Маърифатга ошно муаллимлар билан мулоқот
Навоий вилояти мактаблари қарийб ҳар йили республика таълим муассасалари рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келади. Устоз-мураббийлари «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг, ўқувчилари фан олимпиадаси ва билимлар беллашувининг республика босқичида асосий ўрин учун муносиб рақобатга киришади. Бунинг асосий сабабларидан бири — навоийлик муаллимлар газета-журналларни мунтазам ўқиб боради. Матбуотга эътибор — халқ таълими ходимларининг маънавиятини белгилаб берувчи муҳим омилдир. Ушбу вилоятда ўтказилган «Матбуот кунлари» доирасидаги «Очиқ эшиклар куни» тадбирларида бунга такрор амин бўлдик.
Муштарийларимиз билан вилоят марказида, Хатирчи, Кармана, Нурота туманларида юзма-юз учрашдик. Суҳбат чоғи таълим фидойилари «Ма’rifat» — «Учитель Узбекистана» газеталари, «Xalq ta’limi», «Boshlang‘ich ta’lim», «Til va adabiyot ta’limi» журналлари ходимлари билан анчадан бери кўнглида йиғиб юрган фикрларини ўртоқлашди.
Жумладан, Навоий шаҳридаги 19-мактабда вилоят халқ таълими бошқармаси кўмагида ташкил этилган тадбирда педагогларнинг маърифатга ошнолиги, матбуотга илиқ муносабати яққол сезилиб турди.
— Туманимиздаги жами 19 та мактабда 732 нафар педагог 7236 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда, — дейди Учқудуқ туман халқ таълими бўлими методисти Насиба Тожиева. — Ўқитувчиларимиз илм-фан ва таълим-тарбияга доир янгиликлар, методик тавсиялар ҳамда намунали дарс ишланмаларини шу йўналишдаги газета-журналлар орқали ўқийди. Газета-журналларда берилган ҳар бир мақола ишончлилиги ҳамда асосланганлиги жиҳатидан интернет нашрларидан ажралиб туради. Ўқитувчиларимиз фақат ўқибгина қолмай, ўз мақолаларини ҳам эълон қилмоқда.
Барча таълим муассасалари ўқитувчилари ва ўқувчиларининг республика, вилоят, туман ОАВларидаги чиқишлари ҳар ой якунида туман ХТБ мудири ҳузуридаги йиғилишда муҳокама қилинади. Ой давомида энг кўп мақолалари ёритилган мактаб жамоаси туман халқ таълими бўлимининг 1-даражали дипломи ва ташаккурномаси билан тақдирланади.
Янги ўқув йилидан йўлга қўйилган бу лойиҳада айни вақтда 20-мактаб жамоаси биринчиликда бормоқда. Шу тажрибани республикамизнинг барча туманларида йўлга қўйишни тавсия қилардим. Бу устоз-мураббийларни изланишга, ўз устида янада ишлашга, келажакда янги ғоялар яратишга ундайди.
— Кутубхонамизда «Ма’rifat»ни излаб, мутолаа қилувчилар кўп, — дейди Зарафшон шаҳридаги ахборот-ресурс маркази ходими Азиза Неъматова. — Газетанинг янги сони қўлма-қўл бўлиб кетади, ундаги таҳлилий-танқидий мақолалар, долзарб янгиликлар юзасидан мунозара ўтказамиз. Исталган ўқувчи ундан ўзига манзур бўлган мақолани топади. Нашрнинг кўп йиллик мухлиси сифатида унинг «Ma’rifat» mehmonxonasi» сингари эски рукнлари тикланишини хоҳлардим.
Кармана туманидаги 2-, Нурота туманидаги 3-мактабда ўтказилган учрашувларда ҳам муштарийлардан нашрларимизнинг келгусидаги фаолиятини янада такомиллаштириш ва ўқишлилигини таъминлашга доир таклиф-тавсияларни олдик. Жумладан, Кармана туманидаги 15-мактабнинг 1-тоифали тарих фани ўқитувчиси Мадина Азизова фан ўқитувчиларига дарс жараёнида қўл келадиган диний маърифат бўйича материаллар сонини ошириш зарурлигини таъкидлади.
— Боланинг касб танлашида ўзи қизиққан газета-журналлар мутолааси ҳамда ўша касб эгалари билан самимий суҳбат муҳим аҳамият касб этади. Ёшлигимдан «Ма’rifat»ни ўқиб, улғайдим, педагог бўлдим, десам янглишмайман. Унинг ҳар бир сони доим иш столимда, — дейди Нурота туман ХТБ мудири Алишер Шокиров. — Менинг 2 та таклифим бор. 10–11-синф ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига киришга тайёргарлик жараёни қизғин тус олади. Шу боис, газета саҳифаларида абитуриентларга қўлланма бўладиган материаллар чоп этиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, малакали руҳшуносларнинг мактабнинг психологик муҳитига бағишланган, руҳий олами турлича ўсмирлар билан ишлашда фойдали амалий тавсиялари биз, педагоглар учун сув ва ҳаводек зарур.
Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатида «Матбуот кунлари» доирасида «Ма’¬rifat» — «Учитель Узбекистана», «Тоng yulduzi», «Класс» газеталари, «Til va adabiyot ta’limi», «Maktab va hayot», «Gulxan» журналлари ходимлари ҳудуддаги мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва психологлар билан учрашди.
Учрашувда ўқитувчи ва ўқувчилар тадбир меҳмонларига ўзларини қизиқтирган саволларни бериш асносида қатор таклифлар ҳам билдирди.
— Таълим соҳасидаги газета-журналлар фаолиятимизда жуда фойдали, — дейди мактаб-интернат директори Фарҳод Палимов. — Биз фарзандларимизни билимли, юксак маънавиятли этиб вояга етказишни ният қилар эканмиз, унинг қўлига дунё мўъжизаси сифатида уяли телефонни эмас, балки китоб ва газета-журналларни тутқазишимиз керак. Чунки интернетда узатилаётган маълумотнинг тўғрилиги, хавфсизлиги кафолатланмаган. Ҳали бола нима керак-нокераклигини билмайди. Қизиқиш натижасида нотўғри йўлга кириб қолиши, улуғвор мақсадидан адашиши ҳеч гап эмас. Лекин газета-журнал билан ҳамроҳ бўлган боладан асло ёмонлик чиқмайди. Мутолаа маданияти онгу тафаккурни чархлайди, дунёқарашни юксалтиради, яширин қобилиятларни юзага чиқаради. Шундай экан, ўқитувчилар, ота-оналар ёшларга бу ишда йўлбошчи бўлса, яқиндан қўллаб-қувватласа, нур устига нур бўлади. Мактабимизда маънавият соатлари доирасида газета-журналлар, уларда чоп этилган турли жанрдаги материаллар билан ўқувчиларни таништириб боряпмиз. Ўқитувчиларимиздан эса бу борада ибрат кўрсатиш талаб этилади. Қани энди, таълим нашрлари ҳар бир ўқитувчи, мактаб раҳбарларининг иш столидан топилса. Чунки педагог замон билан ҳамнафас яшаши, жуда кўп билим, ўзига хос илғор тажрибага эга бўлиши керак. Бу ўз-ўзидан ўқиш ва яна ўқиш орқали шаклланади.
Учрашувда газета-журнал, умуман, матбуот бизга керакми, деган савол ўртага ташланди. Ҳамма иштирокчиларнинг жавоби бир хил: «Керак!». Аммо ҳар бир инсон, ҳар бир хонадонга газета-журналларнинг етиб бориши, доимий ҳамроҳига айланиши учун аниқ ва асосли режа, тадбир ишлаб чиқилиши зарурлиги қайд этилди. Газета-журналлар рекламаси оқсаётгани айтилди.
Аудиториясиз матбуот — матбуот эмас, шунингдек, матбуотсиз аудиторияни ҳам маънавиятли дейиш хато! Хулоса сифатида айтиш мумкинки, матбуот — бугунги кун нафаси, бугунги кун билан яшамаган инсон, жамият тараққий этиши мушкул!
«Матбуот кунлари» Бухоро вилоятида ҳам қизғин, кўтаринки руҳда ташкил этилди. Халқ таълими вазирлиги тасарруфида нашр этилаётган қатор газета ва журналлар вакиллари иштирокидаги бу учрашув ғоят қизиқарли, самимий ва савол-жавобларга бой тарзда кечди.
Унда вилоят халқ таълими бошқармаси вакиллари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг маънавий-ахлоқий ишлар бўйича шўъба раҳбарлари, мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази тингловчилари иштирок этиб, матбуот нашрлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди. Хусусан, «Ма’rifat» газетасининг ҳам бугунги фаолияти, ундаги сермазмун чиқишлар, айниқса, таҳлилий ва танқидий материалларнинг мунтазам бериб борилаётгани, ўқитувчиларни қийнаётган муаммолар, оғриқли нуқталарнинг дадиллик билан қаламга олинаётгани алоҳида эътироф этилди.
Мухбирларимиз