Куни узайтирилган гуруҳ учун тўлов 43 000 сўм
Ҳар бир ота-она фарзандининг яхши ўқиб, комил инсон бўлиб улғайиши учун моддий, маънавий ва руҳий имкониятларини аямайди. Болаларнинг қўшимча билим олиши ва ҳунар эгаллаши учун мактабларда турли тўгарак, дарсдан ташқари машғулотлар ташкил этилаётгани ота-оналарнинг хоҳиш-истакларига ҳар жиҳатдан мос келмоқда. Бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган куни узайтирилган гуруҳлар ҳам айни мақсадга хизмат қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори асосида тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом"нинг 3-боб, 22-бандида ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, болаларнинг таълим-тарбиясига кўмаклашиш мақсадида умумтаълим муассасаларида куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этилиши белгиланган. Гуруҳ фаолияти ота-оналар билан умумтаълим муассасаси ўртасида тузиладиган шарт¬номага биноан, тўлов асосида амалга оширилади. Халқ таълими ҳамда Молия вазирликларининг “Умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига кўра, тўлов ҳар ой учун энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида белгиланган. Гуруҳда ўқувчилар сони 25—30 нафарни ташкил этиши, болалар сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оила фарзандларига ота-оналар қўмитаси хулосасига кўра имтиёз берилиши кўзда тутилган. Гуруҳ тарбиячилари меҳнатига қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда ҳақ тўланади ва моддий рағбатлантирилади.
Айтиш жоизки, бу гуруҳлар фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Энди болалар гуруҳда аввалгидек фақат уй вазифаларини бажариш билан чекланмайди, балки янги билимлар олади, қизиқишлари бўйича касб-ҳунарларга йўналтирилади, чет тилларни ўрганади, бўш вақтларини мазмунли ўтказади. Куни узайтирилган гуруҳда қатнашиш ихтиёрий бўлиб, нафақат паст ўзлаштирувчи ўқувчилар, шу билан бирга, “аъло"чилар ҳам қамраб олинади. Тўлов миқдори ҳам ота-оналарни қониқтиради: 43 000 сўм.
Жойлардаги таълим муассасаларида намунали ташкил этилган куни узайтирилган гуруҳлар фаолияти билан қизиқдик. Жумладан, Норин тумани 42-мактабдаги гуруҳлар тажрибаси ибратга лойиқ. Машғулотларга 9 та бошланғич синфдан 266 нафар ўқувчи қамраб олинган. Синфхоналар ДТС талаблари асосида жиҳозланиб, ўқув-методик дастурлар ва кўргазмали воситалар билан таъминланган.
— Ўқув йили бошида бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари билан куни узайтирилган гуруҳлар фаолияти бўйича умумий йиғилиш ўтказдик, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Назира Мамадалиева. — Ота-оналар гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйишни қўллаб-қувватлаб, ўз таклиф-мулоҳазаларини ҳам айтди. Гуруҳларга тарбиячи-педагогларни тайинлашга жиддий ёндашдик. Танлов асосида 9 нафар номзоддан 5 нафарини саралаб олдик.
Бошланғич синф ўқитувчиси Нурия Пўлатова 14 йиллик иш тажрибасига эга педагог. У сабоқ бераётган 2-"Д” синфдаги 26 нафар ўқувчининг барчаси дарсдан кейинги машғулотда иштирок этади. Тарбиячи Нодира Эркинбоева билан машғулотларни самарали ўтиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Белгиланган жадвалга кўра, ўқувчилар душанба куни одобнома, сешанбада технология, чоршанба куни эстетика йўналишида, бошқа кунлари турли фанлар бўйича қўшимча таълим оляпти. Кунлик машғулотлар таркибига уйга берилган вазифаларни тайёрлаш ҳам киритилган. Ҳордиқ чиқариш ва сайр қилиш, эркин мавзудаги маш¬ғулотлар ҳамда жисмоний ўйинлар болаларга манзур бўлмоқда. Натижада биринчи чоракда ўқувчиларнинг ўз¬лаш¬тириш самарадорлиги 92,3 фоизни ташкил этган бўлса, иккинчи чоракда бу кўрсаткич 1,6 фоизга ўсди.
Болаларнинг ўзлаштириш самарадорлиги ошиб боришида куни узайтирилган гуруҳ тарбиячисининг касбий маҳорати ва салоҳияти жуда муҳим. 2-"Б” синф тарбиячиси Гулноза Умарова ана шундай хислатга эга педагог. Ушбу гуруҳда ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлаш имконияти кенгроқ ва бундан унумли фойдаланиш зарур.
— Синф раҳбари Холида Алижонова ўқувчиларни менга топшираётганда қайси ўқувчи нимани ўзлаштиришга қийналаётгани ҳақида маълумот беради. Масалан, Аълохон Ҳошимов математика фанини ўзлаштиришда тенгдошларидан ортда қолаётган экан, — дейди Гулноза Умарова. — Бу ўқувчи ўйинқароқ, шўх эканини яхши биламан. Шуни назарда тутиб, машғулот жараёнида унга ўйинлар асосида мисол ечишни топширдим. Назарий ва амалий билимларини бойитиш учун қизиқарли машқлар бердим. Ота-онасига ҳам уйда шу йўналишда ишлашни тавсия этдим. Натижада ўқувчи икки ҳафтада синфдошларига етиб олди.
Куни узайтирилган гуруҳлар фаолияти хусусида ота-оналарнинг фикрини тингладик. 2-синф ўқувчиси Зарнигор Камолиддинованинг онаси Дилфуза Жамолованинг таъкидлашича, қизи гуруҳ машғулотларига қатнай бошлагач, билим даражаси ва теварак-атроф ҳақидаги тушунчалари сезиларли ¬бойиган.
— Бу гуруҳлар мен каби ишловчи оналар учун жуда катта имконият яратиб беряпти, — дейди Дилфуза Жамолова. — Ишда бўлсам ҳам қизимдан кўнглим хотиржам. Ҳам тарбиячи назоратида дарсларни тайёрлайди, ҳам бўш вақтини унумли ўтказади. Ўқишга иштиёқи ортаётгани яққол сезиляпти. Бу тарбиячининг у билан якка тартибда кўпроқ ишлаётганидан далолатдир.
Ҳозир Норин туманидаги мактабларда ташкил этилган жами 236 та куни узайтирилган гуруҳга 3347 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Фаолияти намунали йўлга қўйилган куни узайтирилган гуруҳларга болалар катта қизиқиш билан келаётгани, бўш вақти мазмунли ўтиб, фанлардан назарий ва амалий кўникмаларга эга бўлаётгани қувонарли. Бундай гуруҳлар Тошкент шаҳридаги мактабларда ҳам фаол иш олиб бормоқда. Қўшимча дарсларда фарзандининг билим савияси ўсаётгани, ўз устида мустақил ишлаш ва тенгдошлари билан мулоқотга киришиш маданиятини ўрганаётганидан кўпчилик ота-оналар мамнун. Афсуски, айрим муассасалардаги гуруҳлар фаолиятида қонуний меъёрлар бузилгани ёки ишга масъулиятсизлик билан ёндашилаётгани ҳам кузатилмоқда.
Ота-оналарнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳридаги айрим мактабларда куни узайтирилган гуруҳлар учун ойлик тўлов миқдори турлича — 75 минг сўмдан 300 минг сўмгача белгиланган. Яшнобод туманидаги 282-мактабда набираси таълим олаётган Эътибор Отақулова қўшимча машғулотлар учун кунига 3000 сўм бераётгани, бу нарх ота-оналар қўмитаси хулосаси билан белгиланганини айтди. Дилором Улуғбекова эса 3-синфда таълим олаётган ўғлининг куни узайтирилган гуруҳда қатнашиши учун кунига 9000 сўм, инглиз тилини қўшимча ўрганиши учун икки ҳафтада 10000 сўм тўлашини маълум қилди. Шунда бола мактабда қанча вақт бўлиши, унинг руҳан толиқмаслиги ва қорни тўқ юриши учун қандай чора кўрилганини сўрадик. Айтишича, бола тушки соат 13:15 да ўқишга бориб, 18:45 гача мактабда қолиб, гоҳо уйдан тайёрлаб берган егулик, гоҳида мактаб ошхонасидан бирор нарса харид қилиб истеъмол қиларкан. Баъзи мактабларда йиғилган маблағ ҳисобидан болаларнинг овқатланиши учун ҳам ажратилади. Бундай вазиятда эса ҳамма ота-онанинг шароити ва ошхонадаги таомнинг қиймати инобатга олинмаган ҳолатлар учрайди.
— Ўзим олий таълим муассасасида ўқитувчи бўлиб ишлайман, — дейди Дилафрўз Абдумажидова. — Мактабдаги куни узайтирилган гуруҳларда яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан хабар топиб, фарзандимни ҳам машғулотларга бердим. Аммо ўқитувчи ўқувчи билан индивидуал шуғулланмаётгани, уй ишини болаларнинг ўзлари бажариб, кейин бир-биридан кўчириб олиши каби ҳолатларнинг борлиги мени қониқтирмаяпти. Бунинг устига ота-оналар кунига 10000 сўмдан тўлаймиз. Шундай бўлгач, бу пулни кимга, нима учун тўлаяпмиз, деган ҳақли савол туғилади...
Айрим муассасаларда боланинг куни узайтирилган гуруҳ машғулотларига қатнашиши ихтиёрий-мажбурий тус олаётгани, яъни, сунъий равишда машғулотга келмаган ўқувчи яхши ўзлаштиролмайди, деган нотўғри фикр ҳам шаклланиб қолаётгани таажжубланарли.
— Ўғлим 2-, қизим 1-синфда ўқийди, — дейди Дилафрўз Худойберганова. — Уларга уй вазифаларини бажаришда, чиройли ёзишда кўмаклашаман, эртаклар ўқиб бераман. Ўғлим ўтган йили куни узайтирилган гуруҳда қўшимча билим олди. Ҳуснихат, ўқиш ва математикадан дарсларини ёзма равишда тайёрлаб келарди. Фанларни бундан-да мукаммал ўрганишини истаб, бошқа ўқитувчига бириктирдим. Аммо бу ҳолат синф раҳбарига ёқмади. Натижада унинг баҳолари пасайиб кетди. Кейин яна синфидаги гуруҳ машғулотига беришга мажбур бўлдим. Болам яна “аълочи”га айланди. Бир гал ҳатто математика дафтаридаги хато ёзилган мисолга ҳам “беш” баҳо қўйиб беришибди. Бунга аввал ҳайратландим, ке¬йин ачиндим. Чунки ота-оналарда “Боламни куни узайтирилган гуруҳга берсам, беш баҳога ўқийди” деган фикр шаклланиши учун шундай йўл тутиш бола зеҳнини ўстиришдан кўра, уни сусайтиришга хизмат қилади, изланишдан тўхтатади.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари