3-сектор: муаммо ҳал этилди
Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Барча туман ва шаҳарларда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилигида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та сектор фаолият кўрсатмоқда.
Бу тизим одамларни қийнаётган ва ташвишга солаётган масалаларни ечиш, турмуш шароитини юксалтириш, жойларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган ҳужжатлар ҳамда дастурларнинг қуйи бўғинда амалга оширилишини таъминлашда муҳим роль ўйнаяпти.
Жумладан, пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ички ишлар бўлимига 3-сектор бириктирилган бўлиб, ишчи гуруҳи ҳудуддаги реал аҳволни ўрганиб, мавжуд муаммоларга ечим топмоқда.
— Ҳудудимиздаги 11664 хонадонда 69103 нафар фуқаро истиқомат қилади, — дейди 3-сектор раҳбари Элбек Хайруллаев. — Секторга бириктирилган “Юнусобод”, “Акбаробод”, “Отчопар”, “Уста Ширин”, “Шаҳристон”, “Ғайратий”, “Жомий”, “Янгиариқ”, “Минор”, “Матонат”, “Қашқар”, “Анорзор”, “Ҳусниобод”, “Ифтихор” каби 16 та маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан мулоқот ўтказилди. Ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этдик. Мисол учун, ҳудуддаги 15 та мактабгача таълим муассасаси фаолияти ўрганилганда, бир қанча МТМлар таъмирталаблиги, моддий-техник базаси ночорлиги аниқланди. 30-МТМ фаолияти тўхтаб қолгани маълум бўлди...
30-МТМ раҳбари Ўктамхон Мустафоеванинг айтишича, МТМ биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолгани учун фаолиятини тўхтатган. 3-сектор масъуллари боғча билан танишгач, муаммони бартараф этиш юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланган. 1927 йили қурилган эски боғча биноси Инвестиция дастурига кўра қисқа муддатда капитал таъмирланган. Қўшимча бино қурилиши ҳисобига яна иккита янги гуруҳ ташкил
этилган.
— Муассасага 15 йилдан буён раҳбарлик қиламан, — дейди Ўктамхон Мустафоева. — Бино эскириб қолганидан шикоят қилиб, бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо бари самарасиз бўлди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган сектор ходимлари аҳволни ўрганиб, амалий ёрдам беришди. Боғчамиз таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Қўшимча бино қурилгани натижасида янги гуруҳлар очдик. МТМда 200 нафар болажонга сифатли таълим-тарбия бериш имконияти яратилди. Ҳудуддаги МТМга қамраб олинмаган болаларни ҳам боғчага жалб этдик.
Жорий йилнинг 28-29 январь кунлари ҳаво ҳарорати кескин совиб, газ босими пасайиб кетиши натижасида айрим МТМларда иситиш тизимида муаммолар кўзга ташланди. 3-сектор ишчи гуруҳи ходимлари ҳудуддаги МТМлар билан танишганда 331-боғча хоналари яхши исимаётгани маълум бўлди. Оқибатда ўша кунлари давомат сезиларли даражада пасайган: 140 ўринли боғчага 115 нафар тарбияланувчи келган.
Сектор ишчи гуруҳи вазиятни яхшилаш бўйича амалий ҳаракатни бошлади. Қисқа фурсатда муассасанинг иситиш тизими тўлиқ янгиланди. Муассаса мудираси Шаҳноза Камолова бу ҳақда шундай дейди:
— Ҳар йили қиш мавсумида хоналар совиб кетиши натижасида давомат кескин пасайиб кетарди. 5 та гуруҳдаги 140 тарбияланувчидан 100 — 115 нафаригина боғчага келарди, холос. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида тегишли идораларга бир неча бор мурожаат қилганмиз. Афсуски, аҳвол ўзгармаган. 2018 йилда 3-сектор ишчи гуруҳи томонидан масканимиздаги ҳолат батафсил ўрганилди. Иситиш тизимини янгилашга давлат бюджетидан 70 миллион сўм ажратилди. МТМдаги барча иситиш қувурлари алмаштирилди. Ҳозир хоналар бир меъёрда исияпти. Совуқ кунларда ҳам гуруҳларда болалар яйраб ўтиришади. Давомат тикланди.
Бундай ижобий ўзгаришлар жойларда секторлар фаолияти самарали бўлаётганини кўрсатади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири