Жиноятчи деб топилган педагог оқланди
Макон ва замон танламайдиган энг олий мезон — бу, шубҳасиз, адолатдир. Адолат устувор бўлган жойда фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, одамларнинг эртанги кунга ишончи ортади. Бироқ ҳаёт доим ҳам бир текис кечмайди. Баъзан жамиятда содир бўлаётган турли адолатсизликларни кўриб, кайфият бузилади. Бу вазиятга энг улуғ ва шарафли касб эгалари бўлган муаллимларнинг дучор бўлиши эса кўнгилни янада ранжитади.
Нурмаҳамат Аҳмедов болалигидан билим олишга чанқоқлиги, тиришқоқлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турарди. У мактабни аъло баҳоларга тамомлаганидан сўнг ўзи севган касб — ўқитувчилик бўйича олий таълим муассасасида таҳсил олди. Илк меҳнат фаолиятини хат-саводи чиққан Олмазор туманидаги 119-мактабда бошлайди. Меҳнатсевар ёш педагог хизмат пиллапояларидан илдам кўтарилди. Ўқитувчи эди, директор ўринбосари бўлди. Бир муддат тажриба тўплаганидан сўнг тумандаги 185-мактаб директори лавозимига тайинланди. Моддий ва маънавий жиҳатдан ортда қолган мактаб унинг раҳбарлигида тумандаги намунали таълим муассасалари қаторига қўшилди. Туман халқ таълими бўлими талабчан, муаммо ва камчиликларни эътиборсиз қолдирмайдиган директорнинг иш услубини бошқа мактабларда ҳам оммалаштиришни тавсия этади.
Изланувчан педагог 2005 йили Шайхонтоҳур туман халқ таълими бўлими мудири этиб тайинланди. Бир муддат ишлаганидан кейин Юнусобод туманидаги 21-мактабга директор бўлиб келади. Ўқувчиларнинг чуқур билим олиши, иқтидорини намойиш этиши учун кенг имконият яратиш, таълим муассасасини обод қилиш йўлида астойдил меҳнат қилди. Бироқ меҳнатига раҳмат ўрнига, туҳмат эшитди. Ўзгалар ютуғини кўролмайдиган айрим кишилар “ташаббуси” билан муаммолар гирдобида қолди.
2010 йил 3 декабрда Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Нурмаҳамат Аҳмедов ва унинг ўринбосари Мирхалил Мирзаевни 2006—2010 йиллар мобайнида тил бириктириб, ўқитувчиларнинг ойлик маошидан “уриб” қолиш, ишга олишда сохта буйруқ чиқариш, имзоларни қалбакилаштиришда айбдор деб топди. Суднинг ҳукмига кўра, уларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жарима ҳамда 3 йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Нурмаҳамат Аҳмедовнинг айбсиз экани ҳақида судга тақдим этган ҳужжатлари эътиборсиз қолдирилди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2011 йил 6 январдаги ажримига кўра, уларга чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолди.
— Ҳуқуқларим поймол бўлиб, адолатсизликка учраб, асоссиз жазоланганимдан куйиндим. Энг ёмони, оилам, ҳамкасбларим, ўқувчиларим, қариндош-уруғ, қўни-қўшниларим олдида айбсиз айбдорга айландим. Ўзимни қандай оқлашни, айбсиз эканимни исботлашни билмай қолдим, — дейди Нурмаҳамат Аҳмедов. — Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишонч¬ли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 27 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари етти йилдан буён ёниб-ўчиб турган умид учқунларимни қайта алангалатди. Фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида ташкил этилган халқ қабулхоналари кўплаб юртдошларим қатори менинг ҳам мушкулимни осон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига бориб, бошимдан ўтган хўрлигу адолатсизликлар ҳақида сўзлаб бердим. Улар бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни атрофлича ўрганиб, адолат қарор топишига, ҳуқуқларим тикланишига катта ёрдам берди.
Нурмаҳамат Аҳмедов шикояти бўйича Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2017 йил 4 майдаги ажрими билан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2011 йил 6 январдаги ажримининг тегишли қисми бекор қилиниб, жиноят иши янгидан шу инстанция судида кўриш учун юборилди. Қайта суриштирувлардан сўнг асл ҳақиқатлар бирин-кетин юзага чиқа бошлади. Суд мактаб директори Нурмаҳамат Аҳмедов ва унинг ўринбосари Мирхалил Мирзаев ўқитувчилар ойлигини ўзлаштиргани ҳақидаги айблов, педагогларнинг кўрсатмаларидан ташқари, бирор-бир далил билан исботланмаганини аниқлайди. 2010 йили бўлиб ўтган судда Мирхалил Мирзаев 2006—2010 йиллар давомида директор билан тил бириктирган ҳолда жиноят содир этган, деб топилган. Ваҳоланки, у 2009 йил 31 августда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинланган ва 2010 йил 5 январдаги 2-сонли буйруқ билан унга ғазначи вазифаси юклатилган. Бунга қадар эса ғазначи вазифасини бошқалар бажарган. Бироқ дастлабки терговда собиқ ғазначиларнинг бирортаси ҳам сўроқ қилинмаган. Бундан ташқари, мактабнинг 2007—2010 йиллардаги фаолияти Молия вазирлигининг Тошкент шаҳар назорат-тафтиш бошқармаси томонидан текширилганда ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақи билан боғлиқ муаммо ва мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган. Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди. Одил судьяларнинг саъй-ҳаракати билан ҳақиқат қарор топади. 2017 йил 5 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси томонидан 2010 йили Нурмаҳамат Аҳмедов ва Мирхалил Мирзаевга чиқарилган суд ҳукми бекор қилиниб, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан айбсиз деб топилиб, оқланди. Бу хушхабар нафақат асоссиз жабрланганлар оиласини, балки уларнинг маҳалладошларини ҳам беҳад хурсанд қилди.
— Инсон камолотида унинг қўлига илк бор қалам тутқазган, ҳарф ўргатган, маърифат ва зиё сари етаклаган ўқитувчиларнинг хизмати беқиёс. Борлиқни англаш, илм-фан сирларини эгаллашда ҳаммамиз таълим-тарбия фидойиларининг кўмагига таянамиз. Шу боис азалдан устозларга чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинган. Маҳалламизда алоҳида ҳурмат-эътиборга эга бўлган Нурмаҳамат Аҳмедов ҳам ана шундай жонкуяр ўқитувчилардан, — дейди 80 ёшли отахон Анвар Азимов. — Олмазор туманидаги “Намуна” МФЙга 24 йил раислик қилдим. Нурмаҳамат маҳаллада котиб бўлиб ҳам ишлади. Уни яқиндан билган ва синаган киши сифатида айтишим мумкинки, у ҳаром луқмадан ҳазар қиладиган инсон. Болалигидан суяги меҳнатда қотган, доим ҳалол яшашга ўрганган. Унинг жиноий жавобгарликка тортилганини эшитиб, тўғриси, ҳайрон бўлдим. Ўзига тўқ, намунали оила бошлиғининг жиноят кўчасидан юрганига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Анча вақтдан кейин Нурмаҳаматнинг айбсиз экани, оқланганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Юртимизда инсон манфаатларининг ҳар томонлама ҳимоя қилинаётгани учун шукрона келтирдим.
Ҳа, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя асосида юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртдошларимизни қийнаётган кўплаб муаммо ва камчиликлар бартараф этилмоқда. Кўпчилик қатори Нурмаҳамат Аҳмедовнинг ҳам шахсий ҳуқуқи ва эркинлиги тикланди. У айбсиз деб топилиб, оқланди. Ваҳоланки, ўз вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ишига масъулият билан ёндашиб, асл ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳаракат қилганида, бир бегуноҳ инсоннинг обрўси, ҳақ-ҳуқуқи топталмасди. 2017 йил 22 декабрь куни Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш керак. Тергов ва суд ишига аралашиш ҳолатларини аниқлаш, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ғоят муҳимдир.
2017 йил 13 июнда пойтахтимизда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз куюнчаклик билан “Асосий вазифаси ва бурчи оқни — оққа, қорани — қорага ажратиш, адолатни ҳимоя қилишдан иборат бўлган судья қонунга, ўз касбига хиёнат қилса, одамлар додини кимга айтади? Адолат излаб қаерга боради?”, деган эди. Модомики, одамлар тақдири, таъбир жоиз бўлса, ҳаёти судьялар қўлида экан, бу лавозимда фақат ва фақат адолат жиловини маҳкам тутган инсонлар фаолият олиб бориши зарур. Бу фикрлар нафақат суд тизими ходимлари, балки Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун ўзини масъул деб билган барча юртдошларимиз учун бирдек дахлдордир.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири