Ўринли эътироз
Шодиёр Тўраевнинг "Қайси бири тўғри?" номли "Мa’rifat" газетасининг 2018 йил 13 октябрь сонида эълон қилинган мақоласи кўпчилик она тили ва адабиёт фани мутахассисларининг эътиборига тушган бўлса ажаб эмас. Мақола муаллифи таъкидлаганидек, дарсликларимизда узвийлик таъминланмаган. Ҳатто бир дарслик иккинчисини инкор қилувчи ўринлар жуда кўп. Бу каби камчиликлар она тили ва адабиёт таълими сифатини ва фанга нисбатан ўқувчилар қизиқишини сусайтиради. Фикримизча, она тилимиздаги грамматик қонуниятлар учун ўзгармас таърифлар, қоидалар дарсликда назарий жиҳатдан тўлақонли ёритилиши ва 5-синф дарслигидан то 11-синф дарслигигача якдил фикр акс этиши шарт.
Муаллифнинг содда йиғиқ ва содда ёйиқ гап, уюшган кесимли гаплар ҳақидаги эътирозлари жуда ўринли. Янги дарсликлар авлодини шакллантиришда бу масалалар ечимини топиши шарт.
Мақолада академик лицейнинг 2-босқичлари учун "Ҳозирги ўзбек адабий тили" дарслигидаги 217-машқдан иқтибос келтирилган эди. Худди шу машқда: …Гаплар тузилишига кўра тўрт хил бўлади: содда, қўшма, мураккаб гаплар ва периодлар...
Мазкур гап илмий услуб мавзусида берилган. Эътибор беринг, бугунги кунда олий ўқув юртига кириш синовларида дарсликлардаги машқлар ичидан ҳам тест саволлари тақдим этилмоқда. Агар шу матн тестга айланса, нима бўлади? Демак, мураккаб гап ва периодга ҳам изоҳ киритиш шарт. Мураккаб гап ҳақида касб-ҳунар коллежлари дарс¬лигида маълум фикрлар бор. Лекин академик лицей ва мактаб дарсликларида бу масалалар ёритилмаган.
Бу мавзуни ёритиш учун берилган оддий машқ-да, "пашшадан фил ясамайлик" қабилида иш тутадиган бўлсак, содда йиғиқ ва содда ёйиқ гап учун берилган энг мақбул таъриф айнан шу машқда келтирилган. 5-синф "Она тили" дарслигидаги қоидани академик лицейнинг 3-босқич “Ҳозирги ўзбек адабий тили” дарс¬лиги инкор қилади. Камола кириб келди гапи 5-синф ўқувчиси учун содда йиғиқ гап, академик лицейнинг 3-курс ўқувчиси учун содда ёйиқ гап. Хўш, бу ўринда абитуриент қайси бирини қабул қилиши керак?
Ўқитувчилик фаолиятимни академик лицейда бошлаганман. Жорий ўқув йилидан ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида дарс бера бошладим. "Гап бўлаклари" мавзусига келганда жуда қизиқ ҳолат юз берди. Бошланғич синфда эга ва кесим — гапнинг бош бўлаги, деб ўргатилган. 5-синф дарслигида эса бош бўлак ва иккинчи даражали бўлаклар ҳақида аниқ бир таъриф келтирилмаган. 5-синф "Она тили" ўқитувчилари учун нашр қилинган китобда эса кесим бош бўлак, эга унга нисбатан иккинчи даражали бўлаклиги айтилган. Бу масалага ойдинлик киритилмас экан, содда ёйиқ ва содда гап, содда ва қўшма гап, уюшган кесимли гап ҳақидаги қоидаларимиз мавҳум ҳолатда тураверади.
Академик лицейнинг 2-курс "Ҳозирги ўзбек адабий тили" дарслигидаги қуйидаги қоидага эътибор беринг: Сифат ясовчи -сиз қўшимчаси бе-, но- олд қўшимчалари билан синонимик муносабатда бўлади. Шунинг учун уларни кўпинча бирининг ўрнида иккинчисини қўллаш мумкин. Масалан, умидсиз, беумид — ноумид; лекин уларни ҳам доимо бир-бири билан алмаштириб бўлмайди. Масалан, ақлсизни беақл дейиш мумкин, лекин ноақл деб бўлмайди. Шунингдек, номард, номаълум сингари сўзлардаги но- олд қўшимчасини бе- олд қўшимчаси ва -сиз қўшимчасига алмаштириб бўлмайди, чунки бу сўзлар форс-тожик тилидан ўзбек тилига тайёр ҳолда ўтган. Ҳозирги ўзбек тилида ясалган эмас.
6-синф "Она тили" дарслигидаги қуйидаги машққа эътибор беринг: 60-машқ. Нуқталар ўрнига қавс ичидаги мос қўшимчани қўйинг. …Мард бўлган киши... (-лар, -ча, -да) ҳақиқат, қаноат, сабр, эзгулик, виждон, адолат, диёнат, инсоф, (бе, ба-, но)…мардларда ёлғизлик, ожизлик, маккорлик, ҳасад, адоват каби сифатларни учратиш мумкин. Бунга кўра, номард сўзи асос ва қўшимчага ажралади. Демак, номард сўзи ясама деган хулоса келиб чиқади. Кўриб турганимиздек, дарсликларимизда бир-бирини инкор қилувчи қоидалар, таърифлар, машқлар талайгина. Янги дарсликлар авлодини шакллантиришда ҳар бир қоида, ҳар бир таъриф, дарсликдаги ҳар бир машқ якдил фикрга асосланиб ёзилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Гулноза ХОЛДОРОВА, Наманган шаҳридаги 21-ИДУМИ ўқитувчиси