Митио Каку: Таълим энди хотирага таянмайди
Асли япон бўлган америкалик физик, озон қатламидаги қора туйнуклар кенгайиши ва олам ҳаракати тезлашишига доир кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борган Митио Каку фаннинг фаол тарғиботчиси сифатида ҳам машҳур. Унинг бир неча китоблари бестселлер (“Суперструн назариясига кириш”, “Имконсиз физика” ва “Келажак физикаси” сингари) бўлган, ВВС ва «Discovery» телеканалида тайёрлаган туркум кўрсатувлари оммалашган.
Каку — жаҳонга танилган ўқитувчи: у физика назарияси бўйича Нью-Йоркнинг Сити коллежи профессори, ўз маърузалари билан дунё бўйлаб кўп саёҳат қилади. Яқинда «Власть Денег» нашрига берган интервьюсида келажак таълими қандай бўлиши ҳақида гапириб берди.
— “Келажак физикаси” асарингизда келажакдаги таълим «Google Glass» сингари гажетлар ва интернет технологияларига асосланиши ҳақида ёзгансиз. Таълим соҳасида келгусида қандай глобал ўзгаришлар юз беради?
— Энг асосийси, таълим, ўрганиш энди эслаб қолишга асосланмайди. Тез орада компьютерлар ва «Google Glass» кўзойнаклари ўрнини барча зарур ахборотни кўчириб олишга қодир урвоқдек линзалар эгаллайди. Эндиликда шунга ўхшаш вазифани бажарувчи қўшимча имкониятларга эга кўзойнаклар мавжуд. Шунинг учун икки-уч йилдан кейин ўқувчи ва талабалар имтиҳонларда интернетдан биргина кўз қисиши ва керакли ахборотнинг пайдо бўлиши билан саволларга осонгина жавоб топишлари мумкин. Бу, бир томондан, фойдаси тегмайдиган, миянинг катта қисмини банд этган кераксиз билимларни «саралаш»га ёрдам беради. Бошқа томондан, тафаккур захирасидаги бўш ҳужайралар фикрлаш, ўйлаш, таҳлил қилиш, далиллаш ва шулар асосида ишончли қарорга келиш имкониятини ривожлантиради.
— Демак, ўша вақтга келиб, имтиҳонлар ва ўқитувчиларга зарурат қолмас экан-да?
— Шубҳасиз, биз янада мустақил бўламиз, зиммамизга катта масъулият оламиз. Шу боис бизга қандайдир “назоратчи”нинг кераги бўлмайди. Одамлар вазиятга қараб, ўзига қандай билим кераклигини билади ва ўз-ўзига таълим берадиган бўлади. Агар кимнингдир маслаҳатига эҳтиёж туғилса, улар буни, масалан, “ақлли” девордан олади. Тез орада ҳамма жойда: уйлар, офислар, кўчаларда сунъий онг(интеллект)га асосланган технологиялар пайдо бўлади. Шундай «девор» олдига келиб, “Профессор билан гаплашмоқчиман», десангиз кифоя. Шу заҳоти девордаги мониторда барча ахборот акс этади. Бу тизим нафақат таълим соҳаси, балки тиббиёт, юриспруденция, дизайн, психология сингари замонавий соҳаларга ҳам татбиқ этилади. Тўғри, жарроҳлик амалиёти ёки ижодий ишлар билан шуғулланувчи тоифа вакиллари ўрнини босувчи роботлар ҳали муваффақиятли яратилмаган, аммо оддий муаммоларни виртуал ҳал қилиш мумкин. Хусусан, ўша вақтга бориб ўқитувчиларга ҳам эҳтиёж қолмайди.
— Одамлар ўзини қайта қуришга, ўзига ўзи таълим беришга, онлайн ўқитишга тез мослаша олармикан?
— Бу — ҳақиқатан ҳам зўр ғоя. Университетларда онлайн курслар аллақачон мавжуд. Тўғри, бундай дастурлар туфайли ўқишни ташлаб кетганлар фоизи ҳозирча анча юқори. Сабаби, одамларда ушбу технологияларга ҳозирча юқори мотивация йўқ. Бу устозсиз, “фақат сен ва компьютер монитори” принципида ишлашга ўрганмаганлари билан боғлиқ. Бошқа томондан, онлайн тизим энди пайдо бўляпти, у ҳали маромига етказилмаган. Шунга қарамай, сезиларли даражада тез ривожланяпти. Шубҳасиз, анъанавий таълим ундан 50 йил орқада қоляпти. Университетлар сақланиб қолади, аммо улар виртуал ОТМга айланади. Ўша пайтда ҳам анъанавий таълим муассасаларига бориб, маъруза тинглаб юрганлар эса замондан орқада қолган ҳисобланади.
— Ҳозир олган билимларимизни тасдиқловчи ҳужжат — диплом ҳисобланади. У ёки бу соҳанинг бўлғуси мутахассиси ўз лаёқатини қай тарзда тасдиқлайди?
— Дипломлар таълимни қандайдир муддат ёки макон қолипи билан чеклаб бўлмаслиги туфайли кераксизга айланади ва йўқолиб кетади. Барча кўрсаткичлар бўйича сертификатлаштириш марказлари пайдо бўлиб, унда мутахассислар ўзлари тўплаган билим ва кўникмани аниқлаш учун лаёқатлилик имтиҳонини топширади. Кўрсаткичларга қараб муайян лавозимга тайинланади. Эҳтимол вақти келиб унификациялашган баллар шкаласи киритилиб, унинг миқдорига қараб муайян лавозимни эгаллаш имкони туғилар. Унга мувофиқ тарзда университетлар хизматларни таклиф қилувчи тармоққа айланади, лекин улар бу хизматларни баҳолай олмайди. АҚШ, Канада, Япония ва Европанинг қатор мамлакатларида портфолио тизими жуда машҳур бўлиб, ўқиш давомида дипломлар, гувоҳномалар, сертификатлар тўплаб борилади, кейинчалик улар иш берувчига тақдим этилади. Ахборот технологиялари эса инсон хизмати очиқ ва шаффоф эканини кўрсатади.
— Агар катталардан таълимга ақлан ёндашиш талаб этиладиган бўлса, болалар мунтазам назоратсиз ўқишлари даргумон бўлса керак...
— Болалар таълими хизматлари фаол тарзда ривожланади. Яқин 10—15 йилда, эҳтимол, ҳозир тизимдан ташқари деб аталувчи таълим чегарасиз бўлиб қолади. Бу қисман онлайн педагогика сингари хизмат бўлади. Онлайн — бу ҳамма компьютер қаршисида мониторга тикилиб ўтиради, дегани эмас: одамлар яшайдиган ва ўзаро фаолият олиб борадиган интерфейслар билан муҳит ўзгаради. Ахборот-коммуникатив масалалар билан тўлган келажак шаҳарлари ўз-ўзидан янги таълим муҳитининг фаол иштирокчисига айланади. Дарсликлар ёши олти ёки олтмиш бўлишидан қатъи назар, аниқ бир ўқувчининг эҳтиёжидан келиб чиқиб тузилади. Унда таълимга оид сурат, матн, тасвир, топшириқ, материаллар сараланади.
— Келажакда муваффақиятга эришишда нима муҳим бўлади?
— Креатив, тасаввури бой, ташаббускор ва етакчи шахслар олға юради. Боиси, роботлар бунинг уддасидан чиқолмайди. Жамият иқтисодий жараёнлардан ақлий-ижодий жараёнга ўтади. Бежиз Британиянинг собиқ мулозими Тони Блэр Англия ўз конларидан кўра, рок-н-ролдан кўпроқ фойда кўриши ҳақида гапирмаган. Маҳсулотлар бозори билан когнитив-ижодий салоҳиятни тенг қўя олган давлатларнинг муваффақиятга эришиши осон бўлади.
— Футурологларнинг кўпчилиги иш ўринларининг аксарият қисмини ҳадемай роботлар эгаллашини башорат қилмоқда. Унда инсонлар нима қилади?
— Биотехнология, нанотехнология ва сунъий онг вакиллари энг кўп фойда келтиради. Эндиликда нафақат таълим тизими, балки ишлаш тизими ҳам ўзгаряпти. Тез орада фабрикаларда одам қолмайди. Аммо ақлий соҳаларда янгидан-янги мутахассисликлар пайдо бўлади. Муҳими, бунга ўз вақтида мослашиш зарур. Аксарият одамлар муаммоси — бу уларнинг дангасалиги ва оломонсиз бир қадам ҳам юролмаслигида. Агар келажакда муваффақиятга эришмоқчи бўлсангиз, билим олиш, ўрганиш, бошқаларга ўхшамаслик, бир кунда ҳаммаси ўзгариб кетиши кабилардан қўрқманг. Ўз ҳаётингиз учун сиздан кўра кўпроқ жавобгар одам йўқ.
— Ҳозир ишсизлик даражаси ёшлар орасида айниқса юқори. Бунга фақат жаҳон молиявий инқирози сабабми ёки ислоҳотга муҳтож таълим тизими ҳам роль ўйнайдими?
— Амалдаги таълим ўтмишдаги мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилган. Буни тан олиш керак. Биз уларни амалда йўқ ишни бажаришга ўргатамиз, аллақачон самара бермай қўйган интеллектуал воситалар билан таъминлаймиз. Бу ишсизлар фоизи ўсиши сабабларидан бири. Ахир бизнесмен билимдан бошқа ҳеч вақоси йўқ битирувчини ишга қабул қилиб, унга ортиқча вақт сарфлаб, иш ўргатишни истайдими? Йўқ, уларга тайёр мутахассис керак. Шу боис ҳам уларнинг компаниялари 50—60 йилдан бери дунёда етакчи.
— Аммо ҳамма ҳам ақлий меҳнатга лаёқатли эмас. Ақлий фаолиятга мойил бўлмаган, аммо қобилиятли одамлар «роботлар дунёси»да яшай оладими?
— Юксак даражадаги сунъий интеллект ҳам инсон ўрнини тўла банд этолмайди. Масалан, роботлар образли фикрламайди, уларда тафаккур ёки табиийлик йўқ. Айтайлик, улар ақл эмас, интуиция муҳимроқ бўлган брокерлар ўрнини босолмайди. Келгусида боғбонлар, қурувчилар сингари жисмоний меҳнат ходимлари, яъни ишини автоматлаштирилган воситалар ёрдамида эмас, балки кўпроқ ўзгариш босқичларига мувофиқ тарзда бажарадиган соҳа кишилари ишлаб кета олади. Ақлий фаолият эгалари, масалан, дастурчилар, веб-саҳифаловчи, «3-D» лойиҳачилари яқин орада мутахассис мақомига эришади.
— Инсон онгини замонавий технологияларнинг ривожланиши билан боғлиқ тиббиётдан то кибернетикагача қандай ўзгаришлар кутмоқда?
— 2050 йилгача деярли ҳамма соҳаларда кўп жиҳатдан инсон ақлидан сезиларли даражада юқори турувчи «суперонг» яратилиши эҳтимоли бор. Мисол учун, яқинда олимлар «Human Brain Project» евролойиҳаси доирасида 1 миллиард доллар инвестиция сарфлаб, инсон мияси тузилишининг аниқлигини 20 микрометрга деталлаштириб кўрсатадиган «Big Brain» деб номланувчи ноёб харита яратди. Бундай автоматик атлас нафақат неврологлар ва нейрожарроҳларнинг оғир касалликларни аниқлаш ва даволашларига кўмаклашади, балки мия ахборотни қандай қабул қилиши, ҳис-туйғуни қандай қайта ишлашини ўрганиш имконини беради. Бу амалий жиҳатдан «суперонг»ни яратиш жараёнини тезлаштиради. Шунингдек, билимлар захирасини қайта ишлаш орқали табиий когнитив жараёнлар барқарорлашади ва такомиллашади. Бу максимал хавфсизликни таъминлайди. Узлуксиз ахборот узатишни таъминловчи мия чиплари эса яқин келажак технологияси, дея таърифланмоқда.
(Р.S. Мазкур интервьюни журналимиз саҳифаларида эълон қилишдан мақсад унда кўтарилган мавзунинг долзарблигидир. Ҳақиқатан, таниқли физик олим Митио Какунинг келажак таълими ҳақидаги фикрлари, башоратлари жуда қизиқарли, шу билан бирга мунозарали. У ўқувчида фикр уйғотади. Агар ушбу интервью юзасидан сизда ҳам мулоҳазалар пайдо бўлса, марҳамат, биз билан ўртоқлашинг.)
(Суҳбат манбаси: 22century.ru)
Назира ТОШПЎЛАТОВА таржимаси.