«Кутубхонага киришга қўрқаман»
Гурлан шаҳарчасининг қоқ марказида – Паҳлавон Маҳмуд кўчасида жойлашган Гурлан хизмат кўрсатиш ва транспорт касб-ҳунар коллежи тасарруфидаги Ахборот-ресурс маркази туманда энг катта бинога ва энг кўп китоб фондига эга, аҳоли учун фойдаланишга қулай маърифат ўчоғидир.
Аммо... икки қаватли бинонинг кўча томонга қараган эшиги йўқ. Ён тарафдаги эски темир дарвозадан ўтиб, бир неча идоралар учун умумий бўлган ҳожатхона йўлаги орқали кирилади. Кириш эшигида кутубхоналигини билдирадиган пешлавҳа, иш вақти ва тартиби, маъмурият мутасаддиларининг исм-фамилияси ва бошқа зарурий маълумотлар акс этган ёзув ҳам йўқ. Хоналарнинг эшикларида ҳам шундай ҳолат. АРМ ходимларидан “Бу қайси хона?” деб бирма-бир сўрашимизга тўғри келди. Иккинчи қаватдаги биргина эшикда “Хизмат кўрсатиш хонаси” деган ёзув бўлиб, бу ерда кимга қандай хизмат кўрсатилишини билолмадик. Чанг босган хонада эскирган иккита кресло, стол, бир неча курси, бўм-бўш жавон ва бугунги кунда музейдан жой олиши керак бўлган эски русумдаги битта компьютер бор эди. Биринчи қаватдаги “Ёпиқ фонд” деб аталадиган нимқоронғи хонанинг ёритиш тизими ишдан чиққани сабабли, хавфсизлик қоидаларига хилоф равишда шифтга осилган иккита чироқ катта хонани ёритишга ожиз. Кенг ўқув залидаги саккиз чироқдан атиги учтаси ишлайди, холос. АРМ раҳбари Гулнора Каримованинг айтишича, электр тизими капитал таъмирга муҳтож. Симларда қисқа туташув бўлиш эҳтимоли борлиги сабаб уни соз¬лаш хавф¬ли. Чироқлар тез-тез куяверганидан уларнинг барчасини янгилашни ходимларнинг чўнтаги кўтармаяпти. Иккинчи қаватдаги очиқ фонд¬нинг қўшимча хонаси томидан чакки ўтган. Шифтдаги намлик электр тизими учун хавф туғдирса, хонанинг захлиги китобларнинг сақланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шамоллатиш тизими ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Газ босими меъёрида, бироқ иситиш қозони ночорлигидан хоналар совуқ. Коллеж директори Х.Сапарбоев аввалроқ келиб, иситиш тизимини қишгача таъмирлатишни ваъда қилиб кетган, бироқ ҳамон ундан дарак йўқ. Дарз кетган ойналарга қопланган плёнка совуқни тўса олмаяпти. Оёқ остидаги сунъий тўшама — линолеум йиртилиб кетган.
Ўқув залидаги жавонлар ғарибгина безатилиб, бўш жойлар адабиётлар билан номига тўлдирилган. Бурчакда турган стол устида турли йилларда (бундан 15–20 йиллар аввал) нашр қилинган ҳар хил номдаги 10–15 журнал аралаш ётибди. Кенг столлар устида бор-йўғи тўрт номдаги – битта туман, учта вилоят миқёсида чоп этиладиган газеталар тахлами. У ҳам бўлса, ходимларнинг ўз ҳисобидан уюштирилган обуна эвазига келган. Деворда Биринчи Президентимиз ¬Ислом Каримов ва Алишер Навоий портретлари осилган. Ўқув залининг бор-йўқ бисоти – мана шулар.
Мебеллар эскирган. Кўпи яроқсиз аҳволда бўлмаса ҳам, кўримсиз ҳолатга келган. Китоб жавонларининг баъзилари меъёридан ортиқ юкни узоқ йиллардан бери кўтариб “толиққанидан” тарвақайлаб, майишиб турибди. Халқимизнинг маънавий хазинаси сақланаётган бу бинони янги жиҳозлар билан таъминлаш борасида ҳеч ким бош қотирмаяпти. Кутубхонага ҳомийлик ёрдами кўрсатадиган мард ҳозирча топилгани йўқ. Ўтган йили фондга бир дона ҳам янги адабиёт қўшилмаган. Сиёсий адабиётлар бўлимида 1996 йилдан кейин қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар умуман йўқ. АРМ раҳбарининг айтишича, биз сўраган нарсаларнинг ҳаммаси мавжуд бўлиб, улар коллеж биноси ичидаги кутубхонада сақланади. “Улардан коллеж ўқувчиларидан бошқа ҳеч ким фойдаланмайди. Бу ерда биз ёш-қари — ҳаммага хизмат кўрсата оламиз”, дейди АРМ раҳбари куюнчаклик билан.
Китобларнинг электрон нусхаси тўғрисида гап очиш ортиқча эканини билиб, барча адабиётларнинг электрон рўйхатини сўрадик. Рўйхат компьютерда сақланишини, компьютерчи мутахассис эса шаҳар чеккасида жойлашган коллежда ишлашини айтишди.
Бу бинодаги ходимлардан ҳеч бири компьютердан фойдаланиш малакасига, ҳатто флешка, диск каби электрон воситаларга ҳам эга эмас экан.
Улардан фаолиятининг мазмуни билан танишиш учун ҳужжат ва маълумотлардан нусха кўчириб беришни сўраганимизда қўлда ёзишга мажбур бўлдилар. Бировнинг ишидан хато топиш осон. Инсоф билан айтсак, совуқ хоналарда, қийин шароитда ишлаётган АРМ ходимларига раҳмат. Улар фаолиятининг бир қадар ижобий томонларини ҳам эътироф этиш жоиз. Жойларда кўплаб тадбирлар ўтказил¬япти. Чекка ҳудудлардаги китобхонлар билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Китобхонларнинг ташаккурномаларидан таш¬қари, китоб олаётганларга ҳам дуч келдик.
— Икки йилдан бери бу ерга оилавий аъзомиз, — дейди 37 ёшли уй бекаси Насиба Сапарбоева. — Ўзбек ёзувчиларининг асарларини севиб ўқийман, қизим Мафтуна рус тилидаги адабиётларга қизиқади. Ҳозир тўртта китоб топшириб, яна шунча китоб олиб кетяпман. Бу ерда бошқа кутубхоналарда топилмайдиган кўплаб китоблар мавжуд.
— Туман марказидан тахминан 20 чақиримча узоқда — Вазир қишлоғининг Олчин маҳалласида яшовчи 90 яшар китобхонимиз бор. Ҳар гал ўғлини юбориб, ўзига керакли китоб¬ларни топиб беришимизни илтимос қилади. Истагини бажо келтираётганимиздан у ҳам, биз ҳам хурсандмиз, — дейди АРМ раҳбари. — Бобо китобни қўлига ушласа, анча тетиклашар экан. Буни вилоятдаги раҳбаримиз — Вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Раимбой Қурбоновга айтган эдим, у киши келгусида иккита библиобус ажратишни ваъда қилди.
АРМ ходимларининг саъй-ҳаракати билан 2017 йили китобхонлар 3200, ўқув залидан фойдаланувчилар эса 1050 нафарга етди. Сўнгги уч ойда 300 нафардан зиёд китобхон адабиётлардан самарали фойдаланди.
Ходимларнинг ишга муносабати ёмон эмас, аммо давр билан баравар қадам ташлаш учун ҳали кўп ҳаракат қилиш ва лоқайдликдан буткул халос бўлиш зарур.
* * *
Шаҳарчанинг генерал Бобожонов кўчасидаги кўзи ожизлар кутубхонаси аҳоли уйлари орасида, торгина кўчада жойлашган. Тўрт хонадан иборат пастаккина бино, пешлавҳасига “Гурлан туман кўзи ожизлар кутубхонаси” деб ёзиб қўйилганига қарамай, зиё масканидан кўра, харобага ўхшайди. Бировга кўрсатиб, кутубхона, десангиз, дили эзилади, кўзи ожизлар кутубхонаси эканини билгач, беихтиёр кўзига ёш келади. Бу ташландиқ бино 2013 йили кўзи ожизларга кутубхона сифатида фойдаланишга берилган. 2016 йил бошида кутубхонага янги тайинланган мудира Муҳаббат Йўлдошева Гурлан тумани ҳокими Қаҳрамон Мадраҳимовга хат билан мурожаат қилиб, янги бино беришларини сўрайди. Мудирага келган жавоб хатида кутубхонани 2017 йили янги бино билан таъминлаш ваъда қилинади. Иш пайсалга солинавергач, Муҳаббат Йўлдошева қайтадан туман ҳокимига хат йўллайди. Аввалги йили ёзган мурожаати қуруқ ваъда билан қаноатлантирилган мудира бу гал “жой билан таъминлашнинг умуман иложи йўқ” мазмунида рад жавоби олади. Гурлан тумани иқтисодий ночор, қолоқ туманлардан эмас. Пахта ва шоли етиштириш бўйича кўп йиллардан бери вилоятда пешқадам бўлиб келган туманда китобга, китобхонларга муносабатни ўзгартириш пайти етди. Буни туман раҳбариятининг иложсизлиги ёки маънавий даражаси билан оқлаб бўлмайди. Чунки Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда ногиронларни қўллаб-қувватлашга қаратилган барча фармойиш, қарорлари ҳамма туман раҳбарларига бирдек тааллуқлидир.
Деворлари нураган бино даҳлизининг деразаси йўқ. Эшик ёпилса, ичкари зим-зиё бўлиб қолади. Ўнгда брайл алифбосидаги махсус китоблар хонаси, чапда қироатхона, кейин мудира кабинети. Ўқув хонасидаги кунгурасимон тунука печнинг бир ёни чириб, тешилган. Бошқа хоналарда иситишга мўлжалланган бирор-бир мослама йўқ. Деворларнинг пастки қисмидаги лойсувоқ шўрлаб тўкилганидан ғиштлари кўриниб ётибди. Деразалар шимол ва ғарб томонда бўлганидан хоналарга тангадай қуёш нури тушмайди.
Мудиранинг ишларига қойил қолмай илож йўқ. Кўпчиб ётган деворларни чиройли, мазмунли кўргазмали воситалар билан безатган. Ҳужжатлар тўплами тўлиқ, аниқ ва тартибли терилган. Муҳаббат Йўлдошева барча маълумотларни ёдда сақлагани боис, саволларимизга аниқ ва тез жавоб берди. Кутубхона жами 3004 номдаги адабиётга эга бўлиб, 644 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатмоқда. Зиё маскани 2017 йили 117 миллион 190 минг сўмлик китоб билан таъминланган. 2018 йил учун 9 номдаги даврий нашрларга обуна бўлинган. Канцелярия моллари бериляпти. Кутубхона учун мебеллар ва совуткич ажратилган. Бироқ уларни қўйишга жой ҳам, қўриқлагани қоровул ҳам йўқ. Бинога электр симлари қаёқдан кириб, қаёққа чиқишини ҳеч ким билмайди. Электр ҳисоблагич ҳам ўрнатилмаган. Бу масалага ойдинлик киритиш учун мудиранинг елиб-югуришлари самара бермади. Шундай бўлса-да, у шахсий машинасида имконияти чекланган ва соғлом фойдаланувчиларга китоб етказишдан чарчамайди. Жойларга бориб китоб¬ларни тарғиб қилади. Тадбирлар уюштиради. Китоб тарқатади ва ўзи ҳам китоб йиғади.
— Бир куни кутубхонага 4-синфда ўқийдиган қиз келиб ташқарида туриб қолди, – дейди мудира. — Ичкарига чақирсам, “қўрқаман”, дейди. “Бу ерда қўрқадиган ҳеч нарса йўқ, келавер, нимадан қўрқяпсан?”, десам, “Кутубхона устимга йиқилишидан қўрқяпман”, дейди.
Маҳмуд Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд сингари алломаларга бешик бўлган Хоразм заминининг айрим гўшаларида кутубхонага, китобга бўлган муносабат шу аҳволда. Масалани бевосита ҳал қилиши лозим бўлган масъуллар бундан тегишли хулоса чиқаради, деган умиддамиз.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири