Чет тили фақат инглиз тили эмас!
Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида чет тили таълимини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида асосан инглиз тилини ўқитишга катта эътибор қаратилди. Натижада рус тили ва бошқа тилларни ўқитиш иккинчи даражали масалага айланиб қолди. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда мактаб битирувчилари 4 та чет тилини билади.
Ижтимоий тармоқларда немис ва француз тили ўқитувчилари билан гаплашиб, уларни қийнаётган муаммо нақадар оғриқли эканига, бу миллат дардига айланаётганига амин бўлдим.
Чунки бугун аксар мактабларда немис ва француз тиллари ўқитилмаяпти ёки ўқитиш даражаси пасайиб, мавқеи тушиб кетди. Мисол учун, туманимизда 65 та мактаб бўлса, шундан атиги биттасида немис тили ўқитилади. Француз тилини ўқитиш ҳам шу алфозда.
Муаммонинг сабабларини ўрганиш жараёнида “Жаҳонда немис ва француз тилларининг мавқеи қандай?”, деган саволга жавоб изладим. Маълумотларга кўра, дунё бўйича инглиз тилида 600 миллион, рус тилида 260 миллион, француз тилида эса 150 миллион, немис тилида 130 миллион киши сўзлашар экан. Демак, бу тўрт тилнинг ҳам аҳамияти катта. Мутахассислар француз тилини энг чиройли ва ёқимли, немис тилини ўрганиш ва қўллаш жуда осон, дея таърифлашади.
Шундай экан, немис ва француз тилини ўқитиш нега сусайиб кетди?
Асосий муаммо кадрлар етишмаслигида. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ва Ўзбекистон Миллий университетлари, вилоятлардаги университетларнинг немис ва француз тили факультетларини ҳар йили кўплаб ёшлар тамомлаяпти (мактабларда меҳнат қилиб келаётган мутахассислар ҳам бор). Аммо бу тиллар бўйича олий ўқув юртини тамомлаб келган мутахассисга дарс йўқ. Гарчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1875-сонли қарори “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” бўлса-да, мутасаддиларнинг “ташаббуси” билан аксарият мактаблар фақат инглиз тилига ихтисослаштирилди. Кўп директорлар бу ҳужжатни фақат инглиз тилига тааллуқли деб ўйлайди. Табиийки, бунинг натижасида немис ва француз тили ўқитувчилари ишсиз қолди ёки мутахассислигини ўзгартиришга мажбур бўлди.
Мактаб мутасаддилари ота-оналар боласи инглиз тилини ўқишини хоҳлаётганини рўкач қилишади. Уларнинг тушунчаси бўйича, агар мактабда инглиз тили ўргатилмаса, ота-оналар боласини бошқа мактабга олиб кетармиш. Аҳвол шу даражага келдики, мактабда инглиз тили мутахассиси бўлмаса-да, инглиз тили синфлари очилди.
Масалан, Вобкент туманилик немис тили фани ўқитувчисининг маълум қилишича, у ишлайдиган мактабда 2017-2018 ўқув йилидан 1-синфларга фақат инглиз тилини ўргатиш режалаштирилган. Лекин кадр йўқлиги учун 1-2-чоракда дарс умуман ўтилмаган. Ўқитувчи ва ота-оналарнинг юқори ташкилотларга мурожаати ҳам натижа бермагач, немис тили фани ўқитувчиси инглиз тилини қўшиб ўтган. Тушунарсиз ҳолат, инглиз тилини бундай ўқитиш кимга керак? Жамият бундан қандай манфаат кўради? Энг қизиғи, бу мактабда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танловининг ғолиби, икки марта Германияда малака ошириб қайтган мутахассис ишлайди.
Бундай малакали ўқитувчилар нима учун ўзини камситилган ҳис қилиши лозим?! Тўрт йил олий ўқув юртида немис ёки француз тилини не-не умидлар билан ўрганган ёш кадр ё таржимонликка ўтиб кетяпти, ё қайта тайёрлов орқали инглиз тили ўқитувчисига айланмоқда. Ёки бўлмаса, Германия ёки Францияга иш излаб кетиб қолмоқда.
Қизиқ парадокс: мактабда иш йўқ, лекин олий ўқув юртида немис ва француз тилларидан мутахассислар тайёрлаш давом этяпти. Ундан кўра, бу факультетлар ёпилиб, ўрнига инглиз тили факультетлари очилса, талабалар 4 йил ўқиб овора бўлмасди!
Қайта тайёрлов курсида ўқиш муддати 4 ой. Шу қисқа вақтда олинган билимни олий ўқув юртида 4 йил ўқиган инглиз тили ўқитувчисининг билими билан тенглаштириб бўлмайди. Ўзи севиб танлаган соҳасини ишсиз қолмаслик учун мажбуран ўзгартираётган немис ёки француз тили ўқитувчиларининг ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилиш керак-ку!
Яна бир томони бу кадрлар қисқа муддатда қай даражадаги ва савиядаги инглиз тили ўқитувчиси бўлиши ҳеч кимнинг парвойига келмайди. Муҳими, уларда “сертификат” бор. Бу билан кимни алдаяпмиз, давлатни, ота-оналарни ёки болаларними?!
Кўпчиликнинг миясида чет тили — инглиз тили, деган нотўғри тушунча ўрнашиб қолганидан, ота-оналар институтга фақат инглиз тилидан имтиҳон топширилади, деб ўйлайди.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари — радио-телевидение, газета-журналлар фақат инглиз тилини тарғиб қилади. Масалан, “Ёшлар” телеканали “General English”, “Болажон” телеканали “ABC Kids”, “Қувноқ Aлифбо”, “We learn English” каби кўрсатувларни эфирга узатади.
Бир пайтлар “Ўзбекистон” телеканалида “Nous apprenons le Francais” (Француз тилини ўрганамиз) номли теледастур намойиш қилинганини кўпчилик эсласа керак. Наҳотки бугун ҳам шунга ўхшаш дастурларни эфирга узатишнинг иложи йўқ?!
Юртимизда немис ва француз тилини ўрганиш унчалик шарт эмас, дегувчилар қуйидаги статистик маълумотларга эътибор қаратиши лозим: Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сони бўйича французлар 1-, немислар 2- (баъзан) ўринда экан. Демак, яқин йилларда француз ва немис тилларидан гид ҳамда таржимонлар етишмай қолиши мумкин.
Яна бир жиҳати, юртимизда француз ва немис ҳамкорлар билан кўплаб қўшма корхоналар очилган, ушбу корхоналар учун ҳам таржимонлар ўзимиздан етишиб чиқиши шарт. Чунки музокараларда таржимоннинг ўзингизники бўлиши катта ютуқ эканини тадбиркорлар жуда яхши билади.
Мамлакатимизда ҳар икки тилни ўрганиш учун янада яхши имкониятлар бор. Мисол учун, немис ва француз тилларини оммалаштиришда Германия ва Франция давлатлари доимо моддий томондан қўллаб-қувватлайди. Бундан унумли фойдаланиб, фан ўқитувчилари ва ёшларимизнинг билимини ошириб боришимиз лозим.
Муаммони бартараф этиш учун, аввало, мактаб ўқув дастурига инглиз ва рус тили билан бирга немис ёки француз тилларини ҳам қўшиш лозим. Шунда ўқувчилар ва ота-оналарда қайси тилни танласам экан, деган муаммо пайдо бўлмайди.
Шу йўналишни тамомлаб келган ёш кадрлар ҳам директорнинг қош-қовоғига қарашга, қайта тайёрловдан ўтишга мажбур бўлмайди.
Ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида бир неча тилни ўрганишнинг фойдалари тўғрисида тарғибот олиб бориш лозим. Тил билиш дунё билишдир. Бир тилни билдингизми, истайсизми, йўқми, ўша давлатнинг урф-одати, ижтимоий ҳаётини ўрганасиз, дунёқарашингиз кенгаяди. Биз буни уддалай оламиз, тил ўрганишга ўқувчиларимизнинг иштиёқи кучли, фақат уларнинг тил ўрганиш ҳаракатини қўллаб-қувватлаш керак.
Исроилжон ТИЛЛАБОЕВ
Ўзбекистон тумани