Дарс соатларининг бўлиниши таълим сифатига путур етказмоқда
Ўқитувчининг ишга масъулият ва меҳр билан ёндашиши кўплаб омилларга боғлиқ. Аввало, ҳар бир инсон танлаган соҳаси бўйича яхши иш топишга интилади. Табиийки, бир жойда мустаҳкам ўрнашиб қолиш билим ва маҳорати, ўз имкониятини намойиш эта олишига боғлиқ. Аммо мавжуд аҳволни кузатиб, тизимда ҳали эътибор қаратиш керак бўлган муаммолар талайгина эканига ишонч ҳосил қилдик. Хусусан, ўқитувчиларнинг 1 ставка дарс билан тўлиқ таъминланиши бугунги куннинг энг долзарб масаласидир.
Аксарият мактабларда ўқувчи ва синфлар сони камлиги сабабли айрим фанлардан дарс соатлари етарли эмас. Масалан, кимё, биология, география ва иқтисодий билим асослари, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология, физика, информатика, миллий истиқлол ғояси, давлат ва ҳуқуқ асослари, маънавият асослари фанлари шулар жумласидан.
Бундай вазиятда ўқитувчи икки таълим муассасасида ишлашга мажбур бўлиб қолади. Аммо ўриндошлик штати ва ҳар йили солиқ декларациясини тўлдириш, меҳнат таътилига чиқармаслик ва пул тўланмаслиги, устама ва моддий рағбатлантирилмаслиги каби муаммолар кўндаланг туради. Ўз-ўзидан малакали мутахассислар таълимдан узоқлашади. Натижада мактаб раҳбари дарс соатларини номутахассис ўқитувчиларга беришга мажбур бўлади. Оқибатда, дарсларнинг сифат ва самарадорлиги тушиб кетади.
Шунингдек, кўпинча чекка ҳудудлардаги таълим муассасаларида мактаб директорлари иш сўраб келганларни ноумид қолдирмаслик мақсадида бир ставка дарс соатини икки ходимга тақсимлаб беради. Дарс соатини бу тарзда ўйламай тақсимлаш оқибатида таълим сифатига путур етмоқда.
Халқ таълими вазирлиги бирор фандан бир ставкадан ортиқча дарс соати бўлсагина янги мутахассис кадр ишга олинишини белгилаб қўйиши зарур. Шунингдек, синф ёки ўқувчи сони кам бўлган мактабларда мутахассис етишмайдиган фанлардан дарс соатларини ўриндошлик асосида эмас, асосий иш жойи сифатида белгилаш, барча устама ва моддий рағбатлантиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш йўлга қўйилса ўқитувчиларда ишга нисбатан масъулият янада ортган бўларди.
Шу билан бирга, педагог ходимнинг ставкаси 1,5 штатдан ошмаслигига эътибор қаратиш лозим.
Агар барча мактаб директорлари педагог ходимларини 1 ставка иш билан таъминлай олса ёки икки жойда ишлайдиган ўқитувчилар дуч келаётган муаммолар бартараф этилса, бу кадрлар тизимида эришилган катта ютуқ бўларди.
Ғайратжон ҚОРАБЕКОВ, Булунғур туманидаги 11-мактаб ўқитувчиси