Президентимизнинг эътибори
Давлатимиз раҳбари 12 апрель куни бизнинг Чилонзор туманимизга ташриф буюриб, ҳудудимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ижроси, ижтимоий объектлар фаолияти билан танишди, оддий халқ билан учрашиб, самимий суҳбат қурди. Бундан барчамиз, айниқса, кекса отахон ва онахонлар, маҳалла ва таълим фаоллари жуда руҳландик.
Очиғи, бир таълим фидойиси сифатида юртимизда, туманимизда, маҳалламиз ва таълим муассасаларимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва бунёдкорликлар мени беҳад қувонтиради. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республикамизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар барча ҳамюртларим каби менинг ҳам эртанги кунга ишончимни мустаҳкамлаб, кўнглимни кўтармоқда.
Юртбошимиз Катта Хирмонтепа ва Яккатут маҳаллаларимизга келиб, аҳоли хонадонларида ҳам бўлди.
Бизнинг яшаш шароитларимиз, ижтимоий ҳаётимиз, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, ҳудудимизнинг ободлиги, ҳуқуқ ва манфаатларимиз қай даражада таъминланаётгани билан алоҳида қизиқди. Маҳалладаги кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар атрофини ободонлаштириш, йўлакларни таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берди. Мактаб таълим-тарбия маскани эканлигини, бу даргоҳнинг ободлиги бошқа корхона, ташкилотларга намуна бўлиши зарурлигини, таълим муассасалари олдида доимо гул экилган, саранжом-саришта бўлиши кераклигини таъкидлади.
Узоқ йиллардан буён таълим соҳасида ишлаб келаман. 19 йилдан бери мактаб директориман. Кўп йиллик тажрибаларимдан биламанки, таълим даргоҳининг ободлиги, гулларнинг очилиб туриши шу ерда таълимий ва тарбиявий муҳит, муаллимларнинг ишга — фарзандларимиз тақдирига муносабати қандай эканидан далолат беради. Бу ўқувчиларнинг ҳам, ўқитувчиларнинг ҳам кайфиятига, муносабатларига юқори таъсир кўрсатади.
Мисол учун, айни пайтда бизнинг мактабимиз ҳовлисига, йўлак ва синфхоналарга юзлаб анвойи гуллар экилганки, бу муҳит таълим сифати кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир ўтказаяпти: ўқувчи ва ўқитувчиларимизнинг ютуқлари туфайли мактабимиз рейтинг кўрсаткичлари бўйича тумандаги таълим муассасалари ўртасида етакчи ўринларни эгаллаб келаяпти. Давлатимизнинг ёшларга ғам¬хўрлиги туфайли синфхоналарни ўқув анжомлари билан жиҳозлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Шуларни ўйлар эканман, Президентимиз таълим муассасаси таш¬қи кўринишиданоқ маънавият ва маърифат маскани сифатидаги номига муносиб бўлиши зарурлигини бежиз уқтирмаганига амин бўламан. У кишининг маҳаллаларимизга келиб, таълим муассасаларимиз ҳолати билан қизиққани фарзандларимизга, халқимизга ғамхўрлигидан дадолат беради.
Президентимиз маҳалла ва таълим муассасаларида маънавий-маърифий муҳитни яхшилашга катта эътибор қаратмоқда. Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ислоҳотлар айни шу мақсадга қаратилган. Бу вазифалар бизнинг мактабда таълим бериш билан тенгма-тенг олиб борилаяпти. Тарбия борасида ўқувчиларга устоз, ака-опа, керак бўлса, она сифатида меҳр кўрсатиб, уларнинг қалбига эзгулик уруғларини қадашга интиламиз. Устоз меҳри, эътибори билан тўғри йўлга кириб, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топган ёшлар кўп.
Қолаверса, мактаб ҳам ўқувчилар орқали ота-оналар билан мулоқот қилувчи, халқимиз турмуш тарзи, хонадонида юз бераётган яхши-ёмон кунларидан хабардор бўлувчи доимо гавжум муассаса. Биз, педагоглар мактабдаги намунали таълимий ҳамда тарбиявий жараён билан бевосита оилаларга ижобий таъсир ўтказишимиз, натижада кенг жамоатчиликнинг рўй бераётган улкан ўзгаришларга нисбатан ижобий маънодаги ижтимоий фикрини шакллантиришимиз мумкин. Масалан, бугун даргоҳимизда 495 ўқувчи билим олади. Бу деярли шунча она-она, оила билан мунтазам мулоқотда бўлиб турамиз, деганидир.
Давлатимиз раҳбарининг эртанги кунимиз, фарзандларимиз камолига эътибори барчамизни ўз вазифаларимизга сидқидилдан ёндашишга ундаб, зиммамизга катта масъулият юклади.
Моҳидил БЕГМАТОВА,
Чилонзор туманидаги 181-мактаб директори