Бурчга садоқат эртанги кунимизнинг қандай бўлишини белгилайди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасини тинглаб, юртимизни жадал ва барқарор ривожлантиришга қаратилган сиёсат бундан кейин ҳам юқори суръатларда давом эттирилишига чуқур ишонч ҳосил қилдик. Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга оид ўзига хос тамойилларни илгари сурган эди. Маърузада белгилаб берилган вазифаларнинг аксарияти мана шу тамойил ва мақсадларга мос экани сайловолди дастуридаги вазифалар амалга ошаётганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари маърузасида аҳоли турмуш фаровонлиги, мамлакат ҳаёти билан боғлиқ ҳеч бир соҳа, йўналишни эътибордан четда қолдирмади. Элнинг боласини ўзиникидек қабул қилиб, уларнинг келажаги учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр бўлган ўқитувчи зоти жамиятдаги ҳеч бир муаммога, ноҳақликларга жим қараб тура олмайди. Шу маънода, Президентимизнинг оддий халқнинг дардини тинглаш, фикрларини инобатга олиш, улар учун муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш, керак бўлса, мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашиш борасидаги даъвати биз, муаллимларни ҳам беҳад мамнун этди.
Биргина мактабгача таълим тизимини олсак, 2017—2021 йилларда 2 минг 200 та муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу йиллар мобайнида 5—7 ёшли болаларни МТМларга тўлиқ қамраб олиб, мактаб таълимига тайёр ҳолда боришини таъминлашга катта эътибор қаратилаётгани фарзандларимизга чексиз ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Айтиш жоизки, бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Одамларнинг дунёқараши ўзгариб, кундалик эҳтиёжлари ортмоқда. Бу олдимиздаги вазифалар кўлами ҳам кенгайиб бораётганидан далолатдир. Энди биз дастур ва режаларимизни мунтазам такомиллаштириб, замон талабларига ҳар жиҳатдан мослаб боришимиз зарур. Бу биринчи навбатда, таълим-тарбия тизимига тааллуқлидир. Президентимиз маърузасида таъкидлаганидек: “... тажрибали педагог ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, ўқув режа ва дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Олдимизда ёшларга тарбия бериш, психология ва бошқа турли соҳаларда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича мураккаб вазифалар турибди”.
Мени фахрлантирадиган жиҳат, 2015 йили Хитойнинг Чанчунь шаҳрида бўлиб ўтган математика бўйича халқаро мусобақада 7-синф ўқувчим Саидали Муродуллаев мамлакатимиз терма жамоаси сафида иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллади. Айтишим жоизки, уни мусобақага тайёрлашда математика фанидан халқаро стандартларга мос масалалар ечимлари хусусида кенг тушунчалар беришимизга тўғри келди. Бунда у мантиқий, комбинаторика ва арифметик ҳисоб-китоб техникасига оид ностандарт масалаларни ечиш компетенциялари бўйича қўшимча сабоқ олди. Бусиз унинг халқаро мусобақада муносиб ўринни эгаллаши мушкул эди. Умуман, ҳамкасбларим яхши биладики, ўқувчиларни маҳаллий фан олимпиадалари ва билимлар беллашуви мусобақаларига мукаммал тайёрлаш жараёнида ҳам амалдаги ўқув дастуридан ташқари кўплаб манбаларга мурожаат этишимизга тўғри келади.
Бу умумтаълим фанлари бўйича давлат таълим стандартларини мунтазам такомиллаштириб бориш, замонавий ўқув режа ва услубларни амалиётга кенг жорий этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз эканлигини кўрсатмоқда.
Ўз навбатида таълим тизимини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигининг асосий омилларидан биридир. Олий таълим муассасаси фақатгина бўлажак ўқитувчининг қўлига диплом бериб, мустақил ҳаётга кузатиб қўйиши эмас, унинг амалиётга осон киришиб кетиши, фақат назарий эмас, амалий билимларини ҳам мустаҳкамлаш чораларини кўриши лозим. Яъни, ёш педагог кадр бугун амалиётга татбиқ этилаётган янгича ўқитиш услублари ва дастурлар, ахборот технологиялари, фан жиҳозларидан юқори даражада фойдаланиш кўникмасини пухта эгаллаган бўлиши зарур. Ана шундагина у фарзандларимизга сифатли таълим-тарбия бера олади. Педагогик амалиёт ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлмаган кадр эса иш жараёнида турли қийинчиликларга дуч келади, ҳатто айримларининг касбидан кўнгли совуб, келажагини бошқа соҳалардан излашга мажбур бўлади. Халқимиз жойлардаги тегишли мутасадди раҳбарлардан мазкур муаммоларнинг ечимини кутмоқда.
Умуман олганда, Президентимиз маърузасида белгиланган долзарб вазифа ва масалалар ижрога қаратилиши билан мамлакатимиз ҳаётида катта ўзгаришлар рўй бериши шубҳасиз. Бунинг учун барчамиз зиммамиздаги вазифалар масъулиятини чуқур ҳис этиб, бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб фаолият юритишимиз талаб этилади.
Муҳаббат ШАРАПОВА,
Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони