Меҳнат таътилида ишга чақиришса...
Савол: Кўп ҳолларда ўқитувчи меҳнат таътилида бўлишига қарамай, уни ишга чақиртириб олишади. Бу қонунан тўғрими?
Нормамат ЭШОНҚУЛОВ, Олтинсой туманидаги 63-мактаб ўқитувчиси
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 147-моддасига мувофиқ, таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 143-моддасига биноан, ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин. Яъни ходим иш йили давомида камида 12 иш куни дам олиши шарт.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек, йиллик қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади.
Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ижтимоий суғурта бўлими мудири Нигора ИШАНХАНОВА жавоб берди.