Ҳоким очиқ дарс ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан республикамизда аҳоли ҳаёти фаровонлигини ошириш, одамларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида самарали ҳал этиш борасида ўзига хос янги тизим жорий этилди. Бу тизимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёшларга ҳаётий мисоллар асосида тушунтириш мақсадида Мирзо Улуғбек тумани ҳокими раҳбарлигидаги 2-сектор штабида сектор ҳудудидаги 71-, 121-, 148-, 208-, 209-, 308-мактаб ўқувчилари учун илк бор намунавий очиқ дарс ўтказилди. Ноанъанавий машғулотда туман ҳокими Шерзод Кудбиев ўқувчиларга қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаларини содда тарзда тушунтириб берди.
— Ҳурматли ўқувчилар, 300 минг аҳоли истиқомат қиладиган туманимизда ободонлаштириш ишлари, ҳудудни ижтимоий-сиёсий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб ҳаёт шароити яратиш, фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш эндиликда биргина туман ҳокимига юкланмайди, — дея дарсни бошлади Ш.Кудбиев. — Туманнинг тўрт раҳбари — туман ҳокими, туман ИИБ бошлиғи, туман ДСИ бошлиғи ҳамда туман прокурори ҳудудларни секторларга ажратган ҳолда, ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда.
Ҳар бир сектор учун алоҳида штаб ташкил этилган бўлиб, фаолиятимиз узлуксизлиги таъминланган. Барча сектор вакиллари халқ билан янада яқин бўлиш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш мақсадида уйма-уй юриб, аҳоли билан учрашмоқда. Жадвал асосида сектор аъзоларининг қайси маҳалла ва объектга бориши белгиланган. Реал вазият чуқур ўрганилиб, муаммолар бартараф этилмоқда. Яна бир янгилик — мазкур сектор штабида “Smart sity” лойиҳаси татбиқ этилмоқда. Унга кўра, ҳудуд кузатув камералари орқали тўлиқ, ягона ва марказлашган кузатув тизимига қамраб олинади. Бу муаммоларни аниқлашда, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қўл келади.
2-сектор ҳудудидаги 9 та маҳалладаги 13721 хонадонда истиқомат қилаётган 68 минг аҳолининг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиб, муаммоларга чора кўриш мақсадида 9 та гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳи сектор ҳудудида яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ҳамда ишсиз фуқаролар, уюшмаган ёшлар билан мунтазам иш олиб бориб, тегишли ёрдам кўрсатмоқда. Хусусан, 16 нафар ёлғиз қарияга, 82 ёш оилага, 14 нафар ногирон болага, 78 нафар ҳомиладор аёлга бепул тиббий хизмат кўрсатилди. Алишер Навоий, Шукур Бурҳонов номидаги, “Катта Қорасув-2, “Султония” маҳаллаларидаги кам таъминланган оилалар ҳамда маҳалла ҳаётида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ ёшларга велосипед, ролик, самокатлар бепул ижара тизими асосида берилиши йўлга қўйилди. Болалар учун 100 жамланма ўқув қуроллари тарқатилди. 28 нафар отахон ва онахон ЭКГ текширувидан ўтказилди. 1-гуруҳ ногирони Ҳаётбек Хушматовнинг уй-жойга эҳтиёжи борлиги аниқлангач, унга Паркент кўчасидан янги хонадон калити ва ҳужжатлари топширилди. “Султония” маҳалласида замонавий болалар майдончаси барпо этилди.
Сектор ҳудудида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика ишларини олиб бориш, айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги таъсирчан ишларни жадаллаштириш учун ички ишлар бўлимлари қошида 8 та тунги жамоатчилик назорат гуруҳи ташкил этилди. Ҳар бир бўлимга 6 нафар кўнгилли фуқаро назоратчи сифатида бириктирилди.
Ушбу маълумотларни бежиз келтирмадим. Ватан тараққиёти, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлидаги бундай ишларда сизларнинг ҳам фаоллигингиз, ўзгаришлардан бохабар бўлишингизни истайман. Авваллари халқ ҳокимият вакиллари ёки раҳбарларга интилган бўлса, бугун ҳоким ва раҳбарлар бевосита аҳоли ичига кириб бормоқда, уларнинг мурожаатини тингламоқда. Аҳолига янада қулайлик яратиш учун 2-сектор штабида марказий бухгалтерия ташкил этдик. Энди коммунал ёки бошқа тўловлар бўйича фуқароларнинг мурожаати шу ернинг ўзида ҳал бўлмоқда. Аввалгидек ташкилотма-ташкилот, идорама-идора сарсон бў¬лишларига барҳам бердик.
Туманларда бу тарзда иш ташкил этишнинг афзаллиги ҳақида тўхталиб ўтсам, қарор мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англайсизлар. Илгари туман ҳокими, туман ИИБ бошлиғи, туман ДСИ бошлиғи ҳамда туман прокурори алоҳида ишлаган. Бунинг натижасида бир-бирига боғлиқ масалаларга ечим топишда сансалорлик юзага келарди. Янги тизим ишга тушгандан кейин туманнинг тўрт раҳбари ҳамжиҳатликда ишлаб, кези келганда соғлом рақобатга киришмоқда. Кимнинг ҳудудидаги маҳалла кўчаларига кўп асфальт ётқизилди ёки қайси ҳудуддаги кўпқаватли уйлар томи бутланди, қайси ҳудуддаги мактабларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, деган рақобат раҳбарларни жон койитиб ишлашга ундамоқда.
Сизлар ҳам таълим олаётган мактабингиз, яшаётган маҳаллангизда рўй бераётган ўзгаришларни сезган, кўрган бўлишингиз керак. Марҳамат, фикрларингиз, таклиф ва саволлари¬нгизни эшитишга тайёрман.
Шундан сўнг, ўқувчилар туман ҳокимига таклиф ва фикрларини билдирди.
308-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Абдураҳмон Ҳусанов мактаб томи янгидан ёпилгани, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун замонавий панжара билан ўралгани ва муассаса атрофидаги йўлакларга асфальт ётқизилгани учун ҳокимга миннатдорчилик изҳор қилди.
— Ўтган йили мактабимиздаги бир гуруҳ ўқувчилар қадимий Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирганди, — деди 148-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шаҳризода Баҳромқулова. — Ўшанда оилавий шароити тақозоси билан ҳамма ўқувчи ҳам саёҳатга бора олмаганди. Сиздан мактабимиз ўқувчиларининг қадимий шаҳарларга саёҳат қилишида амалий ёрдам бериши¬нгизни сўрайман.
Ҳоким ушбу мурожаатни ҳал этишга ваъда берди ва ўқувчиларга буни тасдиқловчи сертификат топширилди.
71-мактаб ўқитувчиси Зумрад Ғаниева Президентимизнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жорий этилган янги тизимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини слайдлардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга тушунтириб берди.
Қизғин мулоқот чоғида Шерзод Кудбиев аъло баҳоларга ўқиган, пухта билим олган ўқувчилар келгусида юртимиз учун зарур мутахассис бўлиб етишишини таъкидлаб, ёшларни энг асосий бурчини тўлиқ бажаришга — чуқур билим олишга ундади ва уларга фанлар бўйича саволлар билан мурожаат этди. Ўқувчилар жавобидан мамнун бўлган ҳоким 121-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шаҳзодхон Файзиевнинг қуйидаги таклифини бажонидил қабул қилди:
— Юқоридаги қарор тўғрисида эшитган бўлсам-да, атрофимизда юз бераётган ўзгаришлар бу ҳужжат туфайли юзага келган механизм самараси эканлигини билмаган эдим. Қарор юзасидан ўқитувчимизнинг назарий маълумотлари ҳамда сизнинг амалий тушунча беришингиз фикрларимни ойдинлаштирди. Демак, биз ёшлар атроф-муҳитимиз, маҳалламизда бўлаётган ўзгаришларга бефарқ бўлмаслигимиз, фаоллик кўрсатишимиз керак. Сиз билан учрашув биз ёшларнинг интилишларимизда бурилиш ясайди, деб айта оламан. Шу маънода “Ёшлар ва ҳоким” тадбирларини мунтазам ташкил этиш таклифини билдирмоқчиман. Бу учрашувларга уюшмаган ёшларни ҳам жалб этиш самарали бўлади, деб ўйлайман.
Ўқувчилар дарсдан кейин штаб фаолияти билан танишди, ҳоким ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2-сектор бошлиғининг ўринбосари Нодира Умарова ўқувчиларни аҳоли учун яратилган қулайликлар билан таништирди.
— Ўқувчилар билан туман ҳокимининг учрашуви, амалий машғулот ўтказилиши, ўзаро фикрлашиши — ибрат олса арзигулик тажриба, — дейди Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлими мутахассиси Бердиёр Тўйчиев. — Дарсда ўқувчиларнинг ҳаётий мақсадлари янада ойдинлашди, ҳудудимизда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини туйди. Энди улар ўзларининг ўқувчилик фаолиятига янгича нигоҳ билан ёндашишига, бефарқлик иллатидан қочишига ишончим комил.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири