Янги китоб тақдимоти
Пойтахтимиздаги «Wyndham» меҳмонхонасида “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, академик Аҳмадали Асқаровнинг “История происхождения узбекского народа” (“Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи”) китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ ташаббуси билан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкил этилди.
Тадбирда олимлар, ёзувчилар, илмий тадқиқотчилар ва журналистлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар китобнинг мазмуни, аҳамияти ва илмий янгилиги ҳақида гапирди. Жумладан, тарихчи олим Мирсодиқ Исҳоқов “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи муаммоси мавжуд анъанавий тасаввурлар асосида эмас, балки бирламчи манбаларга янгича қарашлар, тарихий тизимлилик, холисона илмий таҳлил ва объектив ёндашувлар асосида ёритишни талаб этарди. Шу боис, академик Аҳмадали Асқаров асарда ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтасини қарийб 1,5—2 минг йилга қадимлаштирди ва ўзбек халқининг тарихий илдизлари ҳақида китобхонга илмий асосланган маълумотлар берди”, — деди ўз маърузасида.
Айтиш жоизки, китоб муаллифи мавзу устида 35—40 йилдан бери изланиш олиб борди. Ушбу фундаментал асар ўзбек халқининг яқин 4 минг йиллик этногенез ва этник ҳамда миллат тарихини ўз ичига олган.
Китоб “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр қилинган. Тадбир ташкилотчилари берган маълумотларга кўра, айни кунларда китобнинг инглиз ва хитой тилига таржимаси устида иш олиб борилмоқда.
Гўзал ФАЙЗИЕВА