Ҳаракатлар стратегияси тарғиботига оид семинар
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури олий таълим муассасаларида қандай тарғиб қилиниши лозим?
Тошкент шаҳридаги Сингапур Менежментни ривожлантириш институтида бўлиб ўтган ўқув-семинарда бу масалалар қизғин муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари, директор ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатимизнинг кейинги беш йилликдаги тараққиёт стратегияси барча соҳаларни эркинлаштириш, модернизация қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада юксалтириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал ҳисобланади. Унда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасига катта масъулият юклайди.
Шундай экан, мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига, айниқса, ёшларга етказиш, унда кўзда тутилган устувор вазифалар ижроси тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлиги ва фаол иштирокини таъминлаш бугуннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Маънавият тарғибот маркази, «Камолот» ЁИҲ каби ташкилотлар мутахассислари Ҳаракатлар стратегиясининг илмий-назарий асослари, устувор йўналишлари мазмун-моҳиятини батафсил тушунтирди.
– Институтимиз жамоаси талаба-ёшларга Ҳаракатлар стратегиясини маъруза, очиқ мулоқот, давра суҳбати, кўргазмали воситалар, мунозара каби таълим усулларида кенг тарғиб этмоқда, – дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори У.Абдуллаев. – Семинарда билдирилган фикрлар, маърузачиларнинг таклифлари асосида олий таълим муассасаларида ташкил этилган «Ҳаракатлар стратегияси тарғиботчилари хонаси»ни жиҳозлаш ва уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича ҳам услубий тавсияларга эга бўлдик.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига алоҳида эътибор берилди. Мазкур ҳужжат доирасида олий таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
М.ҲУСАНОВА,
ЎзА мухбири