Ўқитувчига ҳайкал қўйилган йил...
2018 йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаганига бир йил тўлди. Шу давр мобайнида мамлакатимизда олиб борилган шиддатли ривожланишлар, юртимиз қиёфасининг мафтункор манзаралари, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорликлар, барча-барчасини давлатимиз раҳбарининг ғайрат-шижоати, жасорати, деб биламиз.
Ҳозирги кунда дунё экспертлари Ўзбекистонни ҳамма бирдек ҳурмат қиладиган мамлакат, дея бежизга айтмаяпти. Чунки, кейинги икки йил давомида мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги ишлар, Ватанимиз тараққиёти, юртимиз юксалиши, эришаётган ютуқлар-у қўлга киритаётган муваффақиятларимизни айтиб адоғига, санаб саноғига ета олмаймиз. Мурожаатномада 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топганди.
2018 йилнинг 17 июль куни ўтказилган йиғилишда муҳтарам Президентимиз бизнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнатимизни осмон қадар улуғладилар. Ўқитувчига олтин ҳайкал қўйдилар. Бунинг учун биз Президентимиздан чексиз миннатдормиз.
Дарҳақиқат, биз бахтли мамлакатнинг бахтиёр фарзандларимиз. 2017 йилнинг 14-15 октябрь санасини ҳеч қачон унутмайман. Шу кунлари Хоразмга ташриф буюрган Президентимиз мактабимизнинг собиқ битирувчиси, 3 карра жаҳон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Шириной Раҳимовага “Спарк” автомашинасини совға қилди. Қанчадан-қанча ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга арзон уй-жойларнинг берилиши, меҳр-мурувват кўрсатилиши халқимизни ниҳоятда хурсанд қилди.
2018 йилнинг 29-30 ноябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи биз, хоразмликлар учун чексиз ҳурмат, моддий ва маънавий юксалиш сари дадил қадам ва улкан масъулият нишонаси бўлди.
Айниқса, Халқ таълими тизимидаги улкан ижобий жараёнлардан қалбларимиз қувнаб, дилларимиз яйраб бормоқда. Яқиндагина “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши – бизнинг ғайратимизга ғайрат, кучимизга куч қўшди.
Биз давлатимиз раҳбарининг “Билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир” деган сўзларини ҳеч қачон унутмаймиз ва унга доим амал қиламиз.
2018 йилнинг 18 декабрь куни ўтказилган “Замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш” масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Биз, ўқитувчи, устоз-мураббийлар ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш ва уларга берилаётган таълим тизимини янги босқичга кўтариш ишларига бор кучимизни, педагогик маҳоратимизни сарфлайверамиз.
Анор МАҲМУДОВА, Ўзбекистон Қаҳрамони,
Гурлан туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактаби директори