Инсон қадр-қиммати доим эътиборда
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта ҳаяжон билан тингладим. Билдирилган фикрлар қалбимизда эртанги кунга бўлган умид ва ишончни янада мустаҳкамлади. Мурожаатномада тилга олинган барча устувор вазифалар ва топшириқлар бизни янги марралар сари руҳлантирди.
Айниқса, 2019 йилнинг Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб номланиши 2018 йилда барча соҳаларда олиб борилган ишларни янада юксалтиради.
Мурожаатномада мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб берилди. Бу ўз навбатида мактабгача таълим, умумий ва олий таълим ҳамда илмий фаолиятни такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш вазифасини олдимизга қўяди.
Президентимиз Мурожаатномада Ўзбекис¬тоннинг шонли тарихини янгитдан, мукаммал ўрганиш учун оммавий ахборот воситалари, интернет ресурсларидан кенг фойдаланиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, шу мақсадда МТРК таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиш, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш вазифасини қўйди. Мамлакатимиз музейларида сақланаётган тарихий экспонатларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳар бир музейнинг каталогини яратиш лозимлигини таъкидлади.
Мени қаттиқ таъсирлантирган жиҳат — Мурожаатномада белгиланган ҳар бир вазифа ва топшириқ инсон манфаати, қадр-қимматини юксалтиришга қаратилганидир.
Мисол учун Мурожаатномада пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оила аъзоларини, боқувчисини йўқотганларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи доимо эътиборимизда туриши кераклигини, умрини ногирон фарзандига қараш, уни парвариш қилишга бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа тури жорий этилишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари давлат-хусусий шериклик асосида янги маданият ва истироҳат боғларини ташкил этиш, уларни замонавий ёшлар масканларига айлантириш чораларини кўришимиз, ушбу боғлар таркибида биринчи навбатда спорт майдончалари, амфитеатр ва кичик саҳналар, кутубхона, “Китоб кафелари” бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада халқимизнинг янада фаровон, бахтли яшашига хизмат қилувчи омилларни белгилаб берди.
Омина ОМОНОВА, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси