Имлодаги ўзгаришлар яна қатор чалкашликларга йўл очади
Қарийб 55 йилдан буён мактаб бағридаман. Умримнинг тенг ярми "Хўрозда дум борми?", "Қарқуноқда дум бўладими?" деган саволларга жавоб бериш билан ўтди.
Бу сатрларни ёзишимга яқинда интернет нашрларидан бирида эълон қилинган "Янги лотинча имлодаги ўзгаришлар: бир тўхтамга келинди, энди уни тезроқ тасдиқлаш қолди" сарлавҳали мақола сабаб бўлди.
Мақолада ёзилишича, шу йил 22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш муаммолари" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтган. Мақоладан лотин ёзувидаги ўзбек алифбосини янада такомиллаштириш учун ишчи гуруҳ ташкил этиб, қарийб икки йил давомида улкан ҳажмда ишлар олиб борилгани ва "Facebook" ижтимоий тармоғида "Ўзбек тили жонкуярлари" гуруҳи ташкил этилиб, турли таклифлар муҳокамага ташлангани ва қизғин баҳслар бўлиб ўтганини билиб олдик.
Мақолани ўқиш асносида менда "Алифбони қулайлаштириш мумкинми?" деган дастлабки савол пайдо бўлди. Хитой, япон ёки корейс ёзувларини қулай деб бўладими? Бошланғич синфни тамомлаётган хитойлик ўқувчи 500 дан зиёд иероглиф билиши лозим экан. Афсуски, айрим зиёлиларимиз "ноқулай" деган баҳона билан 25 йил давомида 25 та ҳарфни ўрганишга ҳафсала қилмади. Уларнинг фикрича, "ch", "sh" ҳарфларини ёзиш ноқулай эмиш, Ҳолбуки, немис алифбосида битта "ч" товуши тўртта ҳарф ("tsch") (!) билан ифодаланади. "Ш" ва "х" товушлари ҳам учта ва иккита ҳарф бирикмасидан иборат. Инглиз ва бошқа алифболарда ҳам шундай ҳолатлар мавжуд.
Назаримда, алифбо қулайлиги билан эмас, балки у ёки бу тилдаги ҳар бир товушни ифодалаш имконияти билан қадрли.
Шу маънода, ҳозир биз мактабларимизда ва болалар учун мўлжалланган нашрларимизда қўлланаётган алифбомиз ўзбек тилининг барча талабларига жавоб бера олади, фақат унда кичик бир жузъий камчилик бор. У ҳам бўлса, янги алифбомизда сирғалувчи "ж" товушини ифодалайдиган ҳарф мавжуд эмас. Ушбу муаммони ҳам осонгина ҳал қилиш мумкин. Агар ушбу товуш ҳозирча бекор турган "с" ҳарфи билан ифодаланса, олам гулистон бўларди-қўярди.
Яна бир томонини айтиб ўтмоқчи эдимки, амалдаги лотин ёзувимиз АКТ билан олий даражада уйғунлаштирилган. Компьютерда ўзбек тилида ёзиш учун ҳеч қанақа ортиқча дас¬турлаш ёки қайта дастурлашнинг ҳожати йўқ. Лотин алифбосида ишлайдиган исталган тизим воситасида ўзбек тилидаги сўзларни бемалол ёзиш мумкин.
Ўзбек тили жонкуярларининг янги таклифлари асосида иш тутиб, айрим ҳарфларга "дум" ва "шох" қўядиган бўлсак, худди илгари ҳар битта ёзув машинкасига қўшимча ҳарфлар қўйишга тўғри келган ҳолатдагидек аҳволга тушиб қолишимиз тайин. Қолаверса, ҳар гал алифбодаги ҳарфларни ўзгартиравериш йирик молиявий ва маънавий зўриқишларни келтириб чиқаришини унутмайлик.
Кейинги 25 йилда янги алифбо билан ёзадиган ва ўқийдиган бутун бир авлод майдонга келди. Айримларимиз эса ҳануз кирилл ёзувига ёпишиб олиб, онасидан айрилолмай юрган гўдакка ўхшаб юрибмиз. Хоразмлик таниқли ёзувчи ва шоир Исмоил Оллобергановнинг "Хатобойнинг саргузаштлари" номли қиссасидаги бир бобда асар қаҳрамонининг ёзув машинкасидаги "ё" ҳарфи бузилиб қолади. Уни тузатишнинг иложи топилмагач, Хатобой юқори ташкилотларга шикоят қилиб, алифбодан "ё" ҳарфини чиқариб ташлашни талаб қилади.
Келинг, биз ҳам Хатобойга ўхшаб кичик ноқулайлик ёки ҳафсаласизлигимизни катта муаммога айлантирмайлик.
Лотин алифбосидаги ёзувни тезроқ тўлиқ жорий этиш масаласида эса конференция иштирокчиларининг фикрига тўла қўшиламан. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг лотин алифбосига асосланган янги ўзбек ёзувига ўтиш ҳақидаги қонуни жорий этилишида сусткашлик — ижро интизомига риоя қилмаслик демакдир.
Худойберди КОМИЛОВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси