Карантин объектларидан хабардормисиз?
Жамиятда соғлом экологик муҳитни таъминлашда ўсимликлар карантини соҳасида амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 мартдаги «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига асосан карантиндаги зарарли организмларнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда айни пайтда 10 та, шундан 9 та карантин объектлари Тошкент шаҳрида ҳудудида учратиш мумкин. Булар учта бегона ўтлар (зарпечак, девпечак, пушти ранг какра) 6 та ҳашорат (цитрус инли куя, цитрус оқ қаноти, шарқ мевахўри, калифорния қалқондори, камсток қурти, калорадо қўнғизи). Ушбу зараркунандалар карантинга олинган ва улардан ҳимояланиш бўйича ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциялари турли чора-тадбирларни амалга ошириб келяпти.
Бу борада Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси томонидан хавфли зараркунандалар, ўсимликлар касаллиги, бегона ўтлардан ҳудудларни ҳимоя қилиш, ички ва ташқи ўсимликлар карантини бўйича самарали ишлар бажариляпти. Жумладан, инспекция томонидан таълим муассасаларида ўқувчиларга ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалари, зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш ҳақида маълумот бериш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Тошкент шаҳар ҳудудида ўсимликлар клиникалари ташкил этилмоқда. Мазкур клиникалар ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатади. Бундай хизматларни республикамиздаги барча ҳудудларда ташкил этиш бўйича турли чора-тадбирлар белгиланган.
Мадина БАКИЕВА, Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси агроном-инспектори