Илм-фанга эътибор Ватан тараққиёти ва равнақига хизмат қилади
Илм аҳли қадрланган, фан истиқболи ва равнақига юксак эътибор қаратилган даврларда юртимизда изчил тараққиёт ва ривожланиш кузатилгани тарихий солномаларда алоҳида қайд этилган. Жумладан, она заминимизда юз берган Ренессанс, яъни уйғониш даври ҳам бевосита илм-фанга юксак эътибор билан боғлиқ. Ватанимиз тарихида дастлабки тамаддун IX—XII асрларда рўй берган бўлса, иккинчи босқич Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврига тўғри келади. Баралла айтиш лозимки, илм-фан равнақининг учинчи босқичи давлатимиз мустақилликка эришган палладан бошланди.
Ушбу босқичларга назар ташласак, улардаги умумий жиҳатлардан бири — илм-фан равнақига давлат миқёсида эътибор қаратилгани ва ҳомийлик қилинганида яққол кўринади. Хоразмшоҳ Маъмун, Буюк Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби соҳиби салтанатлар мамлакат тараққиёти учун илм-фаннинг аҳамияти нечоғлик улкан эканини тушунгани, илм аҳлига етарли шарт-шароитларни яратгани туфайли мамлакат обод бўлган, раият фаровон умргузаронлик қилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолари, илм-фан намояндалари билан учрашувини телевизор орқали диққат билан кузатар эканман, кўз олдимда кўҳна ва яқин тарих қайта гавдалангандек бўлди: Маъмун академиясида Хоразмшоҳнинг олимлар билан мусоҳабаси, Мирзо Улуғбекнинг биринчи мадраса очилишида олиму фузалолар билан суҳбати, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мустақиллик арафасида Фанлар академияси олимлари билан учрашуви...
Юртимиз илм-фан намояндалари билан мулоқот асносида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда илм-фанни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги ўринли таклиф ва мулоҳазалари, жумладан, “Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп. Улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозим. Ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи бос¬қич — мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юксак малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш зарур. Бу йўлда ҳеч нарсани аямаймиз”, деган сўзлари ёш тадқиқотчи сифатида мени ғоят тўлқинлантирди. Президентимиз ўз сўзида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштиришга урғу бергани илм-фан ходимлари олдига янги вазифаларни қўйди. Зеро, бу учликнинг уйғунлиги, мутаносиб тарзда ривожланиши таъминланса, илм-фаннинг давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти яққол кўринади.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингач, илмий тадқиқотчилик фаолиятини энди бошлаган кезларим ёдимга тушди. Ўшанда устозимиз илм-фан жамият тараққиётига хизмат қилиши, хусусан, тарихни ўрганиш, тарих фалсафаси моҳиятини тушунишда, аввало, инсон манфаатлари бош мезон эканини таъкидлаган эди. Шу ўринда Хоразм Маъмун академиясининг шиорини эслаш ўринлидир: “Илм инсонлар эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиши лозим”. Ҳақи¬қатан ҳам, мулоқотда такрор ва такрор айтилганидек, илм-фаннинг асосий вазифаси инсонлар ҳаётини енгиллаштириш ва фаровонликни таъминлашдир.
Шуларни ўйларканман, давлатимиз раҳбарининг атоқли олимлар, фан дарғалари билан самимий мулоқоти танлаган йўлимга муҳаббатимни оширди, юрагимда фанимиз келажагига бўлган ишонч янада мустаҳкамланди. Олий таълим муассасаси ўқитувчиси ва ёш тадқиқотчи сифатида ўз устимда янада кўпроқ ишлашим, юртимиз равнақига кўпроқ ҳисса қўшишим зарурлигини яна бир бор ҳис қилдим.
Нигора АБДУЛЛАЖОНОВА,
Наманган муҳандислик-педагогика институти ўқитувчиси