“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси — барқарорлик асоси
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги Президентимиз нутқи ўз мазмун-моҳияти, аҳамияти билан иштирокчилар диққат-эътиборини тортди. Нутқ қисқа бўлишига қарамай, даврнинг энг долзарб мавзуларини қамраб олди. Хусусан, Ўзбекистондаги ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология, жумладан, Орол муаммоси каби қатор глобал масалалар Ассамблея иштирокчилари ва халқаро экспертлар ҳукмига ҳавола этилди.
Президентимиз ёшларни сўнгги йилларда кучайиб бораётган диний экстремизм ва терроризм таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш кераклигини таъкидлаб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Давлатимиз раҳбарининг нутқида кўтарилган устувор масалалар мазмун-моҳиятини халқимизга, айниқса, ёшларга етказиш, тушунтириб беришга масъулмиз.
Муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз меросида доимо ҳалол меҳнат билан яшаш, ватанпарварлик, мардлик, саховат ва камтарлик улуғланади. Президентимиз ўз нутқида ислом динининг инсонпарварлик аҳамиятига яна бир бор эътиборни қаратди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз.
Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
XXI асрга келиб, жаҳон динларидан бири — исломга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Афсуски, бу қизиқиш ортида исломни ниқоб қилиб, ўзининг жирканч мақсадларини амалга оширишга уринаётган кучлар ҳам борки, улар нафақат тинчлик ва барқарорликка, балки ислом дини соф¬лигига ҳам катта таҳдид солмоқда. Диний экс¬тремистларнинг ёвуз мақсадлари, буз¬ғунчи ғоялари бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақиради. Мамлакатимизда муқаддас динимизни сохталаштиришга уринаётган турли мутаассиб кучларнинг ёвуз ҳаракатларига қарши курашиш, ёшларни экстремизм хатаридан ҳимоя қилиш бўйича қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа кўплаб алломаларимиз тарғиб этган исломий қадриятлар маънавий ҳаётимиз ва дин-диёнатимиз кўзгуси ҳисобланади. Улуғ алломаларимизнинг маънавий хазинаси ёшларни эзгу ишлар билан шуғулланишга, ватанпарвар бўлишга, ҳалол меҳнат қилишга ундайди.
Диёримизда яшаб, фаолият кўрсатган аждодларимиз Исломни юксак маданият ва цивилизация даражасига кўтаришганини бутун мусулмон олами эътироф этади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.
Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан ке¬йинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.
Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик.
Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.
Президентимиз ташаббуслари билан университетимизда ISESCO¬нинг “Ислом цивилизациясини ўрганиш” кафедраси ташкил этилди. Янги ўқув йили олдидан кафедранинг расмий очилиш маросимида ISESCO Бош директори Абдулазиз Тувайжирий иштирок этиб, Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясини ривожлантиришдаги ролини юқори баҳолади.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилиш таклифини билдирди. Президентимиз мазкур резолюциянинг аҳамияти ҳақида сўзлаб: “Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”, дея таъкидлади.
Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари тараққий этган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлган. Шунинг учун ўлкамизда турли халқ¬лар урф-одат ва анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланиб борган. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи, хусусан, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши дунё мамлакатларида тинчлик, осо¬йишталик ва барқарорликнинг асоси бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Равшан АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент ислом университети ректори,
иқтисод фанлари доктори, профессор