Капитал таъмирланган мактаб нега қишда исимаяпти?
Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 23 июндаги 206-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йили ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин бормоқда. Иситиш тизимидаги носозликларни бартараф этиш, таълим муассасаларини сифатли кўмир(брикет) ёқилғиси билан таъминлаш, уни сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси мутахассиси Фарҳод Бекқуловнинг маълумотига кўра, мавжуд таълим муассасаларининг 75 таси марказлашган тартибда, 131 таси табиий газ, 262 таси кўмир, 13 таси суюқ ёнилғи ва 2 таси электр-энергияси билан иситилади. Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида жорий таъмирлаш ишлари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 4 812,2 миллион сўм, кўмир жамғариш учун 1 702,9 миллион, 14 та таълим муассасасидаги 64 та иситиш қозонларини алмаштиришга 352 миллион сўм ажратилиши белгиланган. Мактабгача таълим муассасаларидан 6 таси мукаммал, 97 тасини жорий таъмирлаш режалаштирилган. 4200 кв метр синган дераза ойналарини янгилаш учун 207,9 миллион сўм сарфланиши назарда тутилган. 5 101 тонна кўмир, 4 071 тонна брикет ва 326,5 тонна суюқ ёнилғи захираси яратиш учун 1 702,9 миллион сўм йўналтирилаётир.Таълим муассасалари хоналарининг қишда иссиқ бўлиши ўқув-тарбия сифати ва самарадорлигига ижобий таъсир қилади. Шу ўринда бир савол туғилади. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик, иситиш тизимларини созлаш ишлари ҳар йили бажарилади, мутасаддилар бу борадаги ишлар кўнгилдагидек тугагани ҳақида оғиз тўлдириб ҳисобот беришади. Аммо афсуски, айрим таълим муассасаларида қиш мавсумига келиб, муаммолар яна кўзга ташланмоқда. Бунинг сабаби нимада? Мисол учун, вилоятнинг Томди туманидаги 6-мактаб ҳам 2015 йили капитал таъмирланган эди. Ўшанда бу хушхабар Оқтов фуқаролар йиғини ҳудудида яшаётган каттаю кичикни бирдек қувонтирганди. Чор атрофи қум барханлари билан ўралган овулдаги бундай янгиланиш — кечагина нураб турган синф¬хоналарнинг кўркам қиёфа касб этиши чинакамига байрам руҳини улашганди. Аммо...
— Икки фарзандим — Ақният ва Марина Тургановалар шу даргоҳда таълим-тарбия олади, — дейди Айман Умиртаева. — Ўқитувчиларнинг фидойилиги бизни ҳамиша мамнун этган. Мониторинг таҳлилларига кўра, мактаб тумандаги таълим муассасалари орасида етакчи ўринда экани ҳам фикримизнинг далили. Мактаб икки йил муқаддам таъмирдан чиқарилиб, ҳудуд бағридаги салобатли ошиёнга айланиши ҳурматимизни янада ошириб юборди. Лекин қишнинг изғиринли кунлари бошланиши билан яна эски муаммолар бизни қийнай бошлайди. Синфхоналар совуқлигидан болаларим мактабга боришдан зириллайди. Ҳарорат паса¬йиб кетган кунлари 1-синфда ўқийдиган қизимни сабоқлардан олиб қолдим. Бу масалага ечим излаб қилган мурожаатларимиз бесамар кетди. Иситиш тизимининг носозлигиданми ёки кўмирнинг сифатсизлигиданми, ҳарқалай, муаммога ечим топилмади...
Қоидага кўра, капитал таъмир якунлангач, махсус комиссия аъзолари уни қабул қилиб олади. Бунда белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатли бажарилганига алоҳида эътибор берилади. Шундай экан, Томдидаги¬ 6-мактабни қабул қилиб олган масъуллар бугунги вазиятни қандай изоҳлашади? Ўғил-қизларимиз яна ўтган йилдагидек совуқ хоналарда сабоқ оладими?
— Таъмирлаш ишлари “Сардор-Жавоҳири” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган. Бунинг учун 346 миллион 800 минг сўм сарфланган. Иситиш тизими кўмир ёқилғиси билан ишлашга мослаштирилган, — дейди мактаб директори Игилик Танатаров. — Ҳақиқатан ҳам бажарилган ишлар комиссия кўригидан ўтказилган. Жараён ёз фаслида бўлгани учун иситиш тизимига унча эътибор қаратилмаган. Назаримда, битта қозонхонага иккита қозон жойлаштирилгани боис, тизимда айланма ҳаракат меъёрида бўлмай, синфхоналарни иссиқлик билан таъминлашда узилишлар бўляпти. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Ҳар эҳтимолга қарши қиш мавсумига тайёргарлик ишлари давомида кўмир ва қўшимча ўтин ғамлаб қўйиляпти...
“Икки йил бурун капитал таъмирдан чиқарилган мактабнинг иситиш тизимидаги муаммолар олдиндаги куз-қиш мавсумида бартараф этиладими?” деган савол билан туман ХТМФМТТЭБ мутахассисларига мурожаат этдик.
— Туманимизда 16 та мактаб, 2 та мактабгача таълим муассасаси бор, — дейди туман ХТМФМТТЭБ масъул ходими К.Қуттимуродов. — Айни кунда куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўряпмиз. Оёққудуқ овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 3-мактабда бунёдкорлик ишлари давом этяпти. 1-мактабгача таълим муассасасининг Томдидаги эски 1-филиалида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун етти юз миллион сўм ажратилган. 2-мактабгача таълим муассасасининг 2-филиали том қисмини янгилаш учун 50 миллион сўмлик иш бажарилиши режалаштирилган. 6-мактабнинг иситиш тизими билан боғлиқ муаммо ечими хусусида аниқ бир гап айта олмайман...
Кўриб турганингиздек, 6-мактабда иситиш тизимини ўнглаш юзасидан ҳеч бир амалий иш бошланмаган. Мутасаддилар бу муаммога ечим топа олишармикан ёки оқтовлик болалар бу йилги қиш мавсумида ҳам совуқ хоналарда ўқишадими?
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири