Мазкур фикрлардан шундай хулосага келамиз:
Халқ таълими тизимида муқобил дарсликларни жорий этиш;
Болаларнинг қобилиятини инобатга олган ҳолда, фанларни табақалаштириб ўқитиш;
Қайси фанни танлаб ўқишни ихтиёрига топшириш;
Халқ таълими тизимида иқтидорли болалар учун экстернатлар жорий этиш;
Тизимда мажбурий таълимни иккига бўлиб, 7-синфдан сўнг ўқитишни ихтисослаштирилган тарзда давом эттириш;
Дунё мактаблари тажрибасидан келиб чиқиб, бошланғич синфларда ўқувчилар билимини баҳолаш тартибидан воз кечиш;
Маҳаллийчилик, коррупция, непотизм сингари салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактабларда ўқувчиларнинг ота-онаси ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва улардан фойдаланишни қатъиян ман қилиш;
Дунёдаги фан ва ишлаб чиқариш ютуқларини инобатга олиб, қолаверса, қоғозни исроф қилишга йўл қўймаслик учун имкон қадар тезроқ электрон дарсликларни жорий қилиш;
Мактабга ўқувчиларни олти ёшдан ялпи қабул қилиш лозим.
Маҳмуд ЙЎЛДОШЕВ, психология фанлари номзоди