Нега Ғиёсиддин Кичкина?
Савол: Алишер Навоийнинг отаси нима учун Ғиёсиддин Кичкина деб аталган? Тарихий китобларда шу ҳақда маълумот борми?
Ҳасан ҚУЛМАТОВ, Бекобод шаҳридаги 7-мактаб ўқитувчиси
Жавоб: Бу масала навоийшунослигимизда ўртага қўйилган ва муайян даражада ўрганилган.
Тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн» асарида «Навоийнинг отаси Абулқосим Бобурнинг ишончли кишиси, чиғатой улуси улуғларидан эди», деб битилади, унинг ҳарбий бўлгани айтилади. Аммо бу асарда шоир отасининг исми тилга олинмайди.
Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асарида биринчи марта унинг исми «Ғиёсиддин Кичкина» тарзида эсланади.
Профессор Шуҳрат Сирожиддинов шу манбаларни қиёсан ўрганар экан, бир мулоҳазани илгари суради. Амир Темурнинг невараси, Умаршайх мирзонинг ўғли Бойқаро Шоҳрух мирзо томонидан Қандаҳорга ҳоким этиб тайинланади. Навоийнинг ота тарафдан бобоси — Абу Саъид Чангга амир ул-умаро (бош вазир) унвони берилиб, ҳокимнинг ноиби ва маслаҳатчиси қилиб юборилади. Ҳокимлик қилаётган Бойқаронинг ҳам, ўринбосари Абу Саъид Чангнинг ҳам Ғиёсиддин деган ўғли бор эди. Бу икки ўртоқ саройда бирга тарбия топган. Шуҳрат Сирожиддинов «Сарой аҳли эса уларнинг исмлари бир хил эканидан, амирнинг ўғлини фарқлаш учун «Ғиёсиддин Кичкина» деб атаган бўлишлари эҳтимолга яқин. Мазкур лақаб, кўкалдошлик (яъни эмишганлик — С.О.) белгиси каби, темурийларга яқинлигини изоҳлаб тургани учун бир умр унинг номига қўшиб айтилган бўлиши мумкин» (36-бет) деган хулосага келади.
Сом Мирзо Сафавийнинг «Туҳфайи Сомий» тазкирасида Навоийнинг падари «Кичкина Баҳодир» ва Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг «Тарихи Рашидий» асарида ҳам шоирнинг отаси «Амир Кичкина» тарзида тилга олинади.
Хуллас, буюк бобокалонимизнинг отасини «Ғиёсиддин Кичкина» деб қайд этиш тарихий ҳақиқатга асло зид эмас.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди