218 нафар олий маълумотли ўқитувчи етишмайди
Ўқувчиларга замонавий таълим-тарбия бериш, аввало, ўқитувчининг касбий малакасига боғлиқ. Афсуски, бугунги кунда айрим таълим муассасаларида малакали педагоглар етишмайди. Яқинда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланганидек, келгуси ўқув йилида тизимда 25 минг нафар олий маълумотли ўқитувчига эҳтиёж сезилиши прогноз қилинмоқда. Муаммони ҳал этиш мақсадида узоқ ҳудудларда ишлаши учун ўқитувчиларга қўшимча имтиёзлар бериш, уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш, моддий-маънавий рағбатлантириш чоралари кўриляпти.
Жиззах вилоятидаги 542 та мактабда 18704 нафар педагог меҳнат қилмоқда. Уларнинг 478 нафари олий, 2947 нафари 1-, 6568 нафари 2-тоифали педагог, 8711 нафари мутахассис ҳисобланади. Шундан 16872 нафари, яъни 92 фоизи олий маълумотли мутахассислардир.
Ўрта махсус ва тугалланмаган олий маълумотли кадрлар махсус сиртқи бўлимларда ўз касбий малакасини ошириб, олий маълумотга эга бўлмоқда. Жиззах давлат педагогика институтининг махсус сирт¬қи бўлимида бу йил 527 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчи таҳсил олмоқда.
— Айни пайтда вилоятимизда 218 нафар олий маълумотли педагогга эҳтиёж мавжуд, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими мутахассиси Бахтиёр Норбўтаев. — Беш йил давомида ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни махсус сиртқи таълим бўлимида ўқитиш ор¬қали олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги бартараф этилади. Муаммо фанлар кесимида ўрганилганда кимё, информатика, биология, рус тили ва адабиёти, инглиз тили, мусиқа ва ашула, тасвирий санъат ва чизмачилик, бошланғич таълим йўналишларида эҳтиёж юқорилиги аниқланди. Ҳудудлар кесимида эса Фориш, Мирзачўл, Зарбдор, Ғаллаорол, Бахмал, Арнасой туманларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж катта.
— Зомин туманидаги 68-мактабда ўн беш йилдан бери ўқувчиларга жисмоний тарбия фанидан дарс бераман, — дейди Дилшод Худойбердиев. — Жиззах олимпия захиралари коллежида ўқиганман. 2017 йили Жиззах давлат педагогика институтида янги очилган махсус сиртқи бўлимга ўқишга қабул қилиндим. Келгусида олий маълумотли мутахассис сифатида фаолият олиб боришим мумкин.
Вилоят халқ таълими бош¬қармаси мактабларда олий маълумотли кадрлар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Мамлакатимиздаги педагогика йўналишидаги олий ўқув юртлари билан шартнома тузилиб, унга кўра жиззахлик битирувчи талабаларни ҳудуднинг ўзида ишга жалб этишга эришилмоқда. Йигит-қизлар воҳадаги мактабларда ишлаши учун қулай шарт-шароит яратил¬япти. Мисол учун, ўтган йили Зомин туманидаги мактабларда ишлайдиган беш нафар ўқитувчига намунавий лойиҳадаги уй-жойлар берилди. 2018 йилда яна ўн нафар ёш педагогга янги уй бериш кўзда тутилган.
Ўқитувчиларнинг касбий малакасини оширишда мактабларда Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган аниқ, табиий, гуманитар ва филология фанлари бўйича таянч мактабларнинг ҳам ҳиссаси катта. Аниқ фанлар кесимида 17 та, гуманитар фанлар кесимида 19 та, табиий ва филология фанлари кесимида 20 та таянч мактаб фаолият олиб бормоқда. Машғулотларда ўқитувчиларнинг фан назарияси ва методикасига оид билимларини ошириш, уларни янги метод ва усуллар билан таништириш мўлжалланмоқда.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
“Ma’rifat” мухбири