Халқ ва давлат манфаатлари уйғунлиги
Мамлакатимиз мустақилликка эришганига ҳали кўп вақт ўтгани йўқ. Йигирма беш йил кўҳна тарих олдида жуда қисқа муддат. Лекин ана шу қисқа тарихий давр меҳнатсевар халқимизнинг нималарга қодирлигини, давлат томонидан оқилона танланган иқтисодий сиёсат қандай натижаларга олиб келиши мумкинлигини бутун дунёга намойиш этди.
Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичларида, аниқроғи 1996 йилга қадар ўтиш даври қийинчиликлари таъсирида миллий ялпи ички маҳсулот ҳажмида кескин ўзгариш сезилмади. Фақат 2000 йилдан ЯИМ ҳажми ошгани кузатилди. Босқичма-босқич олиб борилган ислоҳотлар натижасида макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсиши, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолиш таъминланди. Пировардида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони эса ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, товар-пул муносабатлари устун ривожланган бозор иқтисодиётида моддий манфаатлар асосий ўринни эгаллайди. Моддий манфаатни қондириш манбаи — мамлакатда яратилган миллий даромад бўлиб, у учга тақсимланади: бир қисми давлатга, иккинчиси ёлланма ишчиларга, қолгани эса тадбиркорларга. Умумий ҳолда давлат миллий даромаддаги улушини жамият олдидаги ўз вазифаларини бажариш, тадбиркорлар ўзларининг бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш, ёлланма ишчилар эса рўзғор тебратиш учун ишлатади. Миллий даромад тақсимотида иштирок этаётган ҳар уч томон улуши миқдорининг оптимал нисбатини ўрнатиш — манфаатлар кесишган нуқтани тўғри топиш иқтисодий юксалишга олиб борадиган тўғри йўлни топиш демакдир.
Давлат, ёлланма ишчилар ёки тадбиркорлар улушига тўғри келадиган миллий даромад миқдорини кўпайтиришнинг икки йўли бор: биринчидан, иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш асосида миллий даромаднинг мутлақ ҳажмини кўпайтириш, иккинчидан, томонлар улушидаги нисбатни қайсидир бир томон(лар)нинг фойдасига ўзгартириш.
Бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодий ўсишни таъминлаш ва шу асосда миллий даромадни кўпайтиришда айнан тадбиркорнинг ўрни беқиёс. Айни бир пайтда тадбиркорлар манфаатларига йўналтирилган чора-тадбирлар, яратилаётган янги имкониятлар натижасида иқтисодий ўсишдан олинадиган қўшимча миллий даромад давлат манфаатларига ҳам, ёлланма ишчилар манфаатига ҳам бирдек хизмат қилади. Иккинчидан, давлат ўзининг миллий даромаддаги улушини кўпайтиришга эмас, аксинча, уни муайян даражада камайтириш ва шу йўл билан қолган икки томоннинг, яъни ёлланма ишчилар билан тадбиркорларнинг улушини кўпайтиришга мойиллик билдирмоқда. Бу хусусда Президентимиз Шавкат Мирзиёев шундай фикрларни баён этган: “Иқтисодиётда давлат иштирокини стратегик асосланган даражада қисқартириш, хусусий мулкни янада ривожлантириш ва уни ҳимоя қилишга доир комплекс масалаларни ҳал этиш — ҳукумат, давлат бошқаруви органлари ва барча даражадаги ҳокимликлар учун энг муҳим устувор вазифа сифатида белгиланади”. Шу билан бир қаторда, Президентимиз инсон моддий манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлган масаланинг иккинчи томонига ҳам жиддий эътибор қаратганлигини кузатамиз: “... иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш бўйича биз аниқ чора-тадбирларни режалаштирганмиз ва улар албатта амалга оширилади”.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимида сўзлаган нутқида адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканини алоҳида таъкидлади. Адолатли, инсонпарвар жамият қуриш халқ манфаатларини рўёбга чиқаришнинг асосий йўналиши сифатида кун тартибига чиқди. Демократик жамиятда ижтимоий адолат ўрнатишнинг қудратли воситаси пухта ишланган ва энг муҳими, амалда бажарилиши таъминланган қонун ҳисобланади. Қонун ишлаган жамиятда миллий даромаднинг тақсимланиши ва қайта тақсимланишида мавжуд бўлган норасмий даромадлар, бинобарин, порахўрлик, таъмагарлик ва бошқа иллатлар ўз-ўзидан бар¬ҳам топади. Халқнинг пешона тери, не-не азоб-уқубатлар билан топган ҳалол даромадларини фақат ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиш учун реал имкониятлар яратиб бериш, ушбу даромадларни мансабини ҳамён тўлдириш, бойлик орттириш манбаига айлантирган айрим шахсларнинг хуружларидан ҳимоя қилиш давлатнинг энг муҳим стратегик вазифасига айланмоғи лозим. Шунда давлат халқ манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг ишончли ва хатосиз ишлайдиган қалқонига айланади. Бундай мамлакат иқтисодий юксалишга юз тутади.
Мурод МУҲАММЕДОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор