Соғлом авлод келажагига дахлдорлик
Мамлакатимизда ёш авлод камолоти, хусусан, фарзандларимизни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб тарбиялаш масаласи долзарб вазифа саналади. Бу борада юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Мазкур жараёнда, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Куни кеча Президентимиз Ислом Каримов раислигида Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам ушбу соҳадаги ишлар чуқур таҳлил қилинди.
Мана, ўн тўрт йилдирки, ёшларни спортга жалб қилиш, соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, болалар спортини ривожлантириш ва спортни кундалик ҳаёт тарзига айлантириш, соғлом турмуш тамойилларини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида спорт билан шуғулланадиган 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респираторли вирусли инфекциялар билан касалланиш 47,3 фоизга, пневмония бўйича 55,6 фоизга, бронхит бўйича 61,7 фоизга, сколиоз бўйича 45,5 фоизга камайгани барчамизни қувонтирмоқда.
Кадрлар тайёрлаш миллий модели ва дастурига мувофиқ уч босқичли — умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Умид ниҳоллари”, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод” ва олий таълим муассасалари талабалари ўртасида Универсиада спорт ўйинларини ўтказиш орқали ёшларни спорт машғулотларига узлуксиз жалб этиш ўзига хос механизмга айланган.
Таъкидлаш жоизки, соҳанинг янада ривожланишида қонуний асосларнинг йилдан-йилга мустаҳкамлаб борилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Бинобарин, ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун ҳам бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг яхлитлигини таъминлаш ҳамда тизимлаштириш мақсадида ушбу ҳужжатга янги моддалар киритилди. Хусусан, асосий тушунчалар янада тўлдирилиб, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш масалаларини қонуний тартибга солиш, миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинларини ривожлантириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш, шунингдек, жисмоний тарбия ҳамда спортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат органларининг соҳадаги ваколатларига оид масалалар қамраб олинган.
Мамлакатимизда ҳар йили кўплаб замонавий спорт объектлари қурилиб, зарурий спорт анжомлари билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бу эса минглаб, миллионлаб болаларимизнинг зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш билан бирга, ҳудудларимизнинг кўркамлиги ва ободлигига, болалар соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Қишлоқ жойлардаги спорт объектларида шуғулланаётган фарзандларимиз жаҳоннинг нуфузли ареналарида қўлга киритаётган юксак марралар ҳар қандай кишининг қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдиради.
Йигирма беш йил аввал мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг 60 фоизи авария ҳолатида бўлгани ёки қишлоқ жойларида спорт заллари ва болалар спорт объектлари яккам-дуккам учраганини ҳисобга олсак, ўтган қисқа даврда эришилган натижалар яққол намоён бўлади.
Энг муҳими, қурилаётган спорт объектларидаги жиҳозлар маҳаллий хомашёдан ўз юртимизда ишлаб чиқарилаётгани мамлакатимизда бу соҳада ҳам кенг имкониятлар яратилганидан, ишлаб чиқаришга ва тадбиркорлик муҳитига янада кўпроқ аҳамият берилаётганидан далолатдир.
Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги «Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ салмоқли ишлар амалга оширилиб, қишлоқ жойларда спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётган болалар сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда.
Мамлакатимизда мураббий кадрларни етказиб бериш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бугунги кунда ўндан ортиқ олий таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спорт ўқитувчиларини тайёрлаш йўлга қўйилган. Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида спортнинг 15 тури бўйича мураббийлар тайёрланмоқда.
Қизларимизни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни спорт билан шуғулланишга фаол жалб этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, болалар спорти объектларида болалар ва ўқувчи ёшлар билан ишлаш учун аёллар орасидан юқори малакали кадрларни кенг жалб этиш, уларнинг меҳнатини моддий рағбатлантиришни кучайтириш ва аёл спортчи мураббийларни тайёрлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 1 апрелдаги “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мухтасар айтганда, Юртбошимиз томонидан болалар спорти соҳасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг фарзандларимизда спортга меҳр уйғотиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмоний камолотга интилишни шакллантиришдаги аҳамияти беқиёс. Бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳар биримизга катта масъулият юклайди.
Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати