Миллий қадриятларимиз ифодаси
Юртимиз мустақилликка эришгач, барча ислоҳотлар мазмун-моҳияти инсон манфаатларини таъминлаш, турмуш тарзини юксалтиришга қаратиб келинмоқда. Бундай ёндашув Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан йилларга муайян ном бериш анъанасида ҳам ўз ифодасини топди.
Йилларни шартли равишда номлаш шунчаки ижтимоий ҳаётнинг, тараққиётнинг маълум бир жиҳатигагина эътибор қаратишдан иборат эмас. Бу номларда халқимизнинг дунёқараши, миллий қадриятларимиз ифодаланади. Тарих зарварақларига сингиб бораётган йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланганида халқимизнинг маънавий олами, маданияти, кексаларга муносабати ўз ифодасини топган. Кексаларни эъзозлаш энг олий қадрият сифатида ривоятлардан тортиб мумтоз адабиётнинг энг сара намуналари мазмунига қадар сингдириб юборилган. Ёши улуғларни ҳурмат қилиш, қадрлаш Юсуф Хос Ҳожиб ўгитларида, Алишер Навоий каби буюк мутафаккирларимиз ҳикматларида мужассам. Мумтоз асарларимизда ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларнинг ҳаёт тажрибасидан, тафаккур маҳсулларидан кенгроқ фойдаланиш жоизлиги таъкидланади. Ўтиб бораётган йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши халқимиз ботинига сингиган қарияларни қадрлашдек инсоний фазилатни яна бир бор таъкидлашга хизмат қилди.
Кириб келаётган йилнинг Юртбошимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили” деб номланишини миллий қадриятлар, анъаналар бардавомлиги сифатида баҳолаш мумкин. Янги йилнинг бу тарзда номланиши кексаларини ҳурмат қилган, улуғлаган халқ аёлларини ҳам, фарзандларини ҳам қадрлашига таъкид ҳамдир.
Оналари ва болалари бахтиёр халқнинг кўкси баланд, руҳияти юксак бўлади. Шу маънода бўлғуси оналарни эъзозлаш, уларнинг соғлиғига эътибор бериш фарзандлар камолида муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу жиҳат ёрқин акс этди: «Ҳақиқатан ҳам, болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис-туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак. Бу борада барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур».
Айтиш жоизки, она билан бола саломатлигининг уйғун тарзда кун тартибига чиқарилгани ҳам ота-она, ҳам фарзандни ҳимоя қиладиган, асраб-авайлайдиган ўзбек миллати миллий қадриятларининг ўзига хос ифодаси бўлди. Она саломатлигига эътибор бериш фарзанд саломатлигини, камолини таъминлаш ҳамдир.
“Соғлом она ва бола йили” миллат олдига бир қатор вазифаларни қўяди. Сабаби, бугун сочлари қўнғироқ, эркатой қизча эртага она бўлади. Ўйинқароқ болажон эртага оила бошқаради, оиласини, ўз яқинларини, юртини муҳофаза қилади. Демакки, она ва бола саломатлигига эътиборни онанинг болалигидан бошлаш керак. Бола зукко, билимдон, ақл-идрокли, юксак тафаккур соҳиби бўлиши учун она маънавиятли бўлиши, кўп китоб ўқимоғи, теран мушоҳада юритмоғи лозим. Бола миллатга садоқатли, ватанпарвар бўлиши учун она фаҳм-фаросатли, ақлли, идрокли, миллатпарвар бўлиши керак.
Оналар ва болаларнинг жисмоний саломатлиги билан бир қаторда маънавий соғломлиги ҳақида бирдай бош қотириш жоиз бўлади. Аждодлар мероси, қадриятларини чуқур англаган, етарлича ўзлаштирган маънавий соғлом она фарзандини худди шу руҳда тарбиялай олади.
Янги йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши бу масала борасида ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасида, хусусан, ишлаб чиқариш, таълим-тарбия соҳасида уйғун фаолият олиб боришни тақозо қилади. Зеро, жисмоний ва маънавий соғлом она ва бола юрт тараққиёти, миллат равнақининг муҳим омилидир.
Зулхумор ХОЛМАНОВА,
ЎзМУ профессори, филология фанлари доктори
ЎзА сурати.