Дарс соатлари қисқарса ўқитувчига зиён бўлади!
Мамлакатимизда таълим тизимини янада ривожлантириш, ўқитувчилар обрўсини кўтариш мақсадида жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг қарор ва фармонлари асосида халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган педагог кадрлар маоши оширилди, уларга имтиёзлар бериляпти.
Халқ таълими ходимларини туман ва шаҳарлар ҳудудини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига, касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва тадбирларга жалб этиш, халқ таълими муассасалари фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларга ва ўрнатилган тартибга риоя этмаган ҳолда текшириш тақиқланди.
Аммо кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган мавзу мени ҳам бефарқ қолдирмади. Президентимизнинг "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда умумий ўрта таълимнинг амалдаги таянч ўқув режасини қайта кўриб чиқиб, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб 10 фоизга қисқартириш ҳамда мазкур фанлар бўйича дарс соатлари қисқартирилган мутахассисларни талаб юқори бўлган бошқа ўқув фанларига бепул қайта тайёрлаш юзасидан таклиф киритиши лозимлиги белгиланган. Бу кўпчилик ўқитувчиларни хавотирга солмоқда. Ҳамма ўз фанидан дарс соатлари қисқаришидан хавотирда. Эндигина ўқитувчилар маоши оширилган паллада, уларнинг дарс соатини қисқартириш бир қўл билан бериб, иккинчиси орқали олиб қўйишга тенг. Мисол учун, қарорга асосан, умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан босқичма-босқич оширилиши белгиланди. Аммо қайси фан бўлмасин, дарс соатлари қисқартирилса, маошнинг оширилиши ўша фан ўқитувчиларига наф бермайди. Эътибор берилса, Президент қарорида таклифлар киритиш сўралган. Фикримча, дарс соатларини қисқартириш эмас, такомиллаштириш керак. Вазиятдан чиқишнинг бошқа — ўқитувчига моддий ва маънавий зарар етказмайдиган йўлини топиш лозим. 35—40 нафар ўқувчига 45 дақиқа сифатли таълим бериш учун дарс соатларини қисқартириш бирдан-бир ва тўғри чора эмас. Агар шундай қилинса, кўп ўқитувчилар ишсиз қолади. Масалан, бир мактабда 4 нафар мусиқа ўқитувчиси бўлса, дарс соати камайиши туфайли уларнинг иш бирлиги (ставкаси) ҳам қисқаради.
Назаримда, мутасаддилар ўқувчиларга дарс юкламаси кўплигини эътиборга олишяпти, бироқ иккинчи томон, ўқитувчининг дарс юкламасини ҳисобга олмаяпти. Масалан, халқаро тажрибага назар солсак, ривожланган давлатларда ўқитувчининг ҳафталик дарс юкламаси 28—30 соатни, бизда эса 35—37 соатни ташкил этади. Демак, ўқувчиларга қулайлик яратиш учун дарслар оптималлаштирилса, ўз навбатида, ўқитувчининг дарс юкламаси ҳам халқаро талаб даражасига келтирилиши керак. Агар шундай қилинса, дарс соатлари қисқарган тақдирда ҳам, бу ўқитувчининг маошига таъсир қилмайди. Яъни, ҳозирги тартиб бўйича 37 соат дарс ўтиб, бир ставка учун маош олаётган педагог шу ойликни 28 соат учун ҳам олади.
Иккинчи таклифим: ўқув юкламаси қисқарган тақдирда барча синфлар ва фанлар кесимида бир хил эмас, балки ўқувчиларнинг қизиқишини ҳисобга олган ҳолда ихтисослашувни йўлга қўйиш керак. Яъни, аниқ фанларга қизиқувчи ўқувчилар учун шу фанларга ихтисослаштирилган синф, чет тилларга қизиқувчиларга хорижий тилларга йўналтирувчи синфлар ташкил этиш лозим. Синфдаги соҳавий фанлар кўпайтирилиб, бошқа фанлар қисқартирилиши лозим. Чунки синфда ўқувчилар сони 35 нафардан зиёд бўлгани учун ҳозирги режадаги дарс соатлари минимал, десак ҳам бўлади. 35—40 нафар ўқувчига 45 дақиқада сифатли билим бериш имконсиз. Айниқса, аниқ фанларни ўқитишда мавзуни тушунтиришга улгура олмаймиз. Шу боис синфни иккига бўлиб ўқитиш йўлга қўйилса, дарс соатлари қисқариши ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам зиён келтирмайди.
Фируза ГАФАРОВА, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби