Давр ва она тили таълими муаммолари
Мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган туб ўзгаришлардан келиб чиқиб газетамиз саҳифаларида таълим муаммолари, уларнинг ечими, таълимни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари бўйича туркум давра суҳбатлари уюштиришни режалаштирдик. Илк суҳбатимиз эса миллий онг ва тафаккур, миллий руҳ ва дунёқарашни шакллантирувчи она тили таълими масалаларига бағишланади. Давра суҳбатига филология фанлари докторлари, профессорлар — Миразиз МИРТОЖИЕВ, Низомиддин МАҲМУДОВ, Ғанижон ЗИКРИЛЛАЕВ, Бахтиёр МЕНГ¬ЛИЕВ, амалиётчи ўқитувчилар — Шарофат ТОШМИРЗАЕВА (Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги филология фанларига ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси), Шодиёр ТЎРАЕВ (Қўшработ туманидаги 35-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси), Санобар АБДУРАҲМОНОВА (Республика Маънавият ва маърифат маркази Мингбулоқ туман бўлими раҳбари), Дилноза БЕРДИЕВА (Китоб туманидаги 1-ИДУМИ олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси) таклиф қилинди ва уларга она тили таълими масалаларига бағишланган саволлар билан мурожаат этдик.
— Истиқлол йиллари она тили таълими мақсади, мазмуни, усул ва воситалари тубдан ислоҳ қилинди. Замонавий она тили таълимимиз яқин ўтмиш давридагидан шу нуқтаи назардан қай даражада такомиллаштирилди? Таълим мақсади, мазмуни, усул ва воситаларини мукаммаллаштириш бўйича нималарга эришдик? Бу борада қандай муаммолар мавжуд?
Ш.ТОШМИРЗАЕВА: — Мен мактабда ўтган асрнинг 70-йилларида таҳсил олганман. Болалик даврим, меҳнат фаолиятимни бошлаган 80-йиллар маорифидаги она тили таълими билан унинг сўнгги йиллардаги ҳолати орасида катта фарқ борлигига гувоҳман. Янги алифбо, у асосда янги имлонинг қабул қилиниши, тилшуносликдаги янгилик ва кашфиётларнинг таълимга жорий этилиши самарали натижалар бермоқда. Оддийгина 1 соатлик дарс режа-конспекти (ишланмаси) учун қўйилган талабга кўра, ҳар бир мавзунинг аввал таълимий, ке¬йин тарбиявий, қолаверса, ривожлантирувчи мақсадлари ёритилиши кераклиги ўқитувчининг ўз устида ишлаши зарурлигини кўрсатади. Бундан ташқари, ўқитувчи ўқувчи психологиясини, ёш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда мавзуни сингдира олиш қобилиятига эга бўлиши ҳам зарур. Демак, ўқитувчи она тили, адабиёт дарс¬ларида янги ДТС талабларига кўра олинган билим, кўникма, малакаларни компетенцияга айлантириши учун воситачи бўлиши керак. Ўқувчи она тили ва адабиётдан эгаллаган билимларини келажакда зарур ўринда қўллай олсин. Таълимга ҳар хил янги педагогик технологиялар, инновацион усуллар жорий этилмоқда. Натижада, ўқувчи мавзуни тушуниб, англаб, ўзи ва гуруҳдошларининг хатоларини тузатиб бормоқда.
Б.МЕНГЛИЕВ: — Истиқлол йилларидагина она тилидан таълим мазмуни, мақсади ва усули масаласи кун тартибига қўйилди ва ҳал этилди. Бу улкан янгилик бўлди. Таълим мазмуни она тилининг табиатидан келиб чиқилган назарий билимлар силсиласидан ташкил топди. Таълим мақсади “ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини такомиллаштириш, фикр маҳсулини оғзаки ва ёзма шаклларда нутқ шароитига мос равишда тўғри ифодалаш малакасини шакллантириш” мазмунини олди. Таълим усули эса репродуктив(қайта баён қилиш)дан когнитив-прагматик(мустақил ва ижодий фикрлаш ва уни нутқ шароитига мос ифодалаш)га ўтди. Буни она тили таълими тарихидаги бемисл ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин.
Албатта, ҳар қандай муаммонинг ечими янги муаммоларни вужудга келтиради. Аслида, тараққиёт мантиғи мана шунда. Она тили таълими ҳам бундан мустасно эмас. Кераксиз назарий масалаларга беҳад чуқур кириб кетилганлиги, грамматика таълимига устунлик берилиб, сўз таълими кейинги ўринларга тушиб қолганлиги, дарсликлардаги хатоликлар, назарий чалкашликлар, ўқувчи эгаллаган кўпгина билимларнинг аслида компетенциявий моҳиятга эга эмаслиги кабилар бугун она тили таълимидаги муаммолардандир.
Ғ.ЗИКРИЛЛАЕВ: — Истиқлол фарзандининг таълим-тарбияси, жумладан, она тили таълими мураккаб ва серқирра жараён, уни давр талабларига жавоб берадиган даражада амалга ошириш кўп омилларга боғлиқ. Бунда давлат сиёсати(давлат томонидан яратилган шарт-шароит), ўқув қуроллари(дарслик, қўлланма сифати, савияси), уларнинг мазмунини ўқувчи онгига сингдиришда қўлланадиган усул ва воситалар(техник, ашёвий ва ҳоказо), таълимни амалга оширадиган шахс(ўқитувчи)нинг касбий маҳорати, шахсияти(жонкуярлиги, виждони ва ҳоказо), ўқувчининг қобилияти(зеҳни, хотираси), уқуви, тарбияси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
М.МИРТОЖИЕВ: — Дарсликларимизда тилимизнинг туркона табиатига хос бўлмаган қоидалар ҳам яшаб келаётгани яхши эмас. Улардан воз кечиш керак. Тилимиз қатъий қолипларга эга. Масалан, она тили дарсликларида бирор қоида тушунтириб келинади-да, эслатма деб унга “сиғмайдиган” баъзи “истисно” ҳолатлар келтирилади. Ҳолбуки, ўзбек тилининг фонетик, морфологик, синтактик, лексик қонуниятлари жуда ¬қатъий. Ўзбек тилининг ўзига хос қонуниятларини соф сақлашимиз, дарсликлар мазмунини шу жиҳатдан такомиллаштириб, истиснолардан халос қилиб боришимиз керак.
Ш.ТЎРАЕВ: — Кейинги йиллари бир неча марта ДТС ишлаб чиқилди ва улардаги минимумлар бажарилса-бажарилмаса, босқичма-босқич босиб ўтилди. Она тили таълими ДТСларда белгиланганидан бошқача тус олди — лингвистик билимларни пухта эгаллаган тилшуносни тарбиялаш(мақсаднинг ўзгариши), оддий тушунчаларни илмий мураккабликда ифодалаш(мазмуннинг ўзгариши), дедукциядан индукцияга “принципи”дан тескарисига — “индукциядан дедукцияга” тартибида фикрлашга ўргатиш(таълим усулининг ўзгариши)га ўтилди, таълимга дарсликдан бошқа ёрдамчи ўқув воситалари(луғатлар, қомуслар ва ҳоказо) жорий этилмади. Натижада назария ва амалиёт бир-биридан тескари икки қутбга қараб шиддат билан узоқлашди. Она тили таълимининг ўзак масаласи — саводхонликка путур етди. Аввал кўча-кўйда афишаларда бўй кўрсатган саводсизлик нашриёт эшикларини-да бузиб кириб ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Дарс¬лик ва луғатлардаги хатоликлар одатий ҳолга айланди, ўқувчилар саводи даражасини текширишга мўлжалланган диктант ва баёнлар тўпламларидан таҳрирсиз — хатоликларини тузатмасдан фойдаланиб бўлмай қолди...
С.АБДУРАҲМОНОВА: — Дарсларни турли слайдлар, аудиоэшиттиришлар воситасида ташкил этиш, албатта, дарс жараёнида вақт¬дан унумли фойдаланиш, таълим сифат-савияси, самарадорлигини ошириш, болани дарсга қизиқтиришда катта аҳамиятга эга. Лекин дарсларни замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш керак экан, деб машғулотлар ўйинга айлантириб юборилди. Ўқитувчилар 45 дақиқани ниманидир ўргатиш учун эмас, турли хил бемазмун “ўйин”лар орқали болани шунчаки ушлаб туриш учунгина сарфламоқда.
Қоидалар анча мураккаблашган, айрим дарсликларда мужмал қоидалар берилган. Умумтаълим мактаблари, коллеж ва академик лицей дарсликлари ўртасида узвийлик йўқ. Қоидалар бир-бирини такрорлаш билан бирга, айримларида ҳар хиллик жуда кўп, айримлари бир-бирини инкор этади. Оддий мисол: 1) феълнинг маъновий гуруҳлари 6-синфда 4 та, академик лицей(2-курс)да 7 та; 2) сифат даражалари 6-синфда 4 та, академик лицей (2-курс)да 3 та; 3) феъл майллари 6-синфда 3 та, АЛда 4 та... Жайдари тил билан айтганда, жуда кўп ҳолатларда “тошбақа учади“, дейишга мажбур бўляпмиз.
Умуман олганда, она тили таълимини такомил даражасига етди, деб айтолмайман, ҳали она тили грамматик талқинларида мукаммаллик етишмайди. Бу борада ўқувчиларни чал¬ғитмаслик, ўқув предметидан бездирмаслик, кўнглини қолдирмаслик учун бир тўхтамга келиш керак. Республика илмий-методик кенгаши(ИМК)да кўриладиган масалаларни 1-2 ой олдин ўқитувчилар муҳокамасига қўйиш лозим. ИМКлар, одатда, жуда тор дои¬рада ўтказилади. 10—15 кишининг фикри билан дарс¬ликларни тасдиқлаш ҳозирги кун талабига мос келмайди.
— Бугунги кунда мутахассисларимиз томонидан она тили таълими мазмуни ва воситалари бўйича ОАВ, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда турли чиқишлар қилинмоқда. Танқидий фикрлар ҳам талай. Бу борада она тили бошқа ўқув предметларидан анча “илгарилаб кетди”. Бунинг сабаблари нимада?
М.МИРТОЖИЕВ: — Қўштирноқ ичида “илгарилаб кетди” деб тўғри таъкидланган. Танқидий фикрларнинг илдизи шундаки, ўзга тиллардан қоидаларни олиш, ўзимизга татбиқ этишда қуюшқондан чиқиб кетдик. Ваҳоланки, бошқа тил қоидаси бизга тўғри келмайди. Тилимизнинг ўз қонуниятларидан келиб чиқиб, қоида ва таърифлар яратиш керак. Ҳозир ҳам она тили таълимида рус тилининг таъсиридан қутулганимиз йўқ. Бошқа тиллардан олинган намуналар бўйича тилимизни ривожлантириш, услуб ва хусусиятларини тилимизга “тақавериш” яхшилик келтирмайди.
Б.МЕНГЛИЕВ: — ОАВдаги тан¬қидий фикрларнинг қатор сабаблари бор. Аввало, амалиётчи ўқитувчилар маслаҳатлари ҳар доим ҳам инобатга олинмаяпти. Барча дарсликлар учун мутахассис амалиётчи ўқитувчидан бир муҳаррир тайинланиши, у дарсликлардаги мазмунни мувофиқлаштиришга масъул бўлиши зарур. Шу билан бирга, дарслик мазмуни психологик, педагогик экспертизадан ҳам ўтиши керак. Методист ва психологларнинг ҳаммуаллифлиги урфдан қолаётганлиги, тилшуносларга кўпроқ эътибор берилаётганлиги яхши эмас. Муаллифлар қаторида тилшунос етакчи экан, дарслик, албатта, назарий ўқув предметига айланиб қолади.
Ш.ТЎРАЕВ: — Бирор таълим босқичи йўқки, она тили таълимида узвийлик қайсидир даражада шикастланмаган бўлса. Мактаб ва АЛ дарсликларидаги ундош товушлар, сифат даражалари, майллар миқдори, замон қўшимчалари, содда ва қўшма гаплар, гап бўлаклари ҳақидаги маълумотлар бир-бирига мутлақо мос тушмайди. Айрим мавзулар бўйича назарий тушунчалар мантиқсизлигини айтмаса ҳам бўлади. Айрим мисоллар келтирамиз: “Буйруқ гапларнинг охирига вергул, баъзан ундов белгиси қўйилади” (Ҳозирги ўзбек адабий тили. Тошкент, 2013. 533-бет).
«Вазифадош кўмакчилар: ... олдин, аввал, кейин, сўнг, томон равиш сўз туркумидан... ҳосил бўлган»(Она тили. 7-синф. Тошкент, 2017. 79-бет).
«Сабаб ҳоли -лик, -сизлик қўшимчаларини олган отлар, -гани қўшимчали равишдошлар ва сабабли, учун кўмакчили қурилмалар билан ифодаланади»(Она тили. 8-синф. Тошкент, 2014. 86-бет).
Танқидий фикрлар борасида шуни айтиш мумкинки, она тилининг бошқа ўқув предметларидан анча “илгарилаб кетгани”нинг сабаби у узвийлик энг кўп бузилган фан соҳаси эканлигидан бўлса ажаб эмас.
Ш.ТОШМИРЗАЕВА: — Она тили фанининг асосий мақсади тўғри ва равон сўзлайдиган, бехато ёзадиган саводхон шахсни етиштиришдир. Қайта-қайта нашр қилинаётган дарсликларимизда ҳам асосан жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ўқувчини мустақил ишлашга ўргатишга, матн тузиш қобилиятини шакллантиришга урғу берилмоқда. Ҳар бир янги нашрда дарсликларнинг хатолари тузатиб борилмоқда. Адабиёт дарслиги тақризчиларидан бири сифатида шуни айтишим мумкинки, ҳар бир янги нашрдан олдин катта бир ишчи гуруҳи дарсликларни қайта текширувдан ўтказади. Ҳар бир саҳифа битталаб ўрганиб чиқилади. Ҳаттоки нашриётларда мусаҳҳиҳларнинг етишмаслиги боис, имловий, ишоравий, услубий хатоларни ҳам ўқитувчилар тўғрилашяпти. Шунда ҳам баъзан жузъий камчиликлар ўтиб кетадики, бу ОАВда танқидий чиқишларга сабаб бўлмоқда.
Айниқса, она тили дарсликларидаги баъзи мавзулар биз ўқитувчиларни ҳам қийнаб қўймоқда. Жумладан:
– 8-синф дарслигида қўшма гап сифатида келтирилган бирликнинг академик лицей дарслигида уюшиқ кесимли содда гап сифатида берилгани;
– ажратилган бўлаклар ичида ажратилган кесим истилоҳи йўқ бўла туриб (8-синф), лицей дарслигида унинг ҳам ажратилиши ҳақидаги фикрнинг берилиши;
– тўлдирувчи ва ҳолнинг аниқ чегараси йўқлиги;
– қўшма феъл билан ифодаланган кесимнинг от кесим ёки феъл кесимлиги муаммоси;
– феъл кесимнинг соф феъл билан ифодаланиши айтилганига қарамай, равишдош билан ифодаланишига мисол келтирилиши;
– алла- ва -дир қўшимчалари билан ясама олмош ҳосил бўлиши ҳақидаги фикр;
– равишнинг ясалиши муаммолари;
– ҳаракат номининг сўз бирикмасида феълли бирикмани, гап бўлаги бўйича от кесимни шакллантириши ва ҳоказолар.
Санайверсак, анчагина. Бундай чалкашликларнинг ечим йўллари бор, албатта. Бизнингча:
– дарслик ёзаётган муаллифлар бирлашиб, ягона фикрга келишлари керак;
– терминларни қўллашда бир хилликка эришиш лозим;
– ўта чуқур, илмийлашиб кетган қоидаларни соддалаштириш керак;
– мактаб дарсликларини яратишга методист ўқитувчиларни, ҳа, айнан, мактабда дарс берадиган, бир неча йил мактаб “ҳавосини олган” ва ўқувчи ёши, психологиясини ҳисобга олган ҳолда мавзу танлай оладиган ўқитувчиларни жалб қилиш керак.
Д.БЕРДИЕВА: — 2017 йили “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичи 4-турида 8-синф Она тили фанидан “Ёрдамчи сўзлар” мавзусида очиқ дарс ўтдим. Бу мавзу 7-синф¬да ўтилганларни такрорлаш мавзуларидан бўлгани учун дарсликдаги 12-машқ¬нинг шартига кўра, ўқувчилар берилган 15 сўзни ёрдамчи сўзнинг кўмакчи, боғловчи, юклама турларининг ҳар бирига бештадан жойлаштиришлари лозим эди. Барча гуруҳлардаги ўқувчилар гўё ёрдамчисини боғловчига олишди ва бу хатолигини билдирсам, устозлари шунақа деганини айтишди. Ўша устозни ҳам тўғри тушунган ҳолда вазиятдан чиқишга ҳаракат қилдим. Гўё сўзи 7-синфда юклама деб, 9-синфда қиёслаш-чоғиштирув боғловчиси деб қаралмоқда. Ўрта мактаб дарс¬ликларидаги биргина илмий ноқулайликни мисол келтирдим, холос. Бунақа ҳолатлар бошқа дарсликларда ҳам кўзга ташланади. Агар биз бугун умумий ўрта таълим мактаблари дарсликларидаги турли хил ёндашувларни, чалкашликларни ўз ўрнида аниқлик киритиб бартараф этмасак, ўқувчиларимиз эртага таълимнинг ке¬йинги босқичларидаги она тили дарсларида ҳам “кеча”нинг илмий хулосаларидан қониқмасликлари тайин.
С.АБДУРАҲМОНОВА: — Бу фикрларга тўла қўшиламан. Менингча, бунинг энг биринчи сабаби – тилшунос ва методист олимларимиз орасида якдиллик, ҳамжиҳатлик етишмаслиги. Улар бир ёқадан бош чиқариб дарслик яратишмаяпти. Шунинг учун ҳам дарсликлар орасида узвийлик йўқ. 9-синф ёки 7-синф дарслиги муаллифлари 8-синф дарслиги, академик лицей ёки КҲКлар учун яратилган дарсликлар билан таниш эмас. Муаллифлар қаторида ҳақиқий амалиётчи ўқитувчини умуман кўрмаймиз. Бир фикрни очиқ айтиш керакки, муаллифлар танловлари ҳам таниш-билишчилик билан ўтказилгани оқибатида она тили таълими шу ҳолатга келди.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим: айрим дарслик муаллифлари танқидни тўғри қабул қила олмаяпти ва буни эшитишни ҳам хоҳламайдилар.
Фикримча, давр олимлардан замонавий услубдаги, илғор қарашларга асосланган дарслик яратишни талаб қилаётир. Амалдаги дарсликларда қоидалардан сўнг берилган машқ ва топшириқлар боланинг назарий билимларни амалиётга татбиқ этиши, оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш, тафаккур доирасининг кенгайишига ёрдам бермайди, мустақил фикрлашга ундамайди. Дарслик яратиш учун қандайдир илмий даражага(унвонга) эга бўлиш керак, деган талабга ўзгартириш киритиб, оддий ўқитувчиларга ҳам ўз тажрибаларига таянган ҳолда боланинг ёши ва қизиқишлари доирасини инобатга олиб, янгича услубда дарслик яратиш имкони берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Она тили ўқув дастурини тубдан ислоҳ қилиш керак. Мураккаб мавзуларни мактаб дастуридан чиқариб, олий таълим дас¬турига ўтказиш лозим. Масалан, мураккаб қўшма гап, эргашган қўшма гап турлари кабилар.
Дарсликларда такрорлар жуда кўп. Масалан, Аа, Оо, Ии ва Уу унлиларининг талаффузи ва имлоси 1-, 2-, 3-, 4-, 5- синфларнинг ҳар бирида берилган. Бола 5 йил битта шу мавзуни такрорлайди. Тутуқ белгиси, ундошлар талаффузи ва имлосида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин. Дарсликни яратган олимлар ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, яъни бола учун талабни ўта юқори қўйиб, фақат назария билан чекланиб қолишган. Дарсликларда болани мустақил ижодий фикрлашга ва оғзаки нутқини ўстиришга ундайдиган, тафаккурини кенгайтиришга хизмат қиладиган топшириқлар деярли берилмаган. Дарсликлар ҳозирги замон бола психологиясига мутлақо мос эмас.
— Мутахассисларимиз бир масалани ўткир муаммо сифатида кўп таъкидлашмоқда. Илмий жиҳатдан пишиқ, пухта дарсликларнинг кўпроқ назария билан чекланаётгани, амалий жараён учун самарасиз бўлиб қолаётгани рўй-рост айтилиб, чуқурлаштирилган соф лингвистик билимларнинг нутқ амалиёти учун, шакллантирилиши лозим бўлган компетенция учун қанчалик фойдаси бор ёки йўқлиги, она тили дарсликларида назарий маълумотларни чуқурлаштириб бериш, лингвистикага оид қоидаларни такрор-такрор киритиш натижасида асосий мақсад кўпинча уларнинг соясида қолиб кетаётганлиги айтилмоқда.
Ғ.ЗИКРИЛЛАЕВ: — Тилшунос олимлар она тили қурилишининг ўзига хос хусусиятини илмий жиҳатдан ўрганиб адабий тил бирликларини меъёрлаштиради. Бундай бирликларнинг лисоний-нутқий хусусияти муайян мавзуларга бўлиниб, дарсликда қоида ва машқ сифатида ўз ифодасини топади. Машқдан мақсад ўқувчининг ёзма ва оғзаки нутқини ўстириш бўлганлигидан дарсликда ҳар бир қоидага оид ўнлаб машқ берилади. Масаланинг нозик жиҳати ҳам бор. Ҳозирги ўзбек адабий тили ХХ асрда мустабид тузум даврида шакллантирилганлиги боис тилшунос олимлар кўп ҳолда ҳукмрон тилга хос қолип ва андозаларга асосланишга мажбур бўлган. Ҳолбуки, уларнинг анча қисми ўзбек адабий тили хусусиятига мос келмас эди. Истиқлолдан ке¬йин бундай ғайриилмий ёндашувдан воз кечиш имконияти туғилди. Бундай имкониятдан фойдаланиш учун эса тилшуносларимизда миллий руҳ уйғонган бўлиши керак.
М.МИРТОЖИЕВ: — Тилшунослар методикани, методистлар тил қонуниятларини билмайди. Шуниси ёмон. Масалан, қоидани ёдлатиш керак эмас, нутқ қайси қонуният доирасида кетаётганини англатиш зарур. Дарсликларда қоида ўқитилиб, ортидан мисол бериб кетилаверади. Бу — нотўғри. Мисолдан қонуният яратиш керак. Дарсликларда бу ҳисобга олинмайди. Боланинг ўзи бажариб кўриши, ўзи мисолдан қоидани чиқариши керак. Дарс¬лик шундай асосда тузилиши лозим.
Ш.ТЎРАЕВ: — Дарсликлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187- “Умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида” қарори билан тасдиқланган умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандартлари талабларига жавоб берса, масала ўз ечимини топади. Унга кўра, ўқувчи бошланғич синфларда луғат бойлигини ошириши, кейинроқ уларни амалиётда қўллай олиши, ўз фикрини она тилини мукаммал билувчи шахс сифатида чиройли, аниқ, жўяли ифодалай олиши бутун масала моҳиятини қамрайди. Ушбу ижтимоий вазифага дахли йўқ назарий билимлардан воз кечиш вақти аллақачон етди.
Б.МЕНГЛИЕВ: — Тўғри, сўз маъносини билиш, сўз танлаш ва қўллаш малакаси бош масалага айланиши керак. Ўқувчини сўз салтанатига олиб кириш учун дарсликларимизда тил ва адабиёт фанлари интеграцияси масаласини мутлақо қайта кўриб чиқиш лозим. Маълумки, 8-синф адабиёт дарсларида, асосан, мумтоз адибларимиз ижоди ўрганилади. Демак, шунга мувофиқ равишда бу синфда она тили дарслари “Она тили. Мумтоз сўз” дея номланиб, ўқувчилар мумтоз матнлар мазмунини ўрганишлари, таҳлил қилишлари, сўзларнинг зоҳирий, ботиний, рамзий маъноларини ўрганишлари, луғатлар билан ишлашлари, маъно “мағиз”ларини чақишлари зарур. Бу қуйидаги жиҳатлари билан эътиборга молик бўлади:
биринчидан, ўқувчилар мумтоз адабиётга онгли равишда ошно бўладилар;
иккинчидан, уларнинг сўз захираси, демакки, нутқи муттасил бойиб боради;
учинчидан, ўқувчиларнинг саводхонлиги автоматик равишда ошиб боради;
тўртинчидан, мумтоз сўзлар маъносидаги маърифат, маънавият, қадриятларимиз авлодлар онгига сингади;
бешинчидан, ўқувчиларимизда мантиқий, образли, ассоциатив фикрлаш, тафаккур юксалади.
Айтилганидек, 5-синфдан бошлаб ҳар бир синфда тўғри, равон ва бой нутқнинг асосий воситаси бўлган сўзнинг турли жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, “Она тили. Сўз мулкига саёҳат”(5-синф), “Она тили. Сўз сеҳри”(6-синф), “Она тили. Фасоҳат”(7-синф), “Она тили. Сўзлар тарихи”(9-синф) каби.
Ш.ТОШМИРЗАЕВА: — Ўринли ва мантиқли таклиф. Ўқувчи қанча кўп сўз (луғат) билса, ибораларни тушуниб шарҳлай олса, унинг нутқи шунча равон бўлиб боради. Бир сўз билан айтганда, ўқувчида фасоҳат шакллантирилиши керак.
Она тили ўқув предмети бўлишдан кўра, “Она тилшунослик” фанига айланиб қолган. Баъзан ўқувчилар “Шу қоидалар нима учун керак, масалан, эргашган қўшма гапнинг ўнга яқин боғловчи воситаси ҳақида қоидалар ёдлаймизу, матн тузаётганда ҳозир -ки юкламасини қўямизми, нисбий сўзлар ва -са шарт майли қўшимчасини қўямизми, деб ўйлаб ўтирмаймиз-ку!” — деб қолишади. Тўғри, грамматика керак. Аммо кўпинча дарсликлар “грамматика грамматика учун” принципи асосида тузилганга ўхшайди.
Ўтган йили она тили дарсликларининг ўта илмийлашиб кетгани хусусида, кўпроқ сўзга эътибор бериш, синфлар кесимида сўз билан ишлашнинг зарурияти ҳақида кўп гапирилди. “Ma’rifat” газетасида ҳам анча пайтгача шу хусусда мунозаралар бўлиб турди. Бунинг натижаси ўлароқ, сентябрь ойида 10-синф “Она тили” дарс¬лиги чоп этилди. Танқидлардан ўринли хулоса чиқарган ҳолда бу дарсликда луғатга эътибор қаратилган: сўзларнинг изоҳи, маънодошлиги, талаффуздош сўзлар шар¬ҳи ва ҳоказо. Тил бирликларининг ҳам услубияти, нозик маъно фарқ¬лари, ишлатилиш ўринлари ҳақида қоидалар берилган, уларга мос топшириқ ва машқлар киритилган. Бу фақат мақтовга лойиқ.
Янги 11-синф дарслиги эса олий таълим “Нутқ маданияти” дарслигининг кўчирмаси бўлиб қолган. Ахир, ихтисослашган мактабларда она тили ўқув предметидан ташқари “Нутқ маданияти” предмети ҳам бор-ку? Мавзулар такрорланиб қолмайдими? Бундан ҳатто РТМ ИМК аъзолари ҳам буткул норози бўлишди.
Д.БЕРДИЕВА: — Ҳақиқатан ҳам, дарс¬ликларимиз фақат илмий қоидалардан иборат бўлиб қоляпти. Ҳар қандай эмас, балки нутқ учун зарур илмий қоидалар амалий машқлар билан мустаҳкамлансагина хотирада осон сақланиши ва улардан зарур ўринларда унумли фойдаланиш мумкин бўлади. Айтайлик, ўқувчиларимиз дарсликдаги қоидаларни ҳижжалаб ёд олсаю, уларни ишлата олмаса, 4-5 гапдан иборат тузуккина жумла ёки матн тузолмаса, “Ватан”, “Она” каби мавзуларда тўлқинланиб, жўшиб гапиролмаса, уларнинг маънавий дунёси, сўз бойлиги кундан-кунга қуруқлашиб кетмайдими? Менингча, дарсликларда ўқувчининг оғзаки нутқини ўстирувчи, мустақил фикрлашга ундовчи машқлар кўпроқ берилса, луғатлар билан ишлашга алоҳида соатлар ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биз ҳар гал дарсликдаги хатоликларга кўзимиз тушса, кейинги чиқадиган дарсликларни кутиб яшаймиз. Гўё кейинги нашр¬ларда бу хатоликлар бартараф этиладигандек. Аммо шу ўқув йили қайтадан нашр қилинган 6-7-синф она тили дарсликларига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг фақат дизайни, қоғозининг сифатигагина эътибор берилгани маълум бўлди. Демак, муаллифлар дарслик устида ишлашмабди.
— Мутахассислар, она тили ўқитувчиларининг таъкидлашича, охирги йиллари олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида она тили фанидан тестлар мураккаб, бир саволнинг ўзида яна беш-олти савол қаторлашиб келиши (оқибатда, айни блокдаги саволлар сони 36 та эмас, балки, ўз-ўзидан 40–50 тага етиб қолади, ажратилган вақт эса ўша-ўша) абитуриент худди бошқотирма ечиши зарурдек талаблар қўйилмоқда. Табиийки, барча саволлар дарслик доирасида, фақат ўша манбада келтирилган назарий қоидалар асосида тузилади. Бу саволлар дарсликларда берилган маълумотлардан ташқарига чиқмайди. Уларни жуда мураккаблаштириш, ўта илмийлаштириш ўқувчини она тилидан бездирмайдими? Саволларни тузаётган мутахассислар ўқувчининг билим даражасини қандай мезонлар билан ўлчайди? Бунда, айниқса, психологларнинг хизмати қай даражада ва қандай бўлиши керак? Ҳозирги ҳолат Сизларни қониқтирадими? Қандай таклифларингиз бор?
М.МИРТОЖИЕВ: — Бу саволнинг жавоби ўзи билан бўлди. Тестда берилган саволлар билан тилни билиш даражасини аниқлаб бўлмайди. Аввало, дарсликлардаги қоидаларни тўғрилаш керак. Ана ундан кейин шуларга асосланиб тест саволлари тузиш зарур. Адабиёт-чи, филологиядан бошқа яна ҳар хил соҳалар бор, уларга ўрта таълим доирасидан чиқмаган ҳолда тест тузиш мақсадга мувофиқ, назаримда. Тестларни миллийлаштириш керак. Аниқроқ қилиб айтганда, тестдаги саволда тушадиган муайян бир қоидани бошқа тилдан шундай кўчириб қўйишмас, уни ўзбек тилининг табиий қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда, мисолдан қоидага қараб чиқиш орқали яратиш керак. Балки шунда тестлар мураккаблашиб кетмас.
Ғ.ЗИКРИЛЛАЕВ: — Мураккаб ёки ўта илмий қилиб тузилган бўлса, тест эмас, уни тузувчи айбдор. Бинобарин, тестдан воз кечиш адолатдан бўлмайди. Бизнингча, тест тузишни такомиллаштириш йўлларини излаш лозим. Дунёда бу иш яхши йўлга қўйилган бирорта мамлакат бўлса, ўшанинг тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Аммо тестдан воз кечишни маъқуллаб бўлмайди. Тест тузишни такомиллаштира олсак, унинг тузувчиси маломатга қолмайди.
Б.МЕНГЛИЕВ: — Она тилидан тестлар мураккаблик даражасига кўра фарқланиши керак, албатта. Тестология назариясига кўра, тест топшириқлари мураккаблик даражасига кўра 4 га бўлинади: 1) осон; 2) ўртача қийин; 3) қийин; 4) энг қийин. Она тилидан тўрт мураккаблик даражасидаги тестлар назарий ва методик асосларининг яратилмаганлиги, тест топшириқлари тузишда таълимга компетенциявий ёндашув принципларига эътибор қилинмаслиги, таълим мақсади ва таълим олувчиларнинг малака даражасини баҳолаш мезонларининг инобатга олинмаслиги тест топшириқлари таълим олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёж ва заруратидан, кундалик турмушидан қанчалар узилиб қолганлигини кўрсатади. Улар она тили таълими мақсади, битирувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолашнинг ДТСда белгиланган мезонлари асосида бўлиши лозим.
Ш.ТЎРАЕВ: — Жуда тўғри. Дарсликлардаги охиригача ҳал этилмаган ёки илмий мантиқ бузилган масалалар бўйича тузилган тестлар жавоблари фақат манбаларда берилган маълумотлардан таш¬қарига чиқмаслиги, серқатламлиликнинг меъёрдан ошиб кетиши тест талабларини бузади. Тест масаласи билан алоҳида шуғулланмайдиган яхши мутахассиснинг ҳам 36 тестдан ярмини тўғри ечолмаслиги ёки мураккаб фан саналган математикадан гуруҳдаги 15 абитуриентдан 7-8 таси 36 та тўғри жавоб топгани ҳолда, 15 абитуриент эмас, 15 она тили репетиторидан 1-2 таси 36 та тўғри жавоб топмаса, қолгани 30 тага ҳам етказа олмаслиги тест¬лар ва фаннинг ҳолатини айтиб турибди. Таклиф: фақат муаллифгина мутлақо тўғри деб билган, аслида, мулоҳазали тушунчалардан тест тузмаслик, чиғириқдан ўтган, мантиқ тарозисида тортилган, жавоби эътирозсиз битта бўлган тушунчалардан тест тузмоқ мақсадга мувофиқ. 36 тестнинг мураккаблик даражаси – оддий, ўртача, қийин тестлар миқдори меъёрларига амал қилиш, мураккаб тестларда ҳам қатламнинг 3 тадан ошиб кетмаслигига риоя этиш кўзланган натижани беради.
Д.БЕРДИЕВА: — Дарҳақиқат, ўзим ҳам амалиётчи ўқитувчи сифатида ўқувчиларимни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёрлаб бораман. Саволлар ниҳоятда оғир ва ўта вақтни ўғирлайдиган даражада. Гўё бу саволлар ўқувчига эмас, балки ўқитувчиси учун тузилгандек. Саволларнинг охирига бормай боши эсдан чиқади. Бир ўйлаб кўрайлик, олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тушадиган саволларни бажаришга тайёр бўлиш учун биргина она тили ва адабиёт фанининг ўзидан 18-20 дарсликни шунчаки ўқибгина қолмай, балки нуқта-вергулигача ёд олиш керак. Энди тасаввур қилайлик, ижтимоий йўналишни танлаган абитуриент тарих фанидан ҳам, хорижий тилдан ҳам шунча китобни ёд олиши зарур. Бу бир ўсмир учун оғирлик қилмайдими? Хуллас, Давлат тест марказининг тест саволларини тузувчи мутахассислари ва уларни тасдиқлайдиган психологлардан жуда ҳам норозиман. Чунки, биринчидан, бунақа савол ичидаги саволлардан иборат 36 топшириқни ишлаш учун 1 соат вақт етмайди, иккинчидан, шундай савиядаги саволларни ўқитувчилар (ҳатто ўзлари ҳам) баъзи абитуриентларчалик ишлай олмасликлари ҳаммага маълум. Катта ҳаёт бўсағасида турган, ҳали унинг зарбаларига дуч келмаган ёшларнинг келажакни бунёд қила олишдек ўзларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга кўмак бермай, талаба бўлишни улар учун етиб бўлмас ёки жуда машаққатлар билан эришиладиган “олий бахтга” айлантириб қўймаяпмизми? Ваҳоланки, ҳаёт фақат шу “бахт” билан мазмундор бўлиб қолмайди.
Ш.ТОШМИРЗАЕВА: — Дарсликлардан келиб чиқиб ДТМ тестлари ҳам ўта мураккаблашди. Назаримда, бунинг 2 сабаби бор:
– абитуриентлар сонининг кўпайиб кетгани, репетиторларнинг тинмай изланиши туфайли абитуриентлар орасида рақобатнинг кучайгани. 10 йил аввалги абитуриент билан ҳозиргиси орасида катта фарқ бор, чунки ўқув марказлари, репетиторлар сони кўпайди, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига қўйиладиган талаблар ўсди;
– апелляцияга келган абитуриент ўз саволига жавобни дарсликдан кўрсатиб беришни талаб қиляпти. Тест тузувчилар шунинг учун ҳам дарсликка мутлақо, сўзма-сўз таяниб қолмоқдалар. “Апелляция машмашаси” туфайли мустақил фикрлашга чорловчи саволлар тузишдан қочмоқдалар.
Тестлар қийинлашиб кетганини тан олган ҳолда, ҳар қалай, ҳозирги кундаги абитуриентнинг билим даражаси, бу билимлар унинг учун қанчалик кераклигидан қатъи назар анча ўсганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
С.АБДУРАҲМОНОВА: — Ҳақиқатан ҳам, ОЎЮга кириш имтиҳонларида тузилаётган тестлар жуда мураккаб. Бунинг исботини тоифа учун аттестациядан ўтаётган педагоглар натижасидан ҳам билиш мумкин (мутахассислиги бўйича аксарият педагогларнинг тест натижалари шпаргалкасиз топширганда, 40—50 фоиздан ўтмаяпти), чунки айнан абитуриентлар учун тузилган тестлардан аттестацияда ҳам фойдаланилади. Битта саволни ўқиб тугатиб, уни тушуниш учун абитуриент 3 дақиқа сарфлайди, 36 та савол учун эса 60 дақиқа жуда кам. Саволларни тузаётган мутахассислар, назаримда, атайлаб болани йиқитиш, “синдириш” учун тузаётгандек, гўёки улардан ўч олмоқчи каби... Кулгинг қистайди... Айрим абитуриентларда имтиҳон топшириш жараёнида ҳаяжон ўта кучли бўлади. Шундай ҳолатлар ҳам учрамоқдаки, кучли билимга эга абитуриент шу ҳаяжон сабаб титул варағини но¬тўғри белгилаб, ўқишга кира олмаслигига сабаб бўлмоқда. Шу боис ҳам шундай ёшларимиз учун психолог хизматини самарали йўлга қўйиш керак. Психология факультетини битирган мутахассисларимизда (ўз ҳудудимиздан келиб чиққан ҳолда) ҳали тажриба етишмайди.
Таклифим:
– савол ичида саволлар миқдорини камайтириш зарур;
– саволларнинг мураккаблик даражасини бироз енгиллатиш керак;
– тест тузишнинг янги усулларидан фойдаланиш лозим;
– саволлар даражасига қараб балл белгилаш маъқул: В1 даражадаги саволларга 1,1 балл, В2 даражадаги саволларга 2,1 балл, С1 даражадаги саволлар учун 3,1 балл берилса, абитуриентларнинг билимига ҳаққоний баҳо берилган бўларди.
— Она тили ва адабиёти фани нуфузини ошириш учун олий ўқув юртларига киришда иншо ёзишни қайта жорий этиш зарурлигини маъқуллайдилар. Абитуриентнинг саводхонлиги, она тили қоидаларини қай даражада ўргангани ёзган иншосида яққол билинади. Бизнингча, бу ўзини оқлайдиган тажрибалардан.
М. МИРТОЖИЕВ: — Менингча, имтиҳонда биринчи ўринда иншони қўйиш керак. Иншо босқичидан ўтганларгина ке¬йинги синовда иштирок этсин. Шунда сараловчиларга ҳам қулай бўлади. Иншо боланинг тилни амалда қанчалик билишини, қўллай олишини яққол кўрсатади. Шифокор бўладими, физик бўладими ёки бошқа соҳа вакилими – ҳаммасига ўзбек тилидан имтиҳон қилинаётганда, албатта, иншо бўлиши керак. Тилни билиш иншода кўринади.
Ғ.ЗИКРИЛЛАЕВ: — Олий ўқув юртига киришда тестдан воз кечиб иншо ёзишни қайта жорий этиш холисоналик(объективлик)ни таъминлайдиган омилдан юз буриб, нохолислик(субъективлик)ни оширадиган омилни маъқуллаш демакдир. Бунда абитуриентга нисбатан адолатсизлик қилган бўлмаймизми? Модомики, иншо ўқувчи (абитуриент) саводхонлигини оширар экан, мактабнинг ўқув дастурида диктант, баён билан бирга иншо ёзишга ҳам кўпроқ вақт (соат) белгилаб қўйилиши керак.
Б.МЕНГЛИЕВ: — Иншо жуда ҳам зарур. Аммо уни олишни тўғри ташкил этиш бўйича бошқача фикрим бор. Назаримда, кириш синовларини адолатли ташкил этиш учун энг қулай йўл – биринчи босқичда тест ўтказилиши, иккинчи босқичда иншо олиниши. Бунда:
1) биринчи босқичда олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топширган барча абитуриентлар анъанавий тарзда тест синовидан ўтадилар;
2) иккинчи босқич иншо имтиҳонини эса биринчи босқич натижалари маълум бўлгандан кейин юқори балл олганлар топширади.
Бунинг бир неча афзал томонлари бор:
биринчидан, тестдан сўнг иккинчи босқич ҳам бўлишини билган абитуриент ҳар қандай алдовга учмайди, чунки адолатга халал берувчи фирибгарлар иккинчи босқич учун кафолат бермайди;
иккинчидан, бундай шароит имтиҳоннинг кейинги босқичига фақат иқтидорли абитуриентларгина ўтишини таъминлайди, натижада иккинчи босқичда тўла маънодаги соғлом рақобат вужудга келади;
учинчидан, иккинчи босқичда абитуриентлар сони кам бўлганлиги сабабли жараённи назорат қилиш жуда осон кечади. Яъни, бир ўқув юрти абитуриентларининг барчасини биттагина бинода қамраб олиш мумкин бўлади.
Ш.ТЎРАЕВ: — Ўқувчилар билимини синашнинг тест усули жорий этилган пайт¬лари “тестларни бошқа фанларга жорий қилса бўлар, аммо адабиёт фанининг хусусиятидан келиб чиқадиган бўлсак, уни бу фанга қўллаб бўлмайди” деган мулоҳазалар туғилган эди. Инсон руҳиятини камолотга етказувчи восита сифатида адабиёт маълумотга эмас, ҳиссиётга таянади. Ҳиссиётни эса тест орқали ифодалаб бўлмайди. “Нидо” достонининг моҳиятини англаган ўқувчининг “Ушбу достондаги почтачи ким?” деган саволга жавоб беролмай қолиши билан уни билмайдиган чиқариш ёки, аксинча, Жуман почтачи номини билиш билан асар моҳиятини англади, деган хулосага келиш адолатдан эмас. Олий ўқув юртларига киришда иншо ёзишни қайта жорий этиш зарур, аммо уни текшириш субъектив муносабатга тая¬нишини ҳисобга олсак, очиқ-ошкоралиги масаласида мураккаблик туғилмаслигини пухта ўйлаб кўрмоқ лозим. Шунинг учун иншо олишни ташкил этиш масаласида профессор Бахтиёр Менглиев билан ҳамфикрман.
Д.БЕРДИЕВА: — Ёд олиш қобилияти у қадар кучли бўлмай, ёзма саводхонлиги, фикрлаши, бадиий салоҳияти яхши бўлган абитуриентлар ҳам талай. ОТМларга қабул қилишда блокига қараб, масалан, она тили ва адабиёт фани 1-, 2-фан бўлган олий мактабларга иншо, қолган олий ўқув юртларига, ҳеч бўлмаганда, диктант олинишини истардим. Чунки у қайси соҳа эгаси бўлмасин, эплаб битта ариза ёки бошқа иш қоғозини ёза олмаса, ўз она тилида равон сўзлай олмаса, бундай кадрни қанақасига “олий маълумотли” де¬йиш мумкин? Яна, ёзма ишлар ҳам адолатли текширилса, нур устига нур, агар тескариси бўлса…
Тўғри, мустақил фикрлар билан ёзилган иншодан кўра дарсликдаги асосига қараб тестни текшириш осонроқ. Аммо биз ёзма ишларни очиқ тарзда ўтказиб, ҳақиқий иқтидорли, фикрлаш қобилияти тиниқ, ёзма нутқи намунали (ёзма нутқ орқали оғзаки нутқни ҳам тасаввур қилиш мумкин) абитуриентларни саралаб олсак, ёшларимизга яна бадиий асар ўқишдек завқли дақиқаларни ҳадя этган бўлар эдик. Ҳар йили ОТМларга имтиҳон олдидан тест¬лар тузиладиган дарсликлар рўйхати сайт¬ларда эълон қилинади. Таклифим: агар блокига қараб юқоридаги рўйхатда адабиёт дарсликларига парчалари киритилган бадиий асарларнинг номлари берилса ва шу асарлардан суҳбат бўлиши таъкидланса, фойдадан холи бўлмасди. Кимдир бу қийин ҳолат, абитуриентлар кўп бўлса, уларнинг қайси биридан суҳбат олинади, бунга неча кунлар керак, деб эътироз билдириши мумкин. Бунда, ҳатто, ҳужжат қабул қилишда ҳам маълум синов бўлиши мумкин. Шундай қилинсинки, мактабни тугатганига беш-олти йил бўлиб, ўқимай юрганлар ҳужжат ҳам топшира олмасин.
Ш.ТОШМИРЗАЕВА: — Она тили ва адабиёт фанининг нуфузини ошириш учун олий ўқув юртига киришда иншо ёзишни жорий қилиш керак, деган фикрда жон бор. Иншо ўқувчининг саводхонлиги, фикр¬лаш кўламини белгилаб беради(иншо куни ўқувчи мобил алоқа воситаси, интернетдан фойдалана олмаса, кўчирмаса, албатта). Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бу иншоларни текширувчи шунча мутахассисни қаердан топамиз? Ҳозирги кунда она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг неча фоизи иншони “4” ва “5” баҳога ёзар экан? Аввал ўқитувчиларнинг саводхонлигини ошириш лозиммикан?
Малака ошириш курсларида она тили ўқитувчилари педагогика, психология, ҳуқуқ, миллий истиқлол ғояси, инглиз тили каби қатор ўқув предметларидан бир тутамдан билим оладилару, асосий бурчлари бўлган саводхонликдан – имловий, ишоравий, услубий саводхонликдан билимлари ҳаминқадарлигича қолаверади. Услубий хатонинг имло хатосидан фарқи нимадалигини ажрата олишмайди. Шундай экан, абитуриентни баҳолашнинг имконияти чекланиб қолмайдими?
Ўқитувчилар саводхонлигини текширишнинг энг яхши йўли, назаримизда, малака ошириш курсларида имло қоидаларининг моддаларини ёдлатиш ва саводхонлик бўйича имтиҳонлар жорий этишдир.
Бугун “Ma’rifat” кўтарган масалалар – она тили таълимидаги энг долзарб масалалар. Муаммога ечим қидирила бошладими, шунинг ўзи ечимнинг ярмидир. Бу соҳада жонбозлик кўрсатадиган мутахассисларнинг кўпайишини истар эдик.
С.АБДУРАҲМОНОВА: — Албатта, иншо ёзишни қайта жорий этиш жуда зарур. Боланинг ҳақиқий билими: саводхонлиги, билим даражаси, фикрлаш доираси ва ҳуснихати иншода намоён бўлади. Кириш имтиҳонлари фақат тест усулида бўлаётганлиги сабабли ўқувчиларнинг саводхонлик даражаси ўта пасайиб кетди, мантиқий фикрлаши, гапни тўғри туза олиш кўникмалари деярли ривожланмаяпти, бола эркин, мустақил фикр юрита олмаяпти. Иншога тайёргарлик жараёнида ўқувчининг саводхонлик даражаси юксалади, ёшларга, ўз-ўзидан, бадиий китобларни кўпроқ ўқитишга эришамиз, натижада маънавияти бой, ўзимиз орзу қилган инсон бўлиб вояга етади. Фақат битта муаммо: иншолар ошкора, холис текширилармикан?
ТАҲРИРИЯТДАН:
Ҳурматли газетхон!
Соҳа мутахассисларининг миллат маънавияти ва ёш авлод камолига бевосита таъсир этувчи она тили таълими масаласига оид мулоҳазалари билан танишдингиз. Албатта, бу қарашларни хулоса дейишдан йироқмиз. Фикр фикрга туртки, дейишади. Мутолаа давомида Сизда ҳам таклиф ва мулоҳазалар туғилган бўлса, марҳамат, бизга йўлланг!
Давра суҳбатини Ҳусан КАРВОНЛИ ва Дилмурод ДЎСТ ёзиб олди.