Мурожаатлар — мактабдаги муаммолар хусусида
Тоғ ва тоғ-олди ҳудудида жойлашган Қўшработ тумани қишлоқлари тарқоқ бўлгани боис, аҳоли турмуш тарзида турли муаммолар учраб туради. Бу эса кишиларнинг маҳаллий ҳокимият, вилоят раҳбарлари ёки республика миқёсидаги ваколатли идораларга ёзма ва оғзаки мурожаат қилишлари заруратини келтириб чиқаради.
Туман халқ таълими бўлимига келиб тушаётган ариза ва шикоятлар мазмунан таҳлил қилинганда, аксарияти мактаб муаммолари билан боғлиқ эканлиги ойдинлашади. Фуқаролар кўпроқ мактабда номутахассис кадрлар дарс бераётгани, соатлар одилона тақсимланмагани, мактаб раҳбарларининг қонунга зид хатти-ҳаракатлари хусусида ёзма ариза билан мурожаат қилишади. Ҳар бир мурожаат муаллифи, санаси, мазмуни «Жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки (раҳбарият қабулида бўлган фуқаролар) мурожаатларини қайд қилиш (қабул қилиш варақаси) дафтари»да кўрсатилади. Мурожаатнинг асл нусхаси 01/4-11 йиғма жилдга тикиб борилмоқда.
— Жорий йил 30 октябрга қадар туман халқ таълими бўлимига 57 ёзма мурожаат келиб тушди. Уларнинг барчаси қайд қилиниб, ижроси устидан назорат ўрнатилди. 54 ёзма ариза тегишли даражада ҳал қилинди, учтаси кўриб чиқилмоқда. Аввал ҳар бир мурожаатни тегишли идора ва ташкилотга юбориш учун бир ой белгиланган бўлса, эндиликда кўриб чиқиш, чора-тадбир белгилаш учун икки ҳафталик муддат етарли бўлмоқда. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририга биноан, аризага роппа-роса 15 кун ўтиб, расмий жавоб жўнатилгач, мурожаатни назоратдан чиқарамиз. Айрим ҳолларда унинг ечими билан боғлиқ узрли сабаблар юзага келса, ижро муддати яна икки ҳафтага узайтирилиши мумкин. Агар ариза муаллифи жўнатилган жавобдан қониқмаса, юқори ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақлидир, — дейди ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизомига масъул ходим Шерқўзи Шакаров.
Замонавий технологиялар турмушга кенг татбиқ этилаётган даврда яшаяпмиз. Бу эса кундалик ҳаётда учраётган муаммонинг хоҳ қуйи, хоҳ юқори идоралар аралашуви билан, тезкор ҳал қилинишига имкон туғдиради. 2016 йил 24 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати порталида Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси очилиши мурожаатлар билан ишлаш тизимини тезкор асримиз талабларига мос ҳолда ташкил этишнинг асосини яратди. Бугунги кунда давлат раҳбари билан оддий кишилар ўртасида ҳеч қандай воситачиларсиз тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилмоқда. Президентнинг виртуал қабулхонасига Қўшработ туманидан жўнатилаётган электрон мурожаатларни тегишли ҳудудда ўрганиш, мутасаддилар иштирокида муҳокама қилиб, муаллифга қониқарли жавоб йўллаш тизими жорий йил июнь ойидан бошлаб йўлга қўйилди. Элек¬трон мурожаатлар учун алоҳида қайд қилиш дафтари юритилмоқда. Ҳукумат порталига жўнатилган 9 мурожаатнинг ҳар бири синчиклаб ўрганилиб, ўз муаллифларига натижаси маълум қилинди.
— Ҳар бир ариза ва шикоят ортида инсон манфаатлари туради. Қабулимизга келган шахснинг оғзаки мурожаатини ҳам эътиборсиз қолдирмаймиз. Президентнинг виртуал қабулхонасига юборилган ариза ва шикоят¬ларга ҳам жиддий қарашимиз керак. Чунки у туман ёки вилоят доирасида ҳал қилинмаган муаммодир. Тоз маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Гаркай қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Акрам Дўстматов шу ҳудудда 79-умумтаълим мактабининг филиали сифатида бошланғич синф очиб беришларини сўраб, виртуал қабулхонага икки маротаба (шу йил 23 август, 1 сентябрда) мурожаат йўллаган. Унинг аризасини ўрганиб чиққанимизда, тумандаги 79-умумтаълим маскани 2013 йилда капитал реконструкция қилиниб, 96 ўринга мўлжаллаб қурилгани маълум бўлди. Бу ерда 106 нафар ўқувчи билим олади. Гаркай қишлоғидан 50 нафар бола қатнаб ўқийди, 27 нафари бошланғич синфда таълим олади. Оралиқ масофа 3 километр. Мавжуд шарт-шароит, яъни ўқувчи сонининг камлиги ва масофанинг у даражада узоқ эмаслиги қишлоқда бошланғич мактаб қурилиши учун асос бўла олмади. Аммо 2019-2020 йилларда давлат дастури доирасида мактаб филиалини очишга рухсат берилса, мурожаат эгасининг талаби қондирилишини унга иккинчи бор маълум қилдик. Фуқаро ўз шахсий манфаатини ёки аҳоли эҳтиёжларини инобатга олиб, қандай шаклда ва кимга мурожаат қилишидан қатъи назар, уни ҳал қилишга давлат идоралари раҳбарлари масъулдир, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири Улуғбек Мамарасулов.
Ариза, шикоят билан мурожаат қилган кишига ёт назар билан қаралувчи давр ортда қолди. Зеро, Президентимиз илгари сураётган «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ғоя жамият тараққиётига кенгроқ йўл очишини барча давлат идоралари раҳбарлари чуқур англаб, шунга яраша иш тутадиган замон келди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири