Таълим-тарбияда бефарқликка ўрин йўқ
Фарзандингиз дарсларни қандай ўзлаштиряпти? Кимлар билан дўст? Мактабдан кейинги бўш вақтини қандай ўтказмоқда? Унинг юриш-туриши, қизиқишини ўрганиб борасизми?
Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча мактабларида ўтказилган ўқув масканларининг 2018 йилги режалари ва галдаги вазифаларига бағишланган тақдимот йиғилишларида шу каби долзарб масалалар кенг муҳокама этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 3 январь куни Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда мактаб таълими сифатини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, соҳада кечаётган ўзгаришлардан ота-оналарни хабардор этиш, уларни таълим даргоҳларининг истиқболдаги режалари билан таништириш, ўқитишнинг сифати ва мазмунини, маънавий-ахлоқий ишлар кўламини юксалтиришга оид таклиф-мулоҳазаларини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Ўқув масканларининг 2018 йил режаларига бағишланган тақдимот тадбирларида шу ҳақда батафсил сўз юритилди.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 64-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тақдимотга ота-оналар билан бирга ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла фаоллари таклиф этилди.
Мазкур мактаб директори Муборак Юсупова жорий ўқув йили давомида ўтказилган билимлар беллашувлари, турли маърифий тадбирларда ўқувчилар фаол иштирок этганини таъкидлади. Болаларни турли тўгаракларга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, айниқса, ўсмир ёшдаги болаларни турли иллатлардан ҳимоялаш долзарб эканини қайд этди.
– Аввал фарзандларим, энди эса невараларим шу мактабда ўқимоқда, – дейди Нур маҳалласи фаоли Т.Собиров. – Мактаб режасига оид тақдимотнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирокида ўтказилиши яхши ташаббус. Имкониятларнинг қадрига етмай, тўқликка шўхлик қилиб, ўзини ҳам, ота-онасини ҳам мулзам этаётган айрим ўқувчилар мисолида бошқалар ўзи учун тегишли хулоса чиқариши, таълим-тарбияга масъулият билан ёндашиши учун бундай тадбирлар яхши имкониятдир. Негаки, таълим-тарбияда бефарқлик, хотиржамлик кетмайди.
Тадбирда мактабнинг келгусидаги режалари, таълим маскани, маҳалла, ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш хусусида батафсил сўз юритилди. Ўқишда, жамоат ишларида тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди.
Н.УСМОНОВА,
ЎзА мухбири