«Ўқитувчи таълим муассасаси, ўқувчилари ва ўзи ҳақида» сўровнома
Ўқитувчиларнинг ўз касбига ва таълим тизимидаги ислоҳотларга муносабати қандай? Улар педагогик жамоадаги умумий муҳитни қандай баҳолайди? Мураббийлар ҳуқуқбузарликларга мойил, тарбияси оғир болалар тўғрисида қандай фикрда? «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган «Ўқитувчи таълим муассасаси, ўқувчилари ва ўзи ҳақида» мавзусидаги сўровномада шу каби саволларга жавоб изланди.
Республикамизнинг барча ҳудудлари қамраб олинган ижтимоий тадқиқотда шаҳар ва қишлоқ жойлардаги мактаб, академик лицей ва коллежларнинг 21 ва ундан юқори ёшдаги ўқитувчилари қатнашди. Сўров иштирокчилари фуқароларнинг сифатли ва бепул таълим олиши жамият равнақини белгилаши, мамлакатимизда бу соҳа давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан экани, таълим самарадорлигини таъминлашда ўқитувчининг касбий маҳорати, салоҳияти, малакаси ва кўникмаси муҳим роль ўйнашини билдиришган.
Ўқитувчилар ўзи ҳақида
Таълимнинг бирламчи объекти — ўқитувчи. Айнан у шахс камолотига қаратилган илк таълим босқичининг асосий омилидир. Тадқиқот давомида аниқланишича, мактаб, лицей ва коллеж ўқитувчиларининг кўпчилиги ўз касбини, ўқувчиларини яхши кўради. Улар тинимсиз саъй-ҳаракат қилиб, бор билим ва тажрибасини ишга солиб, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, ижтимоий фаол этиб вояга етказишга тайёр.
Ўқитувчиларнинг аксарияти давлатимизнинг умумий ўрта таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди. Тадқиқот иштирокчилари ушбу ислоҳотларнинг асосий вазифаси таълим сифатини ошириш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш, таълим муассасаларига юқори касбий маданиятга эга бўлган иқтидорли, ижодкор ва ташаббускор мутахассисларни жалб этишдан иборат, деб ҳисоблайди.
Сўров натижасида ўқитувчилар нафақат ўқувчилар, балки улар орқали бутун жамият, давлат келажагини шакллантираётгани ўз тасдиғини топди. Бундан кўринадики, кўп нарса ўқитувчининг қобилияти, шижоати, иродаси, масъулияти ва жасоратига боғлиқ.
Респондентларнинг 75,3 фоизи ўз мактабидаги психологик муҳитни ижобий баҳолаган. Шунингдек, ўқитувчилар саъй-ҳаракатини бир мақсад йўлида якдил бирлаштира олиши, жамоада ўзини ҳаммаслак, ҳамфикр сифатида ҳис этиши, касбдошларини дўст деб билиб, уларнинг муаммосини ҳал қилишда ёрдамга шайлигини таъкидлаган.
2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш Давлат дастурига мувофиқ олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳар бешинчи ўқитувчи ўтган йиллар давомида ўқитувчи обрўси ошганини, авваллари эса бунинг акси бўлиб, ўқувчилар бу касбни ўзига ижобий намуна деб ҳисобламаганини таъкидлади. Бу ўқитувчиларнинг моддий таъминланганлик даражаси юқори эмаслиги, халқ таълими тизимида иқтидорли ва ҳақсевар одамлар, айниқса, эркакларнинг камайиб кетгани билан боғланган.
Ҳар тўртинчи респондент кўп йиллар давомида мунтазам равишда ўз вазифасига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этилганини билдирган. Бу эса ўқитувчиларнинг нуфузига сезиларли путур етказган. Шу боис, ўқитувчилар таълим тизимидаги нуқсонларни бартараф этиш йўлидаги ҳозирги ислоҳотларга хайрихоҳ.
Ўқувчилар ҳақида
Тадқиқот давомида ўқитувчиларнинг аксарияти мактаб ўқувчиларининг руҳий ва маънавий-ахлоқий тарбиясини ижобий тавсифлаган. Лицей ва коллеж ўқувчилари орасида эса ахлоқий мезонлар устувор эмаслиги, баъзан ўқитувчилар ўз ўқувчиларини яхши тушуна олмаслиги аён бўлди.
Болани интеллектуал ва маънавий жиҳатдан етук этиб вояга етказишни уларнинг оила аъзолари билан мулоқотдан айро тасаввур этиш қийин. Ота-оналар билан ҳамкорлик болаларнинг ижтимоийлашуви ва тарбия жараёнида юқори самара беради. Сўровда қатнашганларнинг 76,7 фоизи биринчи галда оилада ижтимоий-психологик ва ахлоқий-ҳуқуқий меъёрларни шакллантириш зарур, чунки бу фазилатлар боланинг ҳаётий йўналишини белгилашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.
Ҳар бешинчи ўқитувчи ўсмирлик даврида ўқувчиларнинг шахсий шаклланиши, ҳаётий дунёқарашига синфдошлари, дўстлари, тенгқурлар мулоқоти кўпроқ таъсир кўрсатишини қайд этган. Ҳар ўнинчи ўқитувчининг фикрича, сўнгги пайтларда ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатига сезиларли таъсир кўрсатувчи омиллар сафига интернет, хусусан, турли ижтимоий тармоқлар ва ундаги виртуал гуруҳлар қўшилди.
Респондентларнинг 87,8 фоизи мунтазам дарс қолдирадиган, девиант хулқ-атворли, синфдошлари ва ўқитувчиларига нисбатан агрессив муносабатдаги болалар мактаб ва жамиятга муайян хавф туғдирмоқда, деб ҳисоблайди. Бундай ўқувчилар тез орада ҳуқуқбузарга айланади. Бу эса таълим муассасаси обрўсига доғ туширади ва уларнинг ўзлари яқинларининг ҳаётини жиддий равишда мураккаблаштиради.
Тадқиқотда ҳар ўнинчи ўқитувчи мактабдаги ўқувчилар ўртасида майда безорилик, ўғрилик, ўзаро жанжаллар учраб туришини қайд этган. Майда безорилик ҳолати коллеж (58,5 фоиз), болалар ва ўсмирлар ўртасидаги зўравонлик лицей (26,8 фоиз) ўқувчилари ўртасида кўпроқ кузатилмоқда. Гуруҳлараро жанжаллар ҳам кўпроқ коллеж ўқувчилари ҳиссасига тўғри келган.
Муаллимларнинг фикрига кўра, ўқувчиларнинг бундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйишининг асосий сабаби уларда ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги, ножўя хатти-ҳаракати орқали қонунчилик талабларини бузаётгани ва бунинг учун жазоланиши мумкинлигини тушунмаслигидир. Ҳар ўнинчи респондент бу ҳолатни болаларнинг шахсий хусусияти — ташқи таъсирларга берилиш, ўзини ўзи кўрсатиш истаги ҳамда оиладаги носоғлом муҳит билан боғлаган.
Тадқиқот давомида ҳар бешинчи педагог ўзини ёлғиз ҳис қиладиган, ҳаётидан қониқмайдиган, тенгдошлари томонидан рад этилган ёки қабул қилинмаган болаларга дуч келишини таъкидлаган. Шаҳар ўқитувчилари машғулотларда бирор муаммо билан чалғиган ўқувчиларга кўпроқ юзма-юз келади. Респондентларнинг фикрига кўра, ота-она ва фарзанд ўртасидаги ишонч, виртуал муҳитда бола хатти-ҳаракати устидан назоратнинг йўқлиги, айрим ота-оналар ва ўқитувчиларнинг замонавий оламдаги янги маънавий-мафкуравий таҳдидлар ҳақида кам маълумотга эга экани бунга асосий сабаблардан биридир.
Болалар ва ўсмирларда руҳий тушкунликка йўл қўймаслик учун оилада ота-она ва бола ўртасида ишонч, бир-бирини тушунишга асосланган соғлом муҳит яратилиши зарур. Ота-она, ўқитувчи ва психологнинг яқин ҳамкорликда ишлаши, ўқувчининг ҳар бир ижобий ҳаракати, интилишини қўллаб-қувватлаш, уни таълим муассасасининг ижтимоий ҳаётига жалб этиш ёлғизлик, депрессия ҳиссини бошдан кечираётган бола ҳаётидаги қийин вазиятларни бартараф этиш учун самарали чорадир.
Таълим муассасалари аҳволи тўғрисида
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатдаги таълим муассасалари бинолари, жумладан, аудиториялар, заллар, техник ва санитария иншоотларининг қарийб ярми (48,6 фоиз) капитал таъмирланган. Респондентларнинг фикрига кўра, лицей ва коллежларга қараганда мактаб биноларида тез-тез таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Шунингдек, юртимиздаги ўқув муассасаларининг 55,7 фоизи таълим учун зарур техник восита — компьютер билан таъминланган. Тадқиқот натижаларига кўра, таълим муассасаларининг 53,6 фоизи ZiyoNET ахборот-таълим порталига уланган. Шаҳар мактаблари ZiyoNET тармоғидан қишлоқ мактабларига қараганда анча кенг фойдаланиш имкониятига эга.
Респондентларнинг 75 фоизи фикрича, республикамиздаги мактаб кутубхоналари барча талабларга жавоб беради ва тўлиқ ишлайди. Лицей ва коллежларда бу кўрсаткич бироз пастроқ — 69 ва 62,2 фоизни ташкил этади. Демак, бу муассасалар дарсликлар, ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар билан тўлиқ таъминланмаган.
Сўровнома натижалари, айниқса, қишлоқ жойлардаги таълим масканларида ичимлик суви, электр энергияси ва марказий иситиш тизими билан таъминлаш, канализация ва тиббиёт хонасининг аҳволи жуда қониқарсиз эканини кўрсатди. Сўровнома иштирокчилари бу масала нафақат ўқувчиларнинг соғлиғи, балки таълим муассасасининг эпидемиологик ҳолатига ҳам таъсир қилишига алоҳида эътибор қаратган. Тадқиқот шуни кўрсатдики, кўплаб таълим муассасаларининг ҳожатхонаси ўқув корпусининг ташқарисида жойлашган, респондентларнинг 39,3 фоизи эса мактаб, лицей, коллеж биносида ҳожатхона йўқлигини таъкидлаган. Шунингдек, кўплаб хоналар тозалаш ва дезинфекция учун зарур ускуналар билан таъминланмаган ёки етишмайди, иссиқ сув мавжуд эмас.
Болалар ва ўсмирлар саломатлигини сақлашнинг асосий шартларидан бири мунтазам, мувозанатли, юқори сифатли ва тўйимли озиқ-овқат ҳисобланади. Шу боис, мактабда ошхонанинг мавжудлиги, болалар қулай нархларда иссиқ овқат билан таъминлангани алоҳида аҳамиятга эга. Тадқиқот натижаларига кўра, шаҳар ва қишлоқлардаги таълим муассасаларининг атиги ярмида ошхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўқитувчиларнинг фикрига кўра, 11 йиллик таълим тизимига ўтиш жараёни ўқув жараёнининг сифатини яхшилашга, асосий фанлар бўйича узлуксиз ва чуқур билим олишга ёрдам беради. Бунинг асосий ижобий жиҳатларидан бири шуки, ўн бир йил ўқиш давомида ўқувчилар ўз мактабида мураббийлари кўмагида тенгдошлари билан биргаликда маънавий, психологик ва жисмоний жиҳатдан шаклланади. Бу таълимнинг узвийлигини таъминлайди, ўқувчи-ёшларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашга замин яратади, “оммавий маданият” каби ёт ғояларга қарши иммунитетини мустаҳкамлайди, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар сонини камайтиради. Шу билан бирга, мактаб битирувчилари келгусида ўрта махсус ёки олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўлади.
“Ma’rifat” мухбири Дилшод РЎЗИҚУЛОВ тайёрлади.