Ўқитувчи ҳужжати самараси қоғоздами ёки амалда?
Сўнгги пайтларда мактабларда юритиладиган ҳужжатларнинг кўплиги таълим сифати ва самарадорлигига салбий таъсир этаётгани, ўқитувчини асосий ишидан чалғитаётгани кўп таъкидланмоқда. Педагоглик масъулияти ва бола тарбияси билан боғлиқ ҳужжатлар борки, уларни тўғри тўлдириб бориш педагог меҳнатига муносиб баҳо беришга асос бўлади. Жумладан, синф журналини сақлаш ва тўғри юритиш қоидалари юзасидан кундалик назорат олиб бориш, журнал саҳифаларини фанлар бўйича тақсимлаб чиқиш синф раҳбари зиммасига юклатилади. Синфдаги иш ва ўқув жараёнини акс эттирадиган бу ҳужжатнинг ўз вақтида тўғри юритилиши аҳамиятлидир. Масалан, ҳар куни ўқувчилар томонидан кундалик қолдирилган дарслар сони журналнинг 128—145-, ҳар бир ўқув фани бўйича чораклик, йиллик баҳо ва йиллик рейтинг баллари эса 122—127-саҳифаларига қайд этиб борилади. Бундай тартиб ўқувчиларни назоратсиз қолдирмаслик ва билимини оширишга хизмат қилади.
— Ўқитувчиларнинг ўқувчи билан кўпроқ ишлашига имконият яратиш, уларни амалий маш¬ғулотларга жалб этиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилган, — дейди Халқ таълим вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-методик жараённи ривожлантириш бош бош¬қармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров. — Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг намунавий йиллик иш режаси 2011-2012 ўқув йилига қадар 5 йўналишда 33 иш туридан иборат бўлган бўлса, энди янги таҳрирдаги намунавий йиллик иш режаси тасдиқланди. Унда ўқитувчиларнинг асосий фаолияти дарс, дарсга тайёргарлик кўриш ва синф¬дан ташқари тарбиявий ишларга қаратилиб, 3 йўналишда 10 иш туридан иборат этиб белгиланди. Халқ таълими ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг 2010 йил 27 майдаги 125-сонли қўшма буйруғига асосан ўқитувчи томонидан юритилган 18 та турли дафтарлар қисқартирилиб, уларнинг сони 6 тага туширилди. Булар йиллик иш режаси, тарбиявий ишлар режаси (синф раҳбарлари учун), тақвим-мавзу режаси, дарс конспекти, дарс кузатиш дафтари, синф журналини юритишдир. Мазкур ҳужжатлар ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва уларга ҳақ тўлаш учун энг зарур бўлган ҳужжатлар ҳисобланади. Шунингдек, ўқитувчининг (1 ставка) йиллик умумий юкламаси 1548 соат этиб белгиланган, уни бажариш учун фан ўқитувчиси йил давомида 34 ҳафта, ҳафтасига 36 соат, 1 кунда 6 соат ишлаши лозим.
Мактабдаги таълим жараёни ўқув йили бошида режалаштирилган жадвал асосида давом этади. Кун, ҳафта, ой давомида бажариладиган ишлар ва ҳужжатларни юритиш педагогнинг иш ҳажмига қараб тақсимланган. Асосий ҳужжатларни тўғри юритиш ўқитувчининг ўз ишига масъулиятини билдиради. Йиллик иш режада ўқув йили давомида бажарилган ишлар акс этса, дарс конспекти ўқитувчи ўтаётган машғулотнинг негизи ҳисобланади. Дарс кузатиш дафтарида эса ҳар ойда тўрт соат ёш мутахассислар тажрибаси кузатилиб, камчиликлар таҳлил этилади.
Учкўприк туманидаги 38-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зилола Холиқованинг ҳужжатлари намунали тўлдирилган ва жамланган. Фан ўқитувчисидан талаб этиладиган ҳафтасига бир соат дарс таҳлил этилган. Дарс таҳлили жараёнида илғор педагогик технологияларни намойиш этиш мақсадга мувофиқлиги, ёш ўқитувчиларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳам инобатга олинган. Педагогнинг таъкидлашича, дарс ўтаётган ёш муаллим педагогнинг фақат кузатувчи эмас, ёш мутахассисга хайрихоҳ эканини ҳис қилиши керак. Ёш ўқитувчининг дарсини таҳлил қилган мутахассис аввал ютуқларни, кейин камчиликларни айтиши, илғор педагогик технологиялардан, жумладан, “Зиг-заг”, “Муаммо, ечим, ижро”, “Қирқмалар сири” каби усуллардан фойдаланиш бўйича тавсиялар бериши лозим. Зилола Холиқова ўқув жараёни, ўқитувчиларнинг ҳужжатларни юритиш тартиби ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
— Мактабимизда 45 нафар педагог-ходим 452 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Ўқув жараёнини самарали ташкил этишда мактаб директоридан тортиб, барча фан ўқитувчилари белгиланган талаблар учун зарур ҳужжатларга эга. Шу ўринда бир мулоҳаза — иложи бўлса, айрим ҳужжатларни умумлаштириш лозим. Масалан, фан ўқитувчиси йиллик ўқув режасига, сўнгра ҳар кунлик дарс ишланмасига, ўз устида ишлаш дафтари ва дарс таҳлили, йиғилишларни ёзиб бориш, агар синф раҳбари бўлса, ота-оналар билан ишлаш, тўгарак машғулотлари ўтиш, синф ўқувчилари ҳақидаги дафтарларга эга бўлиши керак. Педагогик юклама ҳужжати бир йилда бир марта тўлдирилади.
Физика, кимё, биология ва технология фани ўқитувчиларида техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш ҳақидаги журнал ҳам бўлиши керак. Бундан ташқари, иқтидорли ва бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар билан ишлаш, турли баённомалар тўлдириш ҳам бор. Баъзида ҳужжатларнинг кўплиги учун ҳам ўқитувчи уни тўлдиришга улгурмайди.
Бу асосий иши — билим беришдан чалғитади. Масалан, “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор асосида ўқитувчи устама ҳақ олиш учун амалдаги ишларини ташлаб, бир қанча ҳужжат тайёрлаши керак.
Ҳар бир ўқитувчининг иш куни журналга сана ва мавзуни ёзишдан бошланади. Кейин тартиб бўйича машғулотнинг мазмуни ва ўқувчига қўйилган балл акс этади. Кузатишлар давомида айрим ўқитувчилар томонидан бу иш тўлиқ бажарилмаётгани аниқланди. Мисол учун, 38-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси, 6-“А” синф раҳбари Чаросхон Ёқубова машғулот учун зарур кўргазмали воситалар тайёрлаш билан банд бўлиб, синф журналига ўқувчилар исм-фамилиясини ёзмаган. Айрим синф раҳбарларининг тарбиявий ишлар режаси киритилган дафтарни ҳам тўлдирмагани кўзга ташланади. Ўқувчиларнинг тўгарак машғулотидаги иштироки, ота-оналар қўмитаси ва ўқувчининг хулқи, ўзлаштириши ҳақидаги маълумотлар, ўтилган тарбиявий соатлар ҳужжати ҳам тўғри юритилмаган.
Айтиш мумкинки, мактабларда ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиққан ҳолда турли фан ва касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилади. Бу машғулотлар учун алоҳида штат ажратилган. Мактабларда намунавий йиллик иш режага асосан бир ставка ишлаётган фан ўқитувчиси йилига 64 соат, ҳафтасига икки соатдан ўқувчилар билан индивидуал ишлаши лозим. Бу ҳам ҳужжатда акс этиши керак.
Аммо айрим мактабларда ана шу ҳужжат хўжакўрсинга юритилганига гувоҳ бўлдик. Жумладан, иқтидорли ва бўш ўзлаштирувчи ўқувчи билан ишлаш дафтарини юритишда бир-биридан кўчириш ҳолати кузатилди.
Мисол учун, Юнусобод туманидаги 260-мактаб ўқитувчиси Ольга Киротоева келгуси ўқув йилигача бўлган давр учун ўз юкламаси ҳисобидан ҳар ойда икки соат қўшимча машғулот ўтиши ҳақида бекаму кўст режа тузган. Бунда педагог жорий йилнинг июль ойида 4 соат, август ойида 63 соат ўқувчи билан индивидуал ишлашини белгилаган. Бир қарашда бу ҳисобот педагогнинг жонкуярлиги ва фидойилигини кўрсатади. Бироқ ҳужжатда тўлдирилган санада, айниқса, ёзги таътилда ўқувчи билан 67 соат шуғулланишга имкон топа олармикан?!
Мактабда ўтказиладиган педагогик кенгаш хулосаси асосида бир ойлик ўқув жараёни белгилаб олинади. Масалан, фан ойлигига бағишланган методик тавсиялар бериш ва дарсда ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланишга эътибор қаратиш таъкидланади. Бунда масъулият мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари зиммасига юкланади. Афсуски, талаб этиладиган баённома дафтари, ижро интизоми ва ёш мутахассислар билан ишлаш ҳужжати қандай юритилганини мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Валида Мамлиева ишда эмаслиги сабаб билолмадик. Асосий ҳужжатлардан бири — дарс кузатиш дафтарининг йўқлигига педагогнинг мактабда бўлмагани баҳона бўлармикан?
— Мактабимизда 3373 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олади, — дейди 260-мактаб директори ўринбосари Ҳилола Алимова. — Ўқувчи ва ўқитувчи таркиби, тоифаларнинг ўзгариб туриши, мунтазам малака ошириш тизимида педагоглар қамрови ҳужжат ишларини ҳам кўпайтиради. Шунга қарамай, ҳар бир ишни тўғри юритишга ҳаракат қиламиз. Муассасамизда ўқувчи сони бошқа мактаблардан кўплиги сабаб ҳужжатларни электрон ва қоғоз шаклида (рус ва ўзбек тилида) тайёрлашга баъзида фурсат етмайди. Аммо ўқитувчилар билан амалий ҳамкорликда ишлаб, дарсларни таҳлил этамиз ва тарбиявий соатлар ташкил қиламиз.
Жамиятда ҳар бир соҳа эгаси ўз вазифасини мукаммал билса, атрофдаги ўзига тааллуқли бўлмаган омилларга чал¬ғимаса, ўз касбига доир фаолиятига кўпроқ вақт ажратади, пухта ва билимдон мутахассиснинг унумли фаолиятидан атрофдагилар ҳам манфаатдор бўлади. Аксинча бўлса, бу ҳолатда фақат “мендан кетгунча — эгасига етгунча” қабилидаги ишлар юзага чиқаверади. Жойлардаги таълим муассасаларида юритилаётган асосий ҳужжатлар ҳам шу жамоанинг фаолияти ва тартиб-интизомини акс эттиради. Бу борада айрим шаблон ва нусха кўчиришдан кўра, аниқ меъёрга асосланиш лозим. Ўз касбий фаолиятида керак бўладиган ва услубий кўмак берадиган ҳужжатлар тўпламига эга бўлган педагогнинг амалий иши ҳам унумли бўлади.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири