Бугуннинг қадрига етиш хотира ва қадр тушунчалари билан боғлиқдир
Одатдагидек, жума куни биринчи дарс — тарбиявий соатга қўнғироқ чалинди. Ўқувчиларим ўзгача иштиёқ билан машғулот бошланишини кутишмоқда.
Чунки олдинги дарсда “Инсон — азиз, хотира — муқаддас” мавзусида мустақил иш ёзиб келишни тайинлаган эдим. Шу боис ижодий ишларини баён этишга ошиқишарди. Шу пайт эшик тақиллаб, синфга мен кутган меҳмонлар — меҳнат фахрийлари: бир неча йиллар шу мактабда фаолият юритган, ҳозир кексалик гаштини сураётган устозимиз Аҳмад ота Қурбонов ва маҳалламизнинг энг ёши улуғ отахони Тўла бобо Маърупов кириб келди. Жўр овозда “Ассалому алайкум” деб ўрнидан турган ўқувчилар бугунги машғулот амалий кўринишда бўлишини англаб, сергакланди. Уларга хотира ва қадр тушунчаларининг мазмун-моҳиятини тўлиқроқ очиб бериш, она Ватанга муҳаббат, аждодларимизнинг ибратли ҳаётидан фахрланиш, кексаларни эъзозлаш, ўтганларни хотирлаш, тинч ва осуда кунларнинг қадрига етиш ва бунга барча бирдай масъул эканлиги борасидаги ғояларни сингдириш мақсадида машғулотимизни бошладик.
— Қани айтинг-чи, ўқувчилар, хотира ва қадрлаш нима?
— Хотира – миллат тарихини, унинг қадриятларини, маданияти ва маънавиятини, ўзлигини мужассам этадиган буюк қадрият, — дея таърифлади ўқувчим Нозима Шаропова.
— Қадр эса – инсонларга меҳр кўрсатиш, хонадонларимизга файзу барака бағишлаб, бизларнинг ўқиш ва ишларимизга оқ фотиҳа бериб турган бобою бувиларимизни ҳурмат қилишдир, — деди синф сардори Аҳмаджон Қўчқоров. — Асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлиги ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик, шижоат билан ҳимоя қилган фидоий ватандошларимизни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир.
— Жудаям тўғри, хотира ўзликни англаш, ўтмишни унутмаслик, шунингдек, бугунги кунни тўғри тасаввур этиш демакдир, — дея ўқувчилар мулоҳазаларини тўлдириб, кейинги ўқувчига навбатни бердим.
— Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йил 12 майдаги фармойишига биноан 9 май “Хотира ва қадрлаш” куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Биз, урушда жасорат кўрсатган, жангдан қайтмаган, шундай тинч ва осуда ҳаёт учун жон фидо қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб таъзим қиламиз, — дея Дадахон Собиров қўлини кўксига қўйганида, барча бирдек таъзим қилди.
— Фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган 338 нафар юртдошимиз юксак қаҳрамонлик унвонларига сазовор бўлган, — дея давом эттирди Оғабек Собиров. — Шу билан бирга юрагимизда умрбод битмас яра, асорат бўлиб қоладиган оғир йўқотишлар хаёлимиздан ўтади. Бу урушда Ватанимиздан 1,5 миллион киши қатнашди. 500 мингдан ортиқ ҳамюртимиз жанг майдонидан қайтмади. Яна қанчадан-қанчаси ногирон бўлиб қайтгани, қанчалари бедарак йўқолганини ҳисобга олсак, бу ғалабага қандай фидокорлик эвазига эришганимизни билиб оламиз.
— Жуда тўғри айтдинг, болам, — дея мунозарага қўшилди устозимиз Аҳмад ота Қурбонов. — Фашизм балоси миллионлаб инсонларнинг бошига чексиз кулфат солган. Уруш асорати ҳеч бир хонадонни четлаб ўтгани йўқ. Кимнингдир отаси, акаси, тоға-амакиси, яна кимнингдир жондан азиз фарзанди қурбон бўлди… Беҳисоб йўқотишлар олиб келган бу урушни бошидан кечирган халқимиз доимо битта фикрда яшайди: бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин. Бизга тинчлик керак, омонлик керак.
Шу ўринда бугунги кунда ҳам дунёнинг нотинч нуқталарида қанчадан-қанча инсонлар ёвузлик қурбони бўлиб, тинч кунлар орзусида яшаб, куну тунларни таҳликада ўтказаётгани, бу мамлакатларда турли сиёсий урушлар авжига чиқаётгани натижасида болалар, аёллар, кексалар азият чекаётгани акс этган видеоролик намойиш этилди.
— Мустақиллик йилларида уруш қатнашчилари ҳақида 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Шундан сўнг Тошкент шаҳри, вилоят ва туман марказларида “Хотира майдонлари” бунёд этилди. Пойтахтимиздаги Бўзсув канали бўйида эса “Шаҳидлар хотираси” хиёбони барпо қилинди. Кейинчалик шу номдаги музей ва жамғарма ташкил этилди. 2001 йилдан эътиборан 31 август юртимизда “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида 1937—1953 йилларда собиқ СССР ҳудудида амалга оширилган оммавий қатағонлар мудҳиш оқибатлари ҳақида шундай дейилган: “Ўзбекистон бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланди. Бу даврда қанчадан-қанча одамлар оиласидан жудо бўлгани, аёллар беваликка, гўдаклар етимликка маҳкум қилингани халқимиз бошига тушган фожиалардан бири эди”, — деган маълумотларни келтириб ўтдим. Сўнг ўқувчим Хуршид Сафаров “Хотира ва қадрлаш куни”нинг моҳияти, бошқа байрам ва анъаналардан фарқи ҳақида гапирди:
— Бу кун Ватан учун курашда ҳалок бўлган, халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшган кишиларнинг хотирасини ёд этиш, ёнимиздаги кексалар, бобо-бувиларимиз ҳурматини жойига қўйиш ҳамдир.
Ёшларнинг бурро-бурро сўзлаётганидан кўнгли тўлганиданми, оғир ўтмишини хотирлаганиданми, Тўла бобо Маърупов сўз бошлади:
— Болажонларим, сизларни кўриб, Ватан мустақиллиги учун қурбон бўлган жонлар бесамар кетмаганлигига амин бўламан. Чунки улар орзу қилган, улар етолмаган мустақил Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишибсизлар. Бизнинг ёшлигимиз, болалигимиз бешафқат уруш йилларига тўғри келди. Сизлар бугун тинч ва осуда замонда яшаяпсиз. Шу боис бу тинчликка осонликча эришилмаганлигини доимо ёдда сақлаб, бор куч-ғайратингиз билан яхши ўқишга, таълим-тарбия олишга интилинг.
— Бобожон, сизга ваъда бераманки, бор кучим билан аъло баҳога ўқийман. Келажакда Ватаним сарҳадларини ҳимоя қиладиган чегарачи бўламан, — деди Раҳматилла Ҳожиқурбонов.
Машғулот давомида кексаларимизнинг панд-насиҳатларини эшитган болаларда тинч Ватанда эркин ва фаровон ҳаёт кечириш энг катта бахт экани ҳақидаги тушунчалари мустаҳкамланиши учун “Ақлий ҳужум” усулида мунозара ўтказдим. Жараёнда ўқувчилар “хотира” ва “қадр” сўзлари доим ёнма-ён ишлатилишини таъкидлаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини моддий рағбатлантиришга доир фармони кексаларга бўлган эътиборнинг ёрқин намунаси эканлигини айтиб ўтди.
Бошланғич синфларда она тили ва ўқиш (“Энг муқаддас кун”, 3-синф, “Эзоз”, “Мангу олов”, 4-синф), юқори синфларда она тили ва адабиёт, тарих (5-синф Тарихдан ҳикоялар: “Гитлер Германияси устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистоннинг қўшган ҳиссаси”, 9-синф Ўзбекистон тарихи: “Жадидчилик ҳаракати”) ва миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари (“Хотира улуғ қадрият”, 9-синф) фанларидаги мавзуларни ҳам амалий тарзда олиб бориш ўқувчиларнинг хотира ва қадрлаш инсонни юксакликка кўтариши, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлаши ҳақидаги тушунчаларини мусткаҳкамлайди.
Рухсора ҚУРБОНОВА,
Ғиждувон туманидаги 25-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси