“Мактабимизда пул йиғилмайди”
Синфда тарбиявий соат. Ўқитувчи хитоб қилди: “Сентябрь ойи учун синф фондига пул бермаганлар ўрнидан турсин!”. Қимтинибгина турган уч ўқувчидан бири пулни олиб келиш эсидан чиқиб қолганини, иккинчиси отаси ҳали ойлик олмаганини айтди. Энг сўнгги қиз онаси касаллигини, пул беришга имкони йўқлигини билдирганда ўқитувчи жеркиб берди: “Ўтир! Ҳар доим синфни орқага тортасан. Билиб қўй, сен мен учун “ноль”сан!”.
Ўқитувчи наздида “ноль”га айланган, яъни унинг учун “синфда йўқ ўқувчи” бўлган қизнинг кўз ёшлари кўзойнаги тагидан юмалади. Шу чоққача фанларни яхши ўзлаштирадиган, ўқишга иштиёқи баланд ўқувчининг мактабдан ҳафсаласи пир бўлиб қайтди. Турли баҳоналар билан мактабга келмайдиган, дарс қолдирадиган одат чиқарди...
Афсуски, мактабларда ҳамон учраб турадиган бундай ҳолатлар ҳали суяги қотмаган, ғўр болаларда “Синф фонди учун пул бермаслик шармандаликдир, пул бермаганлар биздан бир поғона паст”, деган нотўғри қараш шаклланишига сабаб бўлмайдими? Умуман мактабда “синф фонди”, “мактаб фонди” учун ўқувчилардан пул йиғилиши қонунийми?
Ўқитувчилардан тилхат олинган
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”, дея белгилаб қўйилган.
Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 13 июнда қабул қилинган “Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланган (Адлия вазирлигида 2012 йил 3 июлда 2377 рақами билан рўйхатдан ўтказилган) “Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом”нинг 6-боб 24-бандига кўра, таълим муассасасида ўқувчилар (тарбияланувчилар) ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)дан турли сабаблар билан таълим муассасаси раҳбарияти ва бошқа ходимлари (синф раҳбарлари, ўқитувчилар, тарбиячи, тарбиячи-ёрдамчилар ва тўгарак раҳбарлари) томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.
Бу борада Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан ҳам мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилади.
Шундай бўлса-да, айрим мактаб маъмурияти томонидан синф ва мактаб фонди, таъмирлаш ишлари, фаррошга ҳақ тўлаш, канцелярия молларини харид қилиш, турли байрамларни ўтказиш, ўқитувчи-педагогларга сов¬ға-саломлар олиш каби важлар билан ўқувчилардан ноқонуний равишда пул йиғиш ҳолатлари мавжуд. “Ота-оналар мажлиси” дейилса, кўпчилик пул йиғишни тасаввур қилади. Оқибатда ота-оналар йиғилишга келиб ҳам ўтирмайди: сўралган пулни фарзандидан бериб юборади, тамом-вассалом.
Мисол учун, Чилонзор туманидаги 195-ИДУМда ўқувчилардан ноқонуний пул йиғиш қатъий тақиқланган бўлса-да, амалда бунга зид ҳолатлар йўқ эмас. 4-, 7-синф ўқувчилари билан суҳбатлашганимизда синф фонди учун 10 минг сўмдан 30 минг сўмгача пул йиғилиши маълум бўлди. Аммо мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Севара Расулова бу маълумотни рад этади:
— Тўғри, ўтган ўқув йилида синф фонди ва мактаб фонди учун пул йиғилган. Чунки ота-оналар кўмагисиз баъзи зарур ўқув қуролларини мунтазам харид қилиш, ободончиликни таъминлаш мушкул.
Мисол учун, мактабимизда 2700 нафар ўқувчи таълим олади. Чиқиндиларни олиб кетиш учун маблағ ажратишда эса бу инобатга олинмайди. 500 ўқувчиси бор мактабга ҳам, бизга ҳам бир хил миқдорда пул берилади. Ёки ўқув биноси ва синфхоналарни жорий таъмирлаш учун ҳар йили маблағ ажратилмайди. Оддий бўрни ҳам ўзимиз оламиз.
Аммо бу йил ўқувчилардан пул йиғмаслик тўғрисида синф раҳбарлари, фан ўқитувчилари огоҳлантирилиб, тилхат олинган.
Тумандаги 182-мактаб директори Сайёра Абдураҳмонованинг айтишича, таълим муассасасида ўқувчиларнинг мактабга етиб келгани ва муассасадан чиқиб кетгани ҳақида ота-оналарга автоматик тарзда хабар йўлловчи турникетдан ташқари ҳеч нарсага пул йиғилмайди.
— Турникет янги ўқув йили бошида “Standart it-sektor” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўрнатилди, — дейди Сайёра Абдураҳмонова. — Ташкилот мутахассислари мактаб ота-оналар мажлисида ва синфлар кесимидаги йиғилишларда IP-турникетнинг қулайлиги, афзаллиги борасида тушунтириш ишларини олиб боришди. Ўзаро келишиб, икки томонлама шартнома имзоланган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бу хизматдан фойдаланиш учун магнит карта харид қилиш лозим. Ойлик абонент тўлови — 7000 сўм. Мактабда ўқиётган фарзандлари сони, хизмат турига қараб нархлар ўзгариши, ота-оналарга имтиёзлар берилиши мумкин. Аммо бу икки томоннинг розилиги билан йўлга қўйиладиган, фойдаланиш ихтиёрий бўлган қонуний хизмат туридир. Шу маънода буни ноқонуний пул йиғиш ҳолатлари билан тенглаштириб бўлмайди.
Мактабдаги асл ҳолатни ўрганиш учун ота-оналар, педагогларга саволлар билан юзландик. Ўзини 5-синф раҳбари Диля Тошбоева деб таништирган педагогнинг фикри бундай:
— Синфимизда ота-оналар қўмитаси раиси томонидан фақат фаррош учун минг сўмдан йиғилади. Менимча, бу сумма ҳеч кимга оғирлик қилмайди. Шу сабабли белгиланган суммани йиғиш қийин кечмайди...
Афсуски, мактаб мутасаддилари васийлик кенгаши фаолиятининг қонуний асосларини яхши билмаслиги сабабли юқоридаги каби муаммолар вужудга келмоқда. Аслида мактабга тақдим этилган барча ҳомийлик маблағлари “Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом”нинг 4-боб 13-бандида белгиланган тартибда мактаб ҳисоб рақамига кирим қилиниши лозим. Низомнинг 2-боб 4-,5-бандларига асосан, бу маблағлар таълим муассасасининг ўқув ва моддий-техник базасини ривожлантириш, биносини таъмирлаш, ҳудудини ободонлаштириш, ижодкор ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш, турли оммавий тадбирлар, саёҳатлар уюштириш, спорт-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш каби мақсадлар учун сарфланади.
Таъкидлаш жоизки, низомда синф ва мактаб фонди, фаррошга ҳақ тўлаш, ўқитувчи-педагогларга совға-саломлар олиш масалалари назарда тутилмаган.
Мактаб мутасаддиларининг айтишича, фаррошга бюджетдан ойлик иш ҳақи ажратилади. Демак, ота-оналарнинг бу борадаги эътирозлари ўринли.
Айбдор — “ташаббускор” ота-оналар
Бугун боласи мактабга борадиган аксар ота-она, ўқувчилар таълим муассасасида ноқонуний пул йиғилишини тасдиқлайди. Муаммони жиддийроқ ўрганишга киришсангиз, пуллар ота-оналар қўмитасининг раиси томонидан йиғилгани ойдинлашади.
Айрим ота-оналарнинг куракда турмайдиган “ташаббуси” туфайли синфдаги барча ўқувчи айтилган пулни олиб келишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто, педагоглар ота-оналардан турли сов¬ға-саломлар учун пул йиғмасликни сўраса ҳам “ташаббускор”лар бунга риоя этмаётгани, пулни қўярда-қўймай ўқитувчининг чўнтагига солиб, уни таъмагирликка ундаётгани айни ҳақиқат.
Аслида педагоглар пул йиғишни сўраса ҳам, ота-оналар буни қатъий инкор этиши, фарзандларига шу жиҳатдан ўрнак бўлиши зарур.
Ҳаммаси қонуний
Кузатишлар давомида айрим мактабларда бу масала қонун доирасида ҳал этилганига гувоҳ бўлдик. Юнусобод туманидаги 5-мактабда ота-оналарнинг ҳомийлик маблағлари таълим муассасасининг ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини ривожлантириш, биносини таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштириш ишларига йўналтирилмоқда.
— Мактабимизда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли сабаблар билан пул йиғиш қатъий тақиқланган, — дейди таълим муассасаси директори Нодира Йўлдошева. — Агар ота-оналар ихтиёрий равишда ёрдам кўрсатмоқчи бўлса, ҳомийлик маблағлари васийлик кенгаши фаолиятига оид низомнинг 4-боб 13-бандига кўра, таълим муассасасининг ҳисоб рақамига кирим қилинади. Маблағлардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда таълим муассасаси ҳисобчисининг ҳисоботи эшитилади. Ҳомийлик пуллари мактабни ободонлаштиришга, синфхоналарни жорий таъмирлашга сарфланади. Низомга мувофиқ, жараён жамоатчилик асосида назорат қилинади.
Наманган туманидаги 1290 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган 1-мактабда ҳам ота-оналар эътирозига сабаб бўлаётган ҳолатлар борлиги ҳақиқатга нечоғлик яқинлигини ўрганишга ҳаракат қилдик.
— Яширмайман, бу иш бизнинг мактабда ҳам бор, бироқ белгиланган тартиб-қоида асосида амалга оширилади, — дейди ота-оналар қўмитаси раиси Илҳомжон Исматов. — Одатда янги ўқув йилига тараддуд кўриш, синфхона ва йўлакларни жорий таъмирлаш учун маблағ йиғилади. Масалан, 2017-2018 ўқув йилига тайёргарлик кўрилаётганда бир неча ота-оналар таълим муассасасини жорий таъмирлаш учун ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш таклифини билдирди. Масала мактаб ўқитувчилари ва 256 нафар ота-оналар вакили иштирок этган умумий йиғилишда муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди. Унда пул бериш ихтиёрий эканлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан ҳеч қандай маблағ олинмайди.
— 650 ўринли мактабда 1200 нафардан зиёд ўқувчи икки сменада ўқийди, — дейди ота-оналардан бири Баҳодир Қосимов. — Икки фарзандим шу ерда таълим олади. Шунча бола кириб чиқавергандан кейин, хоҳлайсизми-йўқми, полнинг бўёғи ўчади, сувоғи тўкилади. Имкони бўлса, мактабга ёрдам кўрсатиш, ҳомийлик қилиш ҳам савоб.
Қолаверса, ҳомийлик ёрдами кўрсатишнинг қонуний асослари ҳам белгилаб қўйилган. Ота-оналар маслаҳатлашиб, болаларимиз ўқийдиган синфхоналарни таъмирлаш учун кимдир бўёқ, кимдир алебастр олиб берди, яна биров ҳунари билан кўмаклашди.
Мутасаддилар ота-оналардан йиғилган маблағнинг ҳар бир сўми васийлик кенгаши ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси томонидан талабчанлик билан ҳисобга олиниши ва харажатлар рўйхатига киритилиши назоратга олинганини таъкидлади.
— Ота-оналар вакиллари, ўқитувчилар ва мактаб жамоат кенгаши аъзоларидан иборат махсус ишчи комиссия тузилиб, аъзолар иштирокида тегишли далолатнома тузамиз. Унда барча харажатлар, кирим ва чиқимлар қайд этилади, — дейди мактаб касаба уюшмаси қўмитаси раиси Абдуваҳоб Булатов. — Масалан, янги ўқув йили учун ҳомийлар ва ота-оналардан 12 миллион 512 минг сўм маблағ йиғилди. Ишчи гуруҳ билан биргаликда сарфланган ҳар бир сўм бўйича ота-оналар иштирокидаги ялпи йиғилишда ҳисобот берилди. Лекин шуни алоҳида айтмоқчиман, мактабимизда бошқа мақсадлар учун пул йиғиш ҳолатлари йўқ.
Сўнгги икки йилда 1-мактабга янги ўқув йили, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, жорий таъмирлаш ишлари учун бюджетдан маблағ ажратилмаган. “Шу мақсадда туман молия бўлими мутасаддиларига мурожаат қилганмисиз?” деган саволимизга эса директор Жамолхон Турсунов “Йўқ”, деб жавоб берди. Сабаби, “Бундай мурожаатдан наф йўқ” эмиш. Директорнинг бу жавобидан қониқмадик. Балки сўров юборилганда, талаб ижобий ҳал қилиниб, давлат бюджетидан маблағ ажратилар, таъмир учун ота-оналардан пул йиғишга ҳожат қолмаган бўларди.
Бизнинг мақсадимиз қайсидир ўқитувчи ёки мактаб раҳбарининг айбини очиш эмас, балки жамиятимизда чуқур илдиз отиб, юртимиз тараққиётига, ёш авлоднинг пухта билим олишига тўсқинлик қилаётган, ўқувчилар қалбида текинхўрлик, порахўрлик иллатларининг беихтиёр шаклланиб қолишига, ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммони бартараф этишга мутасаддилар эътиборини қаратишдан иборат. Аслида, жамиятимизнинг зиёли қатлами бўлган устоз-педагоглар бу масалага жиддий қараб, иллат тарқалишининг олдини олишга биздан кўра ҳақлироқдир.
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ,
Насиба ЭРХОНОВА,
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари